Эътибор, эътироф, эҳтиром
  • 20 Сентябрь 2014

Эътибор, эътироф, эҳтиром

Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган байрамда Президентимиз Ислом Каримов “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ҳаётий мулоҳазага алоҳида урғу бердилар.

Дарҳақиқат, айни дамда ҳар бир юртдошимизнинг турмуш тарзи, уларнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларни кузатиб, йиллар давомида босиб ўтган йўлимиз, чиндан ҳам, ҳавас ва ҳайратга арзийди, деб бемалол айта оламиз. Ҳар бир ҳамюртимизнинг тақдирига дахлдор ўзгаришлар туфайли бугун ҳеч кимдан кам бўлмаган шароитларда яшаяпмиз, ишлаяпмиз. Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган тараққиётнинг “ўзбек модели” халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, эътироф этилмоқда.
Бу бежиз эмас. Зеро, биргина таълим соҳасини олайлик, агар Истиқлолдан олдин Ўзбекистонда муҳташам ўқув масканлари қурилади, дейилса, ҳеч ким ишонмас эди. Мустақиллик туфайли етиб бўлмас орзуларимизнинг ҳам рўёбини кўраяпмиз. Бугун нафақат ўқув даргоҳларининг қиёфаси ўзгарди, шу билан бирга, уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, таълим сифати юксалди. Истиқлолдан олдин амалда бўлган таълим-тарбия тизими ўзининг мафкуравий бир ёқламалиги, таълим билан тарбиянинг узвий боғланмагани, ҳар иккисининг замонавий талаблардан кескин ортда қолгани, таълим муассасалари моддий базаси ўта ночорлиги билан ёдимизда қолган эди.
Юқоридаги фикрларни тарихий фактлар билан асосласак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади: 1991 йилгача республикада 8214 та мактаб мавжуд бўлиб, уларнинг 4689 таси — 57 фоизигина лойиҳалаштирилган биноларда жойлашганди. 3525 та мактаб (43 фоизи) мослаштирилган биноларда, улардан 1167 таси, яъни 33 фоизи ўтган асрнинг 40-60-йилларида ҳашар йўли билан пахса ва хом ғиштдан қурилган, мактаб деб аташга тил бормайдиган, бирор бир меъёрга жавоб бермайдиган биноларда фаолият олиб борар эди. Бундан ташқари, ўрнатилган меъёрлар асосида капитал таъмирлашга ҳар 10-12 йилда ажратилиши лозим бўлган маблағлар вақтида ажратилмаслиги оқибатида лойиҳа асосида қурилган мактаблар ҳам нураб бўлганди. Янги мактабларни қуриш эса йиллар давомида пайсалга солиб келинган. Масалан, ўтган асрнинг 80-йиллари давомида бор-йўғи 6372 ўқувчи ўрнига мўлжаллаган 18 та мактаб қурилган, холос.
Шу туфайли Юртбошимиз ташаббуси билан 1991 — 2003 йилларда республикамиз барча ҳудудида 1 млн. 893 минг ўқувчига мўлжалланган умумтаълим мактаблари ҳамда 152,8 минг ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва мавжудларини таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қолаверса, таълим-тарбия соҳасининг мамлакат келажагини барпо этишдаги ғоят муҳим аҳамияти инобатга олиниб, Президентимизнинг 2004 йил 21 майдаги “2004 — 2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури тўғрисида”ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 9 июлдаги “2004 — 2009 йилларда Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур дастур доирасида 2004 — 2009 йилларда республика бўйича 3 млн. ўқувчи ўринли 8501 мактабда қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилди.
Гарчи Давлат дастурига қамраб олинган барча вазифалар ўз вақтида ва ортиғи билан бажарилган бўлса-да, мамлакатимизда умумтаълим мактаблари қурилиши ва обод этилиши билан боғлиқ ишлар мунтазам давом эттирилмоқда. Масалан, ўтган йилнинг ўзида  381 умумтаълим мактаби реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Шунингдек, 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 112 та болалар спорт объекти ва 4 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилиб, уларнинг барчаси зарур ускуна ҳамда инвентарлар билан жиҳозланди. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг хорижий тилларни ўзлаштириш даражасини ошириш мақсадида ўтган ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг биринчи синфидан чет тилларни ўргатишнинг узлуксиз тизими жорий қилинди. Барча умумтаълим муассасаларида чет тилларни ўргатиш бўйича 17 мингдан ортиқ ўқув хоналари ташкил этилди. 1-синф ўқувчилари учун чет тиллар бўйича мультимедиа варианти илова қилинган, 538 мингдан зиёд рангли дарслик чоп этилди. 2 минг нафарга яқин чет тили ўқитувчиси тайёрланди ва уларнинг умумий сони 26 минг кишига етди. Бу эзгу ишларнинг барчаси Юртбошимизнинг “Ўзбекистонда яшаётган миллион-миллион ёшлар — менинг болаларим, менинг фарзандларим!” деган эзгу сўзлари ҳаётда яна бир бор ўз тасдиғини топганига амалий далил бўла олади.
— Ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, таълим тизимига эътибор қаратиш давлатимиз сиёсати даражасига кўтарилди, — дейди пойтахтимизнинг Чилонзор туманига қарашли 90-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Бахтиёр Каримов. — Президентимизнинг бундай ғамхўрлигини теран англаш, ўғил-қизлар қалбида она-Ватанга садоқат туйғуларини шакллантиришда ўқитувчининг ўрни беқиёс. Мен кўп йиллардан буён ўқитувчилик қиламан. Лекин ҳеч қачон ўқитувчи-мураббийларнинг бу қадар эъзозланганига гувоҳ бўлмаганман. Тинч ва осойишта юртда яшаб, бундай юксак эътибордан баҳраманд бўлаётганимиз учун ҳар қанча шукрона айтсак кам. Мустақиллик иншоотлари — замонавий мактаб бинолари, коллеж-лицейларга қараб туриб, гапнинг очиғи, қувончдан бошимиз кўкка етади. Беихтиёр, ўзимнинг болалик даврим ва бугунги авлодга яратиб берилган шарт-шароитни таққослаб, “Мўъжиза-ку булар”, дейман ўзимга ўзим. Нокамтарлик бўлса-да, айтаман: истиқлолимизнинг 23 йиллик шодиёналари арафасида Президентимиз Фармонига биноан “Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси” деган юксак унвонга мушарраф бўлдим. Бундай эъзоз ғайратимга ғайрат, кучимга куч қўшди. Мақсадим, фарзандларимизни истиқлолнинг муҳташам мактаб биноларини асраб-авайлаш, китобни қадрлаш, чин дилдан илм олишга ундамоқликдир. Зеро, ёш авлоднинг комил инсон, эл-юрт корига ярайдиган мутахассислар этиб тарбиялаш биз, ўқитувчи ва мураббийлар учун ҳам қарз, ҳам фарздир.
—    Биз Ўзбекистон фуқаролари эканлигимиздан ҳар қанча фахрлансак арзийди, — дейди Фарғона вилоятининг Бувайда туманидаги 21-умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Муқаддасхон Аҳмадалиева. — Чунки бугун яхши яшаш, фидойилик кўрсатиб ишлаш учун барча шарт-шароит яратилган. Соҳамиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, кўриб турибмизки, энг олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда ҳам замонавий мактаблар қад ростлаяпти. Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати ҳеч қачон бугунгидек юксак қадрланмаган, эъзозланмаган. Масалан, мен оддий бир қишлоқ ўқитувчисиман. Ишимни яхши кўраман, болажонларни қадрлайман. Ўз устимда тинмай ишлашдан роҳатланаман. Бахтимни қарангки, истиқлолимизнинг йигирма уч йиллиги байрами арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” унвони билан тақдирландим. Бу унвон нафақат менинг, шу билан бирга, барча заҳматкаш ҳамкасбларим меҳнатининг ҳам юксак эътирофидир.
Касбидан бахт топган ҳамюртларимизнинг ифтихори бежиз эмас. Гап шундаки, бугунги шиддат билан ўзгараётган замонда ҳар бир давлатда ҳам ёшларга, уларнинг билим олиши ва келажагига бўлган муносабат ижобий эмас. Қай бир мамлакатда ишсизлик авж олиб, бошқа бирида тинчлик деган улуғ неъматга завол етмоқда. Табиийки, бундай танг вазиятда аҳоли фарзандининг келажаги ҳақида эмас, аввало, уйида тинч ётиб туришни ўйлайди. Бизда эса нафақат ёш авлодга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилмоқда, шу  билан бирга, уларнинг тарбиясига масъул бўлган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати ҳам муносиб қадрланмоқда. Буларнинг бари тинч ва осуда замон шарофатидандир. Бинобарин, давлатимиз раҳбари жорий йилнинг
15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференцияда таъкидлаганидек, тинчлик ва барқарорлик бўлмаса, илм-фан соҳасида ҳеч қандай ўсиш, тараққиёт бўлиши мумкин эмас. Қаерда тинчлик ва барқарорлик бўлсагина илм-фан марказлари, академиялар, олий ўқув юртлари пайдо бўлади. Энг асосийси, таълим-тарбия равнақ топиб, унга қизиқиш, эътибор кучаяди. Тинчлик-барқарорлик бўлган жойдагина одамлар ўқиб-ўрганишни, ҳар томонлама ривожланишни истайди. Одамлар кечаси уйқуга ётиб, эрталаб туришга қўрқмайдиган, эртага уларнинг бошига қандайдир муаммо ёки офатлар келмаслигини билган тақдирдагина шундай бўлади.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.





Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn