АКТнинг жамият равнақидаги ўрни
  • 24 Сентябрь 2014

АКТнинг жамият равнақидаги ўрни

Аввал хабар қилганимиздек, шу кунларда республикамизда “InfoCOM — 2014” — ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ҳафталиги давом этмоқда. Кеча пойтахтимиздаги Халқаро бизнес марказида ушбу тадбир доирасида АКТ бўйича саммит бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мазкур нуфузли анжуманга ахборот технологиялари соҳасида фаолият кўрсатувчи маҳаллий ва хорижлик мутахассислар, шунингдек, халқаро экспертларнинг  қизиқиши тобора ортиб бормоқда. Чунки бу ерда жаҳон ахборот-коммуникация технологиялари бозорининг ҳозирги аҳволи, ушбу соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, янгиликлар, умуман, бугунги ахборотлашув жараёнининг ўзига хос жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинади. Шу билан бирга, мазкур тадбир унда қатнашувчи компания ва ташкилотларга ҳам янгидан-янги ишончли ҳамкорлар орттириш имконини бермоқда.
Анжуманда мамлакатимиздан ташқари, АҚШ, Корея Республикаси, Эстония, Беларусь, Голландия, Чехия ва бошқа бир қатор давлатлардан жами 600 нафарга яқин вакиллар қатнашди. Шунингдек, бу йилги Саммитда LG, Microsoft, SAP, Softline International каби соҳанинг етакчи компаниялари ҳудудий раҳбарлари, БМТнинг электрон ҳукуматни жорий қилиш бўйича мутахассислари, Жанубий Кореянинг Интернет хавфсизлиги бўйича  агентлиги — KISA сингари нуфузли ташкилотлар раҳбарлари, етакчи мутахассислар иштирок этмоқда.
— Ўзбекистон ва Корея Республикасининг АКТ соҳасидаги ҳамкорлигидан икки давлат вакиллари бирдек манфаатдордир, — дейди биз билан суҳбатда Корея Республикасининг LG CNS президенти Ким Дэ Хун. — Чунки бу борадаги алоқалар соҳа мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашишлари, биргаликда янги ишланмаларни ҳаётга татбиқ қилишлари, қисқача айтганда, тараққиётнинг юксак марраларини забт этишлари учун хизмат қилади.
Саммит иш кунида Ўзбекистонда ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ва бунинг натижасида эришилаётган ютуқлар иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Жумладан, анжуманда таъкидланганидек, айни пайтда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган қатор ҳужжатлар ва улар ижросини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу соҳани тараққий топтириш учун кўрилаётган чора-тадбирлар юртимиз иқтисодиётининг юксалишида, аҳоли турмуши ва меҳнат фаолиятини техник қурилмалар ва хизматларнинг энг замонавий турлари билан жиҳозлашда, жаҳонда кечаётган жараёнларга республикамизнинг муваффақиятли интеграциялашувида телекоммуникациялар, компьютер ва ахборот технологияларининг ролини ошириш имконини бериши айтиб ўтилди.
Бу йилги саммитда учта асосий йўналиш бўйича маърузалар тақдим этилди. Булар “Давлат секторида АКТ”, “Бизнесда АКТ” ҳамда “Интернет ва ахборот ресурслари” мавзуларидан иборат бўлди. Унинг доирасида электрон тижорат, ахборот хавфсизлиги, инфратузилмани ривожлантириш, интернет таълими каби масалалар муҳокама қилинди.
Айтиш жоизки, мазкур саммитда, шунингдек, Ўзбекистонда АКТ соҳасида қонунчиликни такомиллаштириш, электрон ҳужжат алмашиниш тизимларини ривожлантириш, стандартлаш, эркин ва очиқ дастурий таъминот технологияларини тараққий эттиришга оид кўплаб масалаларга ҳам эътибор қаратилди. Тадбир якунида иштирокчилар томонидан саммит резолюцияси қабул қилинди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn