Садоқат ва мардлик эътирофи
  • 11 Сентябрь 2014

Садоқат ва мардлик эътирофи

Жамиятимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик эл-юртимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётир.

Ўзбекистонимизнинг қисқа вақт ичида иқтисодий жиҳатдан барқарор давлатга айлангани, халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлгани, барча соҳада улкан ютуқларга эришиб, кўпчиликнинг ҳайрат ва ҳавасини орттираётгани Президентимиз раҳнамолигида ҳаётга татбиқ этилаётган “Ўзбек модели”нинг ёрқин самарасидир.
Таъкидлаш жоизки, қўлга киритаётган ютуқларимизда бугунги замон талабларига мос тарзда шакллантирилган Қуролли Кучларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Чунки армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатидир. Ўтган давр мобайнида армияни қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминлаш, қўшинларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш баробарида, ҳарбийларимизнинг хизмат ва яшаш шароитини яхшилаш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда рағбатлантиришга доимий эътибор қаратилаётир. Бундан икки йил аввал Президентимиз ташаббуси билан “Mардлик” ордени таъсис этилиши ҳам бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
“Мардлик” ордени 1 микрон қалинликда олтин қопланган мис қотишмасидан тайёрланади. Орденнинг баландлиги 50 миллиметр, эни 41 миллиметр, қалинлиги 4,5 миллиметр.
Орден нишони йиғма, унинг асоси тилла ранг нақшинкор парчинлари бўлган кўк эмаль ҳошияли шаклдор геральдик қалқон кўринишида бўлиб, унга Ўзбекистон Республикасининг бирлиги рамзи бўлган қавариқ саккиз қиррали юлдуз бириктирилади. Юлдуз қирралари тарам-тарам бўлиб таралаётган заррин овалсимон нурлар кўринишида ишланган. Юлдузнинг қарама-қарши қирралари оралиғи 45 миллиметр.
Саккиз қиррали юлдузга нақшинкор парчинлари бўлган, қавариқ, қадимий услубда акс эттирилган думалоқ шарқона қалқон кўринишидаги диаметри 30 миллиметрли қоплама медальон бириктирилади. Қалқоннинг ҳар иккала ён томони ғалаба, шон-шуҳрат ва мукофот рамзи бўлган қавариқ, тилла рангли дафна япроқларидан гулчамбар кўринишида ҳошияланган.
Шарқона қалқондан юқорида мовий рангда эмалланган олтин ҳалланган яримой ва юлдузли мусамман — Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг муқаддас рамзлари тасвирланган. Мусамман ёнларида саккиз қиррали юлдуз фонида миллий ор-номус ва қадр-қиммат, она-юртни ҳимоя қилишга шайлик рамзи бўлган, ўзаро кўндаланг кесишган иккита қадимий шарқона қилич эфеси (даста беламаги), қуйи томонда эса, уларнинг узун қайрилма тиғларининг учлари қавариқли тасвирланган.
Орден нишони композициясини Ватан ҳимоячисининг ҳаёт сарчашмаси ифодаси бўлган асосий рамзий белги — чор-атрофга таралаётган заррин қуёш нурлари акс этган оқ рангли эмаль фонидаги қалқон марказида жойлашган бўртма, кўкракдан юқори қисмининг ярим ён томонлама олинган тасвири якунлайди.
2012 йил 11 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, “Мардлик” ордени билан ўзини Ватанни ҳимоя қилишга ва она-юрт хизматига бағишлаган, мардлик ҳамда жасорат кўрсатган Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматчилари ва бошқа фуқаролари мукофотланади. Алоҳида ҳолларда “Мардлик” ордени билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
Ушбу орден ёш авлодни юртга садоқат, мардлик ва жасорат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn