Эъзоз ва эҳтиром намунаси
  • 06 Сентябрь 2014

Эъзоз ва эҳтиром намунаси

Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида юз ёшдан ошган отахон ва онахонларимиз ҳам бор.

Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами Хатирчи туманидаги “Жалоир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Туман момо Боймуродова хонадонига қўшалоқ қувонч бахш этди.
Чунки онахон энг улуғ, энг азиз айём арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз қаторида “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. Шу муносабат билан мазкур хонадонга вилоят ва туман ҳокимлиги мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳалла оқсоқоллари ташриф буюришди. Вилоят ҳокими Э. Турдимов Туман момога тантанали равишда “Шуҳрат” медалини топшириб, уни ушбу юксак мукофот билан табриклади.
Туман момо Боймуродова бугун 112 ёшда. 60 нафардан ортиқ невара, чевара, фарзандлари ардоғида кексалик гаштини сураяпти.
— Истиқлол туфайли шундай фаровонликка етказганига шукр, — дейди онахон. — Ана шу дориламон кунларда мамлакатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирлаб, менга бундай эҳтиром кўрсатилганидан бошим кўкка етди.
— Бу хонадонга ҳамма ҳавас билан қарайди, — дейди “Жалоир” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бобоқул Суяров. — Ахир меҳр-оқибат, саховатпешалик, яхши-ёмон кунларда бир-бирига мададкор бўлишга нима етсин? Бугун Туман момонинг оиласида ҳамма ана шундай ибратли ҳаёт кечирмоқда.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

* * *

Ўз умрининг 104-баҳорини қарши олган нарпайлик Улжон Жўраева ҳам юртимиздаги табаррук ёшли онахонлардан бири. Яқинда “Шуҳрат” медали билан тақдирланган момонинг хонадонига вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари ташриф буюриб, онахонга юксак мукофотни тантанали равишда топширишди.
Ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган Улжон момо Истиқлолни бебаҳо неъмат, деб билади. Фарзандлари, набиралари, чевараю эвараларига ҳам ҳозирги тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етиш лозим, дея бот-бот уқтиради.
— Биз, қарияларни қадрлаётган Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат, — дейди “Шуҳрат” медали соҳибаси Улжон момо Жўраева. — Бундай тўкин-сочинликка, осойишталигимизга кўз тегмасин. Ёшларимизнинг бахту иқболи бардавом бўлсин.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn