Анжуманга ҳозирлик
  • 24 Сентябрь 2014

Анжуманга ҳозирлик

Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 1-3 октябрь кунлари Самарқандда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтади. Айни пайтда мазкур халқаро анжуманга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.

Куни кеча кўҳна ва навқирон шаҳарда ушбу нуфузли тадбирга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
“Ўзбектуризм” Миллий компанияси Самарқанд минтақавий бўлими мутасаддиларининг таъкидлашича, кейинги йилларда вилоятда туризм соҳаси ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Хусусан, ҳудудда истиқлолнинг дастлабки йилларида бор-йўғи 2-3 та меҳмонхона фаолият юритган бўлса, айни пайтга келиб уларнинг сони қарийб
90 тага етди. Ўз навбатида, 70 га яқин сайёҳлик фирмаси ташкил этилди. Ҳозирги кунда мазкур фирмалар вакиллари Лондон, Берлин, Мадрид, Милан, Токио, Шанхай, Сеул каби дунёнинг йирик шаҳарларида ўтказилаётган халқаро ярмаркаларда фаол қатнашиб, мамлакатимиз, чунончи, боқий шаҳарга хорижий сайёҳларни жалб қилишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Матбуот анжуманида БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясига тайёргарлик бўйича ташкилий қўмита, мувофиқлаштирувчи штаб ва 11 кичик гуруҳ ҳамда “Ориент Стар кўк” меҳмонхонасида Матбуот хизмати штаби тузилгани маълум қилинди. Сессия мажлиси бўлиб ўтадиган Форумлар мажмуаси БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти кўрсатмалари асосида тадбир учун шай ҳолатга келтирилганлиги билдирилди. Бундан ташқари, Пленар йиғилиши ўтадиган залга иштирокчилар ва таржимонлар учун зарур жиҳозлар ўрнатилган. Меҳмонлар ташриф буюриши кутилаётган тарихий обидалар, диққатга сазовор масканлар ҳамда таълим муассасалари рўйхати белгилаб олинган. Шунингдек, Самарқанд давлат чет тиллар институти профессор-ўқитувчилари ҳамда юқори курс талабаларидан иборат гид-экскурсоводлар ва таржимонлар гуруҳи ҳам шакллантирилган.
Маълумотларга кўра, айни пайтга қадар Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси ишида 30 дан ортиқ мамлакатдан 120 нафарга яқин сайёҳлик индустрияси вакиллари қатнашиши аниқ бўлган. Уларнинг 43 нафари Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашига аъзо мамлакатлар, 16 нафари эса кенгашга аъзо бўлмаган давлатлар вакиллари ҳисобланади.    
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn