Эзгу орзулар қанотида
  • 24 Сентябрь 2014

Эзгу орзулар қанотида

Республикамизда навқирон авлод манфаатлари йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳар бир йигит-қизнинг эзгу орзу-умидлари, интилиш ва изланишлари рўёбига хизмат қилмоқда.

Юксак эътибор ҳамда ғамхўрлик тафтидан баҳра олиб, камолга етаётган ёшларимиз бугун дадиллик билан дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигини исбот этаётир. Бинобарин, Президентимизнинг давлатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидланганидек, бошлаган ишларимизнинг давомчилари бўлмиш азиз фарзандларимизни ўз фикрига, ўз қарашларига эга, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, эртанги кунимизнинг масъулиятини ўз зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги давр талаб қиладиган соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш масаласига ўз вақтида устувор аҳамият қаратилгани ҳамда бу умуммиллий даражага кўтарилгани энг тўғри, узоқни кўзлаган, ҳаётда ўзини тўла оқлаган тарихий қадам бўлди.
Дарҳақиқат, юртимизда келажагимиз ворисларига яратилган  имкониятларнинг қиёси йўқ. Буни жисмоний имконияти чекланган ёшлар орасида истеъдоди, маҳорати, қолаверса, қатъияти билан салмоқли ютуқларга эришаётган чинакам ирода эгалари мисолида ҳам кўриш мумкин. Ана шу ёшлар билан суҳбатлашсангиз, улардаги кўтаринки кайфиятдан кўнглингиз янада ёришади.
Тошкент шаҳар ногирон аёллар ва болалар маънавият ва маърифат марказида ҳунар ўрганиб, яратилган имкониятлардан фойдаланиб, мустақил ҳаётда ва жамиятда ўз ўрнини топишга ҳаракат қилаётган ёшларнинг сафи кенг.
Мазкур марказда фаолият кўрсатаётганимга ўн йилдан ошди. Шу вақт ичида юздан зиёд шогирдларга тикувчилик сирларини ўргатдим. Бугунги кунда улар орасида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб, оиласига ва жамиятга нафи тегаётган йигит-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Муҳими, уларнинг эртанги кунга ишончи баланд, қадди тик, сўзида, кўзида ғайрат, ҳаётида мазмун бор. 
Мана шундай кезларда қалбимдаги миннатдорлик ҳисси бундан-да ортади. Жисмоний имконияти чекланганига қарамай, барча тенгдошлари қаторида ўқиб-изланаётган, касб-ҳунар эгаллаётган, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашаётган ёшлар тимсолида эзгуликни кўраман.

Зуҳра АЛИЕВА,
Тошкент шаҳар ногирон аёллар ва болалар маънавият ва маърифат маркази тикувчилик тўгараги раҳбари,
«Жасорат» медали соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn