АКТ ҳафталиги
  • 20 Сентябрь 2014

АКТ ҳафталиги

олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди

Шу йилнинг 22 — 26 сентябрь кунлари мамлакатимизда “InfoCom — 2014” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги бўлиб ўтади. Шу муносабат билан кеча пойтахтимиздаги Алоқа тарихи музейида мазкур тадбир олдидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Тегишли давлат идоралари вакиллари, ахборот-коммуникация технологияларида фаолият юритувчи корхоналар масъул ходимлари ҳамда журналистлар қатнашган ушбу  тадбирда таъкидланганидек, ўнинчи бор ўтказилаётган ҳафталик мамлакатимизда АКТ соҳасининг жадал ривожланаётгани, ҳаётимизга илғор техника воситалари тез суръатда кириб келаётгани ҳамда айни шу жараёнда мазкур замонавий воситалардан самарали фойдаланаётганимизни яққол намоён қилади.
Ҳафталик Компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш, Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси, Ўзбекистон ахборот технологиялари корхона ва ташкилотлар ассоциацияси томонидан уюштирилмоқда.
Қайд этилишича, “InfoCom — 2014” доирасида бўлиб ўтадиган тадбирларда 20 дан зиёд мамлакатдан ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси ишлаб чиқарувчилари, компания ва экспертларнинг иштирок этиши кутилаётир. Бу галги ҳафталик доирасида ўндан ортиқ тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. “ICTExpo — 2014” миллий ахборот технологиялари кўргазмаси, турли мавзулардаги семинарлар ана шулар жумласидандир.
Ҳафталикнинг биринчи иш куни пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Best Soft Uzbekistan — 2014” кўргазмаси ва форуми иш бошлайди. Унда мамлакатимиз софтвер саноатининг бизнес-ҳамжамиятлар, давлат ҳокимияти ҳамда бошқаруви органлари, аҳоли кенг қатламлари учун мўлжалланган маҳсулотлари намойиш этилади.
Ҳафталик доирасида “UZ” домени миллий интернет фестивали ғолибларини тантанали тақдирлаш тадбири ҳам ўтказилади. Таъкидлаш жоизки, мазкур танловнинг иштирокчилари сони йилдан-йилга ошиб бормоқда. Бу галги фестиваль дастури 10 та мавзуга оид ва иккита махсус номинацияни ўз ичига олади. Жорий йилда 10 та мавзуга доир номинация иштирокчилари учун www.uz миллий қидирув тизимининг махсус мукофотлари киритилган. Ҳар бир мавзуга оид номинация бўйича энг кўп хост тўплаган 10 та сайт танлов ғолиблигини қўлга киритади. Ҳар бир номинацияда биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин эгалари аниқланади, ғолибларга диплом ҳамда мукофотлар топширилади.
Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги халқаро саммитда жаҳон ахборот-коммуникация бозорининг ҳозирги аҳволи, ушбу соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, янгиликлар, умуман, бугунги ахборотлашув жараёнининг ўзига хос жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинади. Саммит қуйидаги учта муҳим йўналишларда ташкил этилади: “Давлат секторида АКТдан фойдаланиш”, “Тадбиркорликда АКТдан фойдаланиш”, “Интернет ва ахборот ресурслари”. Унинг якунида мавзу ҳамда йўналишлар бўйича таклифлар ва Саммит қарори қабул қилинади.
Ҳафталикнинг учинчи куни “Туркистон” саройида ёшлар ўртасида ўтказилган MIT.UZ миллий интернет танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтади.
“ICTExpo — 2014” миллий кўргазмаси бу гал пойтахтимиздан ташқари, Урганч ва Гулистон шаҳарларида ҳам ташкил этилади. Шу сабаб учала кўргазма залларига онлайн-видеокузатув тизими ўрнатилади. Натижада ташриф буюрувчилар бир вақтнинг ўзида ҳам пойтахтдаги, ҳам Навоий ва Термиздаги кўргазма билан танишишлари мумкин.
Таъкидлаш жоизки, “Электрон ҳукумат” тизимига доир технологиялар стенди кўргазмадан ўрин олиши кутилаётган муҳим йўналишлардан биридир. Мазкур йўналиш бўйича иштирок этаётган муассасалар “Электрон ҳукумат”ни жорий қилишда қўлланилаётган истиқболли лойиҳаларини намойиш этадилар.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn