Оқила, зукко ва ташаббускор
  • 11 Сентябрь 2014

Оқила, зукко ва ташаббускор

Ўзбекистон давлат консерваториясида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг республика анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус, Халқ таълими вазирликлари, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, “Тасвирий ойина”, Ёзувчилар уюшмалари, Бадиий академия, “Оила” илмий-амалий маркази, Миллий телерадиокомпания, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва қатор нашриётлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари ҳамда ёшлар қатнашди.
Анжуманда таъкидланганидек, юртимизда навқирон авлодни она-Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, энг муҳими, уларни аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, ўғил-қизларимиз ўз иқтидорларини нафақат мамлакатимизда, балки халқаро миқёсда ҳам кенг намоён этиб келишмоқда. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.
Айниқса, республикамизда хотин-қизларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга яқиндан кўмаклашиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг зарур касб-ҳунар эгаллаши учун беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилаяпти. Хусусан, Президентимизнинг 1999 йил 10 июнда қабул қилинган “Зулфия номидаги Давлат мукофотини таъсис этиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши натижасида истеъдодли қизлар сафи тобора кенгаймоқда.
Мазкур мукофот юксак истеъдодли қизларга илм-фан ва спортдаги муваффақиятлари, алоҳида ташаббускорлиги ҳамда адабиёт, маданият, санъат, фан ва таълим йўналишларидаги ютуқлари учун берилади. Бугунги кунда Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари жамият ҳаётининг турли жабҳаларида самарали меҳнат қилаётир. Йирик халқаро анжуманлар, санъат фестиваллари, спорт мусобақаларида муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.
Юртимизнинг бетакрор жамоли, барча соҳада амалга оширилаётган улкан ишлар ёш ижодкорларнинг асарларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, жорий йилда 8 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорининг китоблари чоп этилгани Истиқлолимизнинг 23 йиллик шодиёнасига муносиб туҳфа бўлди.
— Биз, ёшларга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрлик ўз иқтидоримизни кенг намоён этишга имкон бераяпти, — дейди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Меҳриноз Аббосова. — Яқинда “Юлдузранг қўшиқлар” номли китобим чоп этилди. Унда дўстлик, Ватан, муҳаббатни тараннум этувчи қатор янги шеърлар жамланган. Биз бундай юксак эътибор, улкан ғамхўрликдан беҳад мамнунмиз.
Шунингдек, анжуман доирасида Ўзбекистон Ёшлар театрида Ўзбекистон халқ шоири Зулфиянинг “Хотирам синиқлари” достони асосида яратилган спектакль намойиши бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.


Дилмурод СОДИҚОВ

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn