Абадиятга дахлдор маънавий хазина
  • 06 Сентябрь 2014

Абадиятга дахлдор маънавий хазина

Истиқлол фарзандларининг комил инсон бўлиб вояга етишларида муҳим аҳамият касб этади

Мамлакатимиздаги барча таълим даргоҳларида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” ўзгача руҳда, кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Бу йилги “Мустақиллик дарслари” истиқлол йилларида халқимиз эришган улкан ютуқ ва марралар ҳамда Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 15-16 май кунлари Самарқанд шаҳрида “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференцияда сўзлаган маърузаси мазмун-моҳиятига бағишланди.
Ўзим ҳам бир нечта мактаб, академик лицей ва олий ўқув юртларида ўтказилган “Мустақиллик дарслари”да иштирок этдим. Қўқон давлат педагогика институти, Наманган давлат университети, Ўзбекистон Миллий университети, Қўқон шаҳридаги тиббиёт коллежида бўлиб ўтган тадбирлар жўшқинлиги билан айрича таассурот қолдирди. Хусусан, Қўқон давлат педагогика институтидаги  машғулотларда талабалар Президентимизнинг “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги маърузасидан жуда таъсирланганини айтишди. Чунончи, ёшлар мактаб ва лицей ўқув дастурлари ҳамда олий таълим дарсликлари орқали улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва илмий мероси бўйича маълумотга эга бўлган эсалар-да, аммо бизнинг юртимиздан етишиб чиққан ушбу аллома бобокалонларимиз Европа илм-фанининг юксалишига ўз илмий асарлари билан устозлик қилганликларини Юртбошимизнинг Самарқанддаги маърузасидан кейин батафсил ва асосли тарзда англаб етишганини тўлқинланиб гапиришди. Масалан, Президентимиз нутқида Аҳмад Фарғоний бобомиз ҳақида ўта муҳим факт ва мисоллар келтирилган. Бу бобокалонимиз томонидан IX асрда яратилган “Астрономия асослари” фундаментал асарида оламнинг тузилиши, Ернинг ўлчови ҳақидаги дастлабки маълумотлар, сайёрамизнинг шарсимон кўринишга эга экани хусусидаги далиллар мавжуд бўлиб, мазкур китоб XVII асрга қадар Франция, Италия, Англия сингари бир қатор Европа университетларида астрономия бўйича асосий дарслик сифатида ўқитиб келинган. Буюк географик кашфиётлар даврида Колумб, Магеллан ва бошқа саёҳатчиларнинг кашфиётлари учун илмий асос бўлиб хизмат қилган.
Президентимиз маърузасида келтирилган бундай ёрқин мисоллар талаба-ёшлар, ўқувчиларимизни беҳад ғурурлантирди. Бу ғурурни уларнинг юз-кўзидан, айтаётган сўзидан яққол англадик.
Бошқа таълим муассасаларига борганимизда ҳам Истиқлол меъмори ташаббуси билан маънавий меросимизни қайта тиклаш, кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, улуғ боболаримизнинг хоки ётган жойларни муқаддас қадамжоларга айлантириш, жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимизнинг номларини эъзозлаш, асарларини ўрганишга оид кенг кўламли ишларга қўл урилгани, бундай ёруғ, дориламон кунларга минг машаққатлар эвазига эришилгани таъсирчан мисоллар ёрдамида атрофлича тушунтирилди.
Биз қарийб бир асрлик мустабид сиёсат исканжасида ўзимизнинг шонли тарихимиз, буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини, мухтасар айтганда, ким эканлигимизни дунёга маълум қилишдан маҳрум эдик. Бизнинг халқимизга шу даражада хавотир билан қаралардики, чет эл олимлари билан юзма-юз бўлиб қолмаслигимиз учун барча “имконият”ларни ишга солар эдилар. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ Юртбошимизнинг миллий қадриятларимизни тиклаш бўйича олиб борган мардона кураши бугун ўз натижасини бермоқда. Биз мардона кураш иборасини бежиз тилга олмадик. Чунки бизнинг тарихимиз, маънавий мулкимиз дунё эътиборида шу даражада қасддан чалкаштириб ташланган эдики, уни жой-жойига қўйиш ва эътироф эттириш узоқ, машаққатли курашни ва кўкрак билан тутиб ҳимоя қилишдек оғир вазифани елкага олишни талаб қилар эди. Бугун мустақиллик йилларида шу йўналишда амалга оширилган ишлар кўламига назар солар эканмиз, узоқни кўзлаб, мунтазам равишда олиб борилган ишлар натижасида қадим маданиятимиз ва мустақиллик даври орасидаги камситилиш ҳамда беписандлик асри асоратлари деярли йўқолганини англаймиз. Бу — халқимизнинг оламшумул ғалабаси! Бу — буюк бобокалонларимиз, азиз авлиёларимизга кўрсатилаётган беқиёс эҳтиромнинг амалдаги исботи! Бу — бугунги ва эртага етишиб келадиган ёш авлод қўлига берилган мангу ҳужжатдир.     
Президентимиз мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган ҳаётий мулоҳазага алоҳида урғу бердилар. Дарҳақиқат, айни дамда ҳар бир юртдошимизнинг турмуш тарзи, уларнинг онгу тафаккуридаги ўзгаришлар, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишларни кузатиб, 23 йил ичида босиб ўтган йўлимиз, чиндан ҳам, ҳавас ва ҳайратга арзийди, деб бемалол айта оламиз.
Мамлакатимиз, таъбир жоиз бўлса, бугун улкан қурилиш майдонига айланган. Бирор бир соҳани ажратиб кўрсатишга одам қийналади. Қайси соҳага қараманг, жадал суръатлар билан иш бораётганини кўрасиз. Айниқса, дунё халқлари ва сиёсатдонлари эътироф этган “ўзбек модели”нинг нақадар ҳақ ва ҳаётий эканлигига яна бир карра имон келтирдим. Мана, масалан, кейинги йилларда бунёд этилган замонавий умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежларию академик лицейларни олайлик. Уларни кўриб кўзимиз қувнайди, дилимиз яйрайди. Чунки бугунги таълим даргоҳлари аввалгилари билан солиштирилганда, ер билан осмончалик фарқ қиладиган жиҳатлар кўзга яққол ташланиб қолади. Энди шу ўринда бир саволни ўзимизга берайлик: бу замонавий бунёдкорлик ишлари, ислоҳот ва ўзгаришлар ўз-ўзидан амалга ошдими? Ёки бирор тасодиф туфайли пайдо бўлиб қолдими? Йўқ, асло йўқ! Бунинг ортида оғир меҳнат, юрт ва халқ тақдири, келажаги ўйловида ўтказилган ҳаловатсиз кечалар, тинимсиз изланишлар, Президентимизнинг пухта ва оқилона сиёсати турибди.
Ўтган йили Лондонда ўтказилган “Таълим вазирларининг жаҳон саммити”да қатнашдик. Лотин Америкаси, Африка қитъасидаги мамлакатлардан келган таълим вазирларининг нутқларида бир овоздан таълим соҳасига давлатнинг эътиборсизлиги, ўқув муассасаларининг молиявий ночорлиги, саводсизлик фоизининг ошиб бораётганлиги таъкидланди. Тўғриси, бу борада ўзимизда олиб борилаётган ишларни қиёслаб, қалбим тўлқинланиб кетди. “Мустақиллик дарслари”да  ана шу қиёсни келтирганимизда, ёшлар узоқ қарсак чалиб туришди. Фақат бу эмас. Юртимизда олиб борилаётган ҳар бир ислоҳот кўламларини хориждаги давлатлар билан таққослаганимизда, йигит-қизлар гулдурос олқишлар билан ўз ҳиссиётларини билдириб турдилар.
Сўз ва амал уйғунлиги эзгу ташаббусларга қанот беради. Шу боис комил ишонч ва фахр билан айтамизки, бахтиёр фарзандларимиз Президентимиз Ислом Каримовнинг “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги маърузасини ўқиш ва ўрганиш орқали юртимиз қандай улкан ва ноёб бойликлар макони, азиз авлиёлар, буюк алломалар, олиму мутафаккирлар Ватани эканини, биз қандай бетакрор мерос, қандай улуғ зотларнинг вориси эканимизни тушуниб етмоқда. Бу эса нафақат мамлакатимиз ёшлари, шу билан бирга, барчамизнинг ҳеч кимдан кам эмаслигимизни, аксинча бошимизни баланд кўтариб яшашга ҳақли эканлигимизни ифодалайди.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг
ўқув ишлари бўйича проректори,
филология фанлари доктори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn