Илғор лойиҳалар эътирофи
  • 12 Сентябрь 2014

Илғор лойиҳалар эътирофи

Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтидорини юзага чиқариш, хусусан, ёш мутахассислар илғор ишланма ва лойиҳаларини рағбатлантириш ҳамда амалиётга татбиқ қилишга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган “Ёш мутахассислар” II республика форуми ҳам ана шу мақсад рўёбини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида ташкил этилган ушбу тадбирда турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, экспертлар, шунингдек, “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови ғолиблари, ўқитувчилар, талаба-ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, бу йилги анжуман аввалгиларидан кўлами кенглиги ҳамда инновацион ғоя ва ишланмаларга бойлиги билан ажралиб турди. Бунда форум олдидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” танлови муҳим омил бўлганини айтиш зарур. Танлов иқтисодиёт тармоқларини инобатга олган ҳолда, корхоналар, туман, шаҳар, ҳудудлар ва мамлакат миқёсида ташкил этилиб, биринчи гуруҳда энг фаол ёш шифокор, ўқитувчи, тарбиячи, фермер, тадбиркор, ҳунармандлар сараланди. Иккинчи гуруҳда энг фаол ёш алоқачи, дастурчи, энергетик, кимёгар, геолог, олим, қурувчи, транспортчи, коммунал соҳа мутахассислари ўз билим ва маҳоратини намойиш қилишди. Сўнгги гуруҳда эса энг фаол ёш авиаходим, машинасоз, металлург, темир йўлчи, кончи мутахассислар номлари аниқланди. Эътиборлиси, танловда жами 16 минг нафардан ортиқ ёш мутахассис қатнашди. ўолибларни аниқлашда янги ишланма ва лойиҳалар самарадорлиги, иштирокчиларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва маънавий етуклиги алоҳида инобатга олинди. Ҳар бир номинация бўйича уч нафар ғолиб аниқланиб, улар республика форумида иштирок этиш имконига эга бўлган эди.
Форум доирасида уюштирилган турли шўъбалардаги машғулотларда ишга жойлашиш, ижтимоий мослашув, “Устоз — шогирд” анъанаси, ёш кадрларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш, ижтимоий-меҳнат муносабатлари, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш билан боғлиқ масалалар батафсил муҳокама қилингани қатнашчилар учун, айниқса, фойдали бўлди. Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий тармоқларда самарали меҳнат қилаётган изланувчан йигит-қизларнинг касб фаолиятига доир кўргазма ҳамда ёш мутахассисларнинг илғор ишланма лойиҳалари ва қурилмалари тақдимоти ўтказилгани уларнинг тажрибаларини бойитишда қўл келди.
Якунда фаол ва изланувчан ёш мутахассислар тақдирланди. ўолибларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан махсус грантлар, хорижий давлатларда касб малакаси ҳамда маҳоратини оширишга оид йўлланмалар топширилди. 
— Мамлакатимизда пухта билим олишимиз, турли ишланма ва лойиҳаларни яратиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этишимиз учун барча имконият мавжуд, — дейди тақдирланганлардан бири, Пешку туманидаги “Шуҳрат-Машсервис” МЧЖ ижрочи директори Ш. Раҳмонов. — Паррандачилик мини-фабрикалари учун мўлжалланган ускуналар билан “Энг фаол ёш тадбиркор” номинациясида ғолиб бўлдим. Бундан мамнунман. Айни чоғда бу мени янги марралар сари илҳомлантиради.
Тадбир доирасида иштирокчилар Мустақиллик ва эзгулик монументига ташриф буюриб, “Бахтиёр она” ҳайкали пойига гуллар қўйишди. Пойтахтимизда кейинги йилларда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишдилар. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилган Симпозиумлар саройи ва Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда “GM Powertrain Uzbekistan” қўшма корхонасига экскурсия уюштирилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn