Чексиз ғурур, юксак ифтихор
  • 20 Сентябрь 2014

Чексиз ғурур, юксак ифтихор

Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали маросимдаги табрик сўзида биз, ёшларга қарата жуда катта умид ва ишонч билан “...ҳар қачон сизлар билан учрашганда, сизларнинг ёниб турган кўзларингизни, навқирон қадди-қоматингизни, сизлар эришаётган ютуқларни кузатганда, кўпчилик қатори мен ҳам ўзимда худдики қанот пайдо бўлгандек ҳис этаман”, дедилар.

Бу сўзлар давлатимиз раҳбарининг бизга бўлган беадоқ меҳри ва ғамхўрлигининг яна бир ёрқин нишонаси бўлиб жаранглади.
Ўзим Истиқлол тенгдошиман. Озод ва обод юртда улғайиб, камол топаяпман. Қишлоқ хўжалигига қизиққаним боис Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олдим. Бу ерда ёшларнинг илм олиши, чет тилларни ўрганиши, спорт билан шуғулланишидан тортиб, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароит яратилган. Хусусан, университетимизнинг ўқув бинолари мукаммал таъмирдан чиқарилди. Айниқса, ахборот-кутубхона маркази, фан кабинетлари, ўқув-тажриба лабораториялари, талабалар тураржойларининг кўркам қиёфасини кўриб, кўпчиликнинг ҳаваси келмоқда.
Маълумки, мустақиллик шарофати билан мамлакатимизда қишлоқ хўжалигида иш юритишнинг янги, илғор шакллари жорий этилди. Кечаги қўли қадоқ деҳқон бугун замонанинг энг олди мулкдорига айланди. Ҳозир фермерларимиз эришаётган ютуқларни кўриб, фахрланиб кетаман. Шунда илмий изланишларимга янада зўр бериб, фермернинг недир мушкулини енгиллатишга ҳисса қўшгим келади. Шу мақсадда устозларим кўмагида кўп тармоқли фермер хўжаликларида инновацион бошқарувни ташкил этишга доир илмий иш олиб бораяпман. Мазкур мавзуда бир неча халқаро конференцияларда 20 дан ортиқ илмий мақола ва маърузаларим билан қатнашиб қайтдим. Шубҳасиз, бу изланишларим менинг докторлик илмий ишимда ҳам асосий пойдевор вазифасини ўтайди.
Орзусиз инсон йўқ. Мен ҳам ҳар сафар ўз орзу-мақсадларим ҳақида ўйлаганимда, Президентимизнинг “Маррани баланд олиб яшанг, эртанги кун бизники, сиздек шижоатли ёшларимизники!” деган гаплари ёдимга тушади. Шунда мустақил юрт фарзанди эканимдан, бизни ҳамиша қўллаб, катта марраларга руҳлантириб турадиган, керак бўлса, елкасини тутиб берадиган мард Юртбошимиз борлигидан чексиз ғурурланаман.

Қудрат МУРОДОВ,
Тошкент давлат аграр университети «Фермер хўжалигини бошқариш» кафедраси ассистенти.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn