«Шаҳримизни биргаликда обод этайлик!»
  • 17 Сентябрь 2014

«Шаҳримизни биргаликда обод этайлик!»

Пойтахтимизда “Шаҳримизни биргаликда обод этайлик!” шиори остида анъанавий веломарафон бўлиб ўтди.

Ушбу тадбир Ўзбекистон экологик ҳаракати ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирни ўтказишдан мақсад кенг жамоатчилик эътиборини атроф-муҳит муҳофазасига жалб қилиш, экологик хавфсиз транспорт воситаларини оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишга қаратилган.
“Салор” темир йўл станциясидан бошланган мусобақа  Тошкент Ботаника боғида якунига етди. Шу ерда уюштирилган тадбирнинг тантанали қисмида депутатлар, Экоҳаракат ва унинг “Ёшлар қаноти” фаоллари, хорижий давлатлар элчихоналари ҳамда халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, вазирлик ва идоралар мутахассислари, ёшлар қатнашди.
Ўзбекистон экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б. Алихонов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Д. Сабо ва бошқалар велосипед атроф-муҳит учун зарарсиз, моддий тарафдан қулай, жуда фойдали транспорт воситаси ҳисобланиб, ундан фойдаланган инсон доимо соғлом, руҳи тетик бўлишини алоҳида таъкидлади.
Веломарафон якунида Ботаника боғида таниқли хонандалар иштирокида концерт дастури ташкил этилди. Унинг доирасида пойтахт вилоятидаги Меҳрибонлик уйлари ва бошқа ижтимоий муассасаларга ташкилотчилар томонидан велосипедлар совға қилинди.

О. ЛУТФУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn