Оила мустаҳкамлиги — юрт равнақи
  • 06 Февраль 2014

Оила мустаҳкамлиги — юрт равнақи

Ватан яшаб турган уйимиз остонасидан, оиламиздан бошланади. Агарки, хонадонимиз тинч, турмушимиз обод бўлса, кўнглимиз тўлиб, ишимиз ҳам бароридан келаверади.

Шу маънода айтганда, мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга, аҳолимизнинг хотиржам ҳаётига қарши қаратилган ҳар қандай ғаразли уринишларнинг олдини олишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроқ ва ҳарбий техника билан таъминланган, юксак тайёргарликка эга Қуролли Кучларимизни барпо этиш баробарида, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими ҳам йўлга қўйилди.
Жумладан, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва мавжудларини реконструкция қилиш, бу объектларда энг юксак талабларга ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит ҳамда инфратузилмаларни яратиш бўйича қабул қилинган давлат дастурлари ана шу мақсадларни кўзда тутади. Ҳарбий хизматчилар давлатимизнинг бу борадаги ғамхўрлиги натижасида уй-жойлар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари билан таъминланиб бормоқда. Масалан, Сирдарё вилоятида бир гуруҳ ҳарбий хизматчилар ана шундай юксак эътибордан баҳраманд бўлиб, ўз бурчларини сидқидилдан адо этишаяпти. Шинам ва замон талабларига жавоб берадиган хонадонлар шодлигу қувончга, файзга тўла.
— Миллий армиямиз сафида хизмат қилаётганимдан ҳамиша фахрланаман, — дейди кичик сержант Раҳматулло Эшонқулов. — Президентимиз биз, ҳарбийлар ва оилаларимиз учун қандай шароит зарур бўлса, барчасини яратиб беришга бош-қош бўлаяптилар. Ҳар йили кўркам тураржойлар қурилиб, фойдаланишга топширилаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Биз ҳам шундай ғамхўрликдан баҳраманд бўлганлардан биримиз. Хонадонимиз ҳавас қилса арзийдиган даражада. Ичи кенг ва ёруғ. Албатта, бундай улкан имкониятларга жавобан зиммамиздаги вазифамизни шараф билан бажаришимиз, билдирилган ишончни оқлашимиз зарур. Бу бизнинг фарзандлик бурчимиз ҳамдир.
Ҳарбий хизматчилар учун уй-жойлар бунёд қилишда меъморчиликнинг энг замонавий услубларига таянилаётгани диққатга сазовор. Мазкур вилоятда барпо этилган хонадонлар ҳам ана шундай илғор тажрибаларни ўзида акс эттирган. Яратилаётган қулайликлардан уй бекалари ҳам хурсанд.
— Очиғи, биз, аёллар доимо уйимиз ҳар жиҳатдан обод ва ораста бўлишини хоҳлаймиз, — дейди улардан бири Нигора Ботирова. — Шубҳасиз, хонадонимиз бунга тўлиқ жавоб беради. Яъни уйимизда ҳамма шароит бор. Масалан, ичимлик суви, иссиқ сув, табиий газ, электр энергияси билан таъминланганмиз.
Айвонимиз бир эмас, иккита: ёзги ва қишки.
Энг муҳими, турмуш ўртоғимнинг хизмат жойи ёнгинамизда, оиласи ва фарзандлари эса кўз олдида. Шундай экан, унинг ва у каби сафдошларининг ҳам оилаларидан кўнгиллари хотиржам, деб ўйлайман. Бундай юксак эътибор учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдирамиз.
Таъбир жоиз бўлса, ҳарбийлар маҳалласи, деб аташ мумкин бўлган бу гўша ободу орасталиги ва кўркамлиги билан ҳам эътирофга лойиқ. Ҳарбийлар оилалари қисқа вақт ичида уйлар атрофини кўкаламзорлаштириб, кўплаб дарахтлар ўстиришди. Ҳовлидаги болалар майдончаси эса уларнинг фарзандлари учун энг севимли масканга айланди.
— Болаларимизни билимли, тарбияли қилиб вояга етказиш учун барча шароитга эгамиз, — дейди кичик сержант Камол Расулов. — Яъни уйимиз таълим-тарбия муассасаларига яқин жойлашган. Бир қиз ва бир ўғлим бор. Улар мактабда аъло баҳоларга ўқишмоқда. Фарзандларимизнинг соғлиғи ҳам доимий эътиборда. Шундоқ ўзимизда, ҳарбий қисмимизда оиламиз аъзолари учун ҳам тиббий хизмат жорий қилинган. Бундай имкониятлар, ижтимоий ҳимоя борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар бизни янада фидойилик билан хизмат қилишга ундайди.
Кўзни қувнатадиган бундай бунёдкорликлар, ўзгаришларни кўриб, хаёлимиздан беихтиёр ҳали-ҳануз жаҳон ҳамжамиятини мураккаб аҳволга солиб келаётган, аниқ ечимини топиб улгурмаган молиявий-иқтисодий инқироз ўтади. Қайсидир мамлакатда банкларнинг тўлов қобилияти сусайиб бораяпти, қимматли қоғозлар бозоридаги йўқотишлар кимларнидир ташвишга солмоқда, ишсизлик тобора ортиб бораётир. Шу маънода,  биз танлаган ўзимизга хос ва мос миллий тараққиёт йўли, инқирозга қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирларнинг нақадар тўғри эканига такрор ва такрор амин бўлади, киши.
Ҳарбий хизматчиларимизнинг ижтимоий ҳимояси бўйича амалга оширилаётган улкан ишларнинг глобал инқироз шароитида ҳам изчил давом эттирилаётгани тинчлик-осойишталигимизни мустаҳкамлашга, ҳаётимизни янада обод ва фаровон этишга қаратилган юксак эътиборнинг яққол самарасидир.
Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 22 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида шу хусусда тўхталиб, “Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этиш, уларни ҳар томонлама қулай уй-жойлар, замонавий социал-маиший шарт-шароитлар, сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича қабул қилинган давлат дастурларини тўлиқ рўёбга чиқариш ва ана шу мақсадлар учун ажратиладиган бюджет маблағларини янада кўпайтириш масалалари ҳам эътиборимиз марказида бўлиб қолиши даркор”, дея алоҳида таъкидлади. Демак, ислоҳотлар изчиллиги бундан кейин ҳам таъминланади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Фидойилик, ташаббус ва ибрат Ижод ва эътироф »