Ёшларнинг ижтимоий фаоллиги
Версия для печати
  • 13 Сентябрь 2014

Ёшларнинг ижтимоий фаоллиги

тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматлар туфайли янада ошмоқда

Бугунги ёшларимизга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Негаки, улар юксак маънавият ҳамда мустақил фикр эгаси, замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган баркамол авлод вакиллари сифатида барча жабҳада ўз салоҳиятларини намоён этишмоқда. Бу, албатта, мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб ёшларга яратилаётган имкониятлар, кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор самарасидир.
Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди. Хусусан, молия муассасалари мазкур қарорда белгиланган вазифалар, шунингдек, ўзларининг ижтимоий-иқтисодий ваколатидан келиб чиққан ҳолда, йигит-қизларга имтиёзли ва қулай шартларда кредитлар тақдим этмоқда.
Куни кеча “Ўзсаноатқурилишбанк” акциядорлик тижорат банкида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Банклар ассоциацияси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.
— Ёш тадбиркорлар ҳамда оилаларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, “Камолот” ЁИҲ, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази сингари ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз тобора кенгайиб, мустаҳкамланаётгани айни муддао бўлмоқда, — дейди Марказий банкнинг Тижорат банкларининг инвестициялар портфелини мониторинг қилиш департаменти директори ўринбосари Комрон Ўтбосаров. — Натижада жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан 16904 та ёш оилага 303,8 миллиард сўм миқдорида сармоя ажратилди. Ушбу маблағнинг 50,4 миллиард сўми истеъмол, 98,5 миллиард сўми микрокредит, 155 миллиард сўми ипотека кредитидир.
Бундан ташқари, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига тадбиркорлик соҳасида иш бошлашлари учун 124,2 миллиард сўм, бошқача айтганда, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,4 баробар кўп маблағ берилди. Эътиборли жиҳати шундаки, бунда коллеж битирувчисининг микрокредит олиш учун таъминоти етарли бўлмаган тақдирда, яқин қариндошлар (ота-она, ака-ука, опа-сингил)нинг иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиш орқали кафиллик бериш амалиёти жорий қилингани кўпчиликка манзур бўлмоқда.
Тижорат банклари томонидан, шунингдек, талабаларга таълим кредитлари ажратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг январь — август ойларида 8882 нафар талабага 26,5 миллиард сўмлик кредит тақдим этилгани бунинг тасдиғидир.
Ҳозирги кунда “Камолот” ЁИҲ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган  “Камолот” уйларини қуриш лойиҳаси доирасида эса республикамиз бўйича  50 та “Камолот” уйи барпо этилмоқда. Бунинг учун банкларнинг 103,4 миллиард сўм миқдоридаги маблағи йўналтирилган.
Умуман, жорий йилда тижорат банклари томонидан кичик  бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга 8,5 триллион сўм, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш учун 8 триллион сўмликдан ортиқ инвестицион кредитлар ажратилиши режалаштирилгани юртимизда минглаб қўшимча иш ўринлари яратилишидан далолатдир. Бу эса мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ташкил этувчи ёшларга ўзлари хоҳлаган йўналишда меҳнат қилишлари учун кенг имкониятлар эшигини очиши, шубҳасиз.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn