Хазинага айланаётган саҳифалар
Версия для печати
  • 13 Сентябрь 2014

Хазинага айланаётган саҳифалар

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нафақат мамлакатимиз, балки минтақамиздаги энг йирик маънавият масканларидан бири саналади. Мазкур зиё масканида бугунги кунда етти миллион нусхага яқин китоблар мавжуд.

Президентимизнинг 2012 йил 20 мартдаги “Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ушбу маскан замонавий, маҳобатли ва кўркам бинога эга бўлди. Ноёб архитектурани ўзида мужассамлаштирган мазкур муаззам иншоотда халқимизнинг маънавий мулкини асраб-авайлаш, уни келажак авлодга бус-бутун етказиш учун барча қулайлик яратилган. Хусусан, кутубхона фондида XV — XIX асрларда чоп этилган нашрларнинг 250 мингдан ортиқ нусхалари авайлаб сақланмоқда.
Аждодларимиз яратиб кетган улуғ ва кўламли маънавий меросдан юртдошларимизни, хусусан, ёшларимизни янада тўлиқроқ баҳраманд этиш мақсадида қадимги қўлёзма ва камёб китобларнинг электрон муқобили яратилди.
Маълумки, юртимизда эски қўлёзмалар, нодир китоб ва бошқа осориатиқаларни ўз бағрида сақлаётган давлат кутубхоналари, музейлар ва архив муассасалари талайгина. Миллий кутубхона улар билан ҳамкорликда турли даврларга оид китобларнинг электрон каталогини тузиш, нашрларнинг тўлиқ матнли электрон маълумотлар хазинасини яратиш устида ҳам амалий саъй-ҳаракатлар олиб бораяпти.
Энг муҳими, кутубхонада китобхонларга замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш учун барча имконият яратилган. Етти юз ўринли 11 ўқув зали илғор технологиялар асосида жиҳозланган бўлиб, Wi-Fi тизимига эга. Ҳозиргача кутубхонага 87000 нафардан зиёд фойдаланувчилар аъзо бўлган.
“Ўзбекистон”, “Адолат”, “Истиқбол”, “Жаҳон” ўқув залларида ўқувчилар китоб жавонлари оралаб, ўзига зарур китоблардан фойдаланиши, шунингдек, янги олинган адабиётлар билан яқиндан танишиши мумкин. Китобларга ўрнатилган  махсус чиплар хавфсизликни таъминлаш билан бирга, уни тезда топиш вазифасини ҳам бажаради.
“Илм” ўқув залида истиқлол йилларида ҳимоя қилинган 13 мингдан зиёд номзодлик ва докторлик диссертацияларининг тўлиқ электрон шакли сақланади. Шунингдек, барча ўқув залида Президентимиз асарлари, турли энциклопедиялар, сиёсий, илмий-оммабоп, бадиий асарларнинг электрон нусхалари билан танишиш имконияти бор.
“Жаҳон”  деб номланувчи хорижий адабиётлар ўқув залида эса инглиз ва бошқа чет тилларини мукаммал ўрганиш учун кўплаб адабиётлар мавжуд. Масалан, бу ерда TOEFL, IELTS, GRE, GMAT, SAT, LSAT, MCAT, ACT ва бошқалардан очиқ фойдаланса бўлади. Шу билан бирга, Proquest, Ebsco Publishing, Jstor, Aluka, Elibrary, PressDisplay каби хорижий илмий-таълимий электрон базалардаги тўлиқ матнли китоб ҳамда даврий матбуот нашрлари билан танишиш мумкин.
Зиё масканимизда ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Маънавият куни” деб эълон қилинган. Унда, асосан, юртимизнинг илм-фан, санъат ҳамда адабиёт намояндалари иштирок этиб, китобхонлик ва унинг аҳамияти тўғрисида суҳбатлар ўтказишади.
Айтиш жоизки, ахборот-кутубхона фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш, янги хизмат шаклларини жорий қилиш, фойдаланувчиларга масофадан хизмат кўрсатиш ва ягона йиғма электрон каталог ёрдамида барча ахборот-кутубхона муассасаси фондлари орқали хизмат кўрсатишни татбиқ этиш мақсадида турли ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан,  Польша миллий кутубхонаси, Қозоғистон миллий академик кутубхонаси, Миср Араб Республикасининг Искандария кутубхонаси, Озарбайжон миллий кутубхонаси, Латвия миллий кутубхонаси, Туркманистон миллий маданият марказининг Миллий кутубхонаси билан олиб борилаётган алоқалар муҳим аҳамият касб этаяпти.
Ўтган йил давомида фойдаланувчиларга кўплаб қулайликлар яратиш мақсадида еттита техник лойиҳа амалга оширилди. Жумладан, “ISBN, ISSN ва УЎК, КБК” рақамларини бериш” интерактив онлайн хизмати, “Нодир нашр ва қўлёзмалар маълумот базасини яратиш, сақлаш ва аниқ тақдим қилиш жараёнини автоматлаштириш”, “Миллий кутубхонанинг ягона базаси асосида китоб ва журналларнинг статистик ҳисоботини автоматлаштириш”, “Диссертация ва илмий ишларнинг ягона базаси”, “Шахсий кабинет”, “Имиж каталог” каби дастурлар фаолиятимиз самарадорлигини ошираяпти.
Албатта, режаларимиз кўп. Буларнинг барчаси илмга чанқоқ, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиб етишаётган йигит-қизларимизнинг билим ва салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади. Зеро, буюк келажак ҳар томонлама кенг фикрловчи, дунё илм-фанининг чуқур билимдонлари бўлган ёшлар қўлидадир.

Умида ТЕШАБОЕВА,
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси
директори ўринбосари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn