«MIT.UZ» — холис ахборот муҳити сари
Версия для печати
  • 24 Сентябрь 2014

«MIT.UZ» — холис ахборот муҳити сари

Кеча “Туркистон” саройида “MIT.uz” миллий интернет танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, танлов ғолиблари, олий ўқув юртлари талаба-ёшлари, фаол, ташаббускор, АКТ соҳасида катта ютуқ ҳамда натижаларни қўлга киритган йигит-қизлар қатнашди.
Президентимизнинг шу йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур миллий интернет танлови глобаллашув шароитида ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоялаш, замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ошириш ҳамда юртимиздаги ислоҳотларни интернет тармоғида кенг ёритишда ёш авлод иштирокини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Маросимда таъкидланганидек, “MIT.uz” танлови мамлакатимизда ижобий мазмундаги сифатли интернет-ресурсларини яратиш, оммалаштириш, таълим-тарбияга хизмат қилувчи, ахборот маданияти ва  хавфсиз интернет муҳитига эга ахборотлашган жамиятни шакллантиришга ҳисса қўшиш, иқтидорли  ёшларни рағбатлантириш, навқирон веб-дизайнер ҳамда дастурчиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг кейинги фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш, интернетнинг ёшлар учун мўлжалланган сегментини кенгайтириш ҳамда ривожлантиришга қаратилган.
 — Ушбу танловни ёшлар орасида кенг оммалаштириш мақсадида “Камолот” ЁИҲ томонидан бир қатор тадбирлар амалга оширилди, — дейди мазкур ташкилот раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. — Жумладан, 50 дан ортиқ олий таълим муассасаларида дастурчилар, веб-дизайнерлар, интернет сайтлари муаллифлари, тармоқ администраторлари иштирокида давра суҳбатлари ташкил этилди.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан жойларда ўтказилган ёшлар фестиваллари доирасида “Биз соғлом ахборот муҳити тарафдоримиз!” шиори остидаги миллий интернет танловининг 200 га яқин тарғибот акцияларида йигит-қизлар фаол қатнашгани бизни қувонтиради.
Танловда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган мингдан зиёд навқирон авлод вакиллари иштирок этди. “UZ” домени веб-ресурсларидан ташқари, хорижий доменларда жойлаштирилган сайтлар ҳам намойиш қилинди.
Тақдим этилган ижодий ишларнинг 300 га яқини веб-сайтлардир. Эътиборга молик жиҳати шундаки, уларнинг 80 фоизи олий таълим муассасалари талабалари томонидан яратилган бўлиб, веб-ишланма ва дастурий таъминотларнинг 60 фоизидан зиёдини жорий йилда ишга туширилган сайтлар ташкил этди.
Миллий интернет танловида ижодий ишларнинг энг яхшилари ўнта асосий ҳамда тўртта қўшимча номинация бўйича танлаб олинди. Жумладан, “Ўзбекистоннинг бой маданияти, санъати, тарихи ва мустақиллик ғоясини акс эттирадиган энг яхши сайт”, “Маҳалла, қишлоқ ва шаҳарнинг энг яхши фотосурати”, “Ўзбек мумтоз шеърияти ва адабиётини тарғиб қилувчи ва ёшлар иштирокида тайёрланган энг яхши ролик”, “Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сайёҳлик салоҳиятини акс эттирувчи энг яхши сайт”, “Энг яхши янгиликлар сайти”, “Фойдаланувчилар фикри бўйича энг яхши сайт” ва бошқа номинациялар бўйича совриндорлар аниқланди.
Тадбирда танлов совриндорларининг сайтлари соҳавий йўналишидан келиб чиқиб, тегишли давлат ташкилотларига бириктирилган ҳолда қўллаб-қувватланиши ва ривожлантирилиши белгиланди.
Шунингдек, тақдирлаш маросимида танловнинг фото йўналиши иштирокчилари ҳамда ғолибларининг юзга яқин энг сара ижодий ишлари, ёш дастурчиларнинг энг яхши веб-ишланма ва дастурий таъминотлари кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир якунида миллий интернет танлови ғолибларига диплом ҳамда совғалар топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn