Бозорлар — фаровонлик кўзгуси
  • 24 Сентябрь 2014

Бозорлар — фаровонлик кўзгуси

Кейинги йилларда мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли бозорларимиз ҳам ўзгача қиёфа касб этиб, уларда аҳолига хизмат кўрсатиш сифати тобора яхшиланмоқда. Бунда Президентимизнинг “Бозорларнинг фаолиятини ташкил этишни ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, айниқса, муҳим дастуриламал вазифасини ўтамоқда.

Дарҳақиқат, ҳозирги кунда юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини акс эттирувчи ўзига хос ижтимоий-иқтисодий марказ ҳисобланмиш бозорлар фаолиятини яхшилаш, уларда нарх-навонинг асоссиз оширилишини олдини олиш, сифатли маҳсулотлар билан савдо қилинишини таъминлашга катта эътибор қаратилмоқда. Замонавий услубда қурилган бозорларда сотувчию харидорлар учун барча шарт-шароит яратилиб, улар нафақат аҳолига хизмат кўрсатиши, балки озодалиги ва кўркамлиги билан ҳам кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.
Маълумки, бир неча йиллардан буён Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда пойтахтимиз бозорлари ўртасида “Энг намунали деҳқон бозори” кўрик-танловини ўтказиб келмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад эса бозорларда сотувчи ва харидорларга қулайликлар яратиш, ўзаро муносабатларни яхшилаш, муомала маданиятини юксалтириш, тозаликка риоя қилиш каби жараёнлар устидан жамоат назоратини ўрнатишдир.
Кеча жорий йилги кўрик-танлов сарҳисобига  бағишланган тадбирда сўз олганлар ҳам мазкур танлов аҳоли турмушини янада яхшилаш баробарида, ҳудудлар ободлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётганлигини таъкидлашди.
Бу йил ишчи гуруҳи томонидан “Тошбозорсавдо” уюшмаси тасарруфидаги 20 та бозор фаолияти ўрганилди. Бунда асосий эътибор сотувчиларнинг кийиниш ва муомала маданияти, радиоузель фаолиятининг ташкил этилиши, бозорлар расталарининг санитар-гигиеник ҳолати, умуман, ободонлаштириш ишларига қаратилди.  
Якунда эса “Авиасозлар деҳқон бозори”, “Қорақамиш деҳқон бозори”, “Аския деҳқон бозори”  акциядорлик жамиятлари мос равишда биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларга муносиб кўрилди.
— Айни пайтда бозоримизда  икки минг икки юзта савдо ўрни мавжуд, — дейди “Авиасозлар деҳқон бозори” акциядорлик жамияти раиси Алишер Қодиров. — Айниқса, “Элга хизмат” МЧЖ томонидан кўрсатилаётган хизматлардан аҳоли жуда мамнун. Чунки бу ерда терминал, касса аппаратлари ўрнатилган, нархлар эса чўнтакбоп. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан шуғулланувчи учта секторимиз ҳам харидорларга қулайлик яратаяпти. Уларни узлуксиз равишда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда Тошкент ҳамда Бухоро вилоятларидаги бир қанча фермерлар билан ҳамкорлик ўрнатганимиз айни муддао бўлаётир. 
Тадбир якунида ғолибларга ташкилотчиларнинг  диплом ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова иштирок этди.

Дилшод УЛУўМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn