Соғлом фарзанд — оила қувончи
  • 07 Февраль 2014

Соғлом фарзанд — оила қувончи

Ҳаётимиз йил сайин ўзгариб, турмушимиз тобора фаровон бўлиб бораяпти. Халқимиз ҳар жабҳада ҳавас қилса арзигулик ютуқларга эришмоқда.

Юртимиз тинч. Одамларимиз бунёдкорлик ишлари билан банд. Фарзандларимизнинг ўқиши, дам олиши, бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун яратилган шарт-шароитларни кўриб, кўз қувонади. Уларнинг саломатлигини муҳофаза этиш йўлидаги ишларни айтмайсизми?!
Президентимизнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасини тинглаб, ана шулар ҳақида ўйладим. Давлатимиз раҳбари унда барча соҳалар қатори тиббиёт тизимидаги ислоҳотлар ҳақида ҳам атрофлича тўхталдилар. Аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом вояга етказиш борасидаги долзарб юмушлар ҳақида фикр-мулоҳаза юритдилар. Шу мақсадда давлатимиз соҳа моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни изчил давом эттиражагини баён қилдилар. Дарҳақиқат, ҳукуматимиз соғлиқни сақлаш муассасаларини барпо этиш, уларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашни устувор вазифалардан бири, деб билаяпти. Бунинг самараларини вилоятимиз мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Биргина 2013 йилда Бухородаги олтита тиббий муассаса давлатимиз томонидан ажратилган салкам 15 миллиард сўм маблағ эвазига қайта қурилди. 20 та қишлоқ врачлик пункти, 8 та тез ёрдам шохобчаси таъмирланди. Республика шошилинч тиббий ёрдам марказининг Бухоро филиали, туман шошилинч бўлимлари, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят кардиология диспансери сингари қатор муассасаларга халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда энг илғор тиббий жиҳозлар ажратилди.
Бугунги кунда вилоятимизда 1 миллион 700 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилаяпти. 35 минг нафарга яқин олий ва ўрта махсус маълумотга эга тиббиёт ходими улар саломатлиги муҳофазаси билан машғул. Жамғармамиз жамоаси ана шу малакали мутахассислар билан ҳамкорликда аҳоли, айниқса, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида муайян ишларни амалга оширмоқда. Биз яратилган қулайликлардан фойдаланиб, вилоятнинг энг чекка манзиллари саналган Кўкча, Қизилравот, Жонгелди каби аҳоли пунктларида яшовчиларни ҳам  мунтазам тиббий-ижтимоий кўрикдан ўтказаяпмиз. Улардан ўз ёрдамимизни аямаяпмиз.
2014 йилнинг “Соғлом бола йили” деб эълон қилиниши биз, шифокорлар зиммасидаги масъулиятни янада оширди. Негаки, ўғил-қизларнинг соғлом вояга етишлари нафақат оиладаги муҳит, балки тиббий хизмат сифатига ҳам боғлиқ. Болаларимиз соғлом, жисмонан бақувват бўлиб ўсишса, соғлом фикрлашади. Соғлом авлод эса, Президентимиз алоҳида таъкидлаганларидек, юртимиз келажагидир. Биз шу эзгу мақсадлар рўёби йўлида ўз билим ва куч-ғайратимизни аямаймиз.

Мунаввар ИБРАГИМОВА,
«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси Бухоро вилояти минтақавий филиали тиббий-ижтимоий патронаж бригадаси мудири,
«Шуҳрат» медали соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ижод ва эътироф Қисқа сатрларда »