Фидойилик, ташаббус ва ибрат
  • 06 Февраль 2014

Фидойилик, ташаббус ва ибрат

Яхши эслайман: оила даврасида ота-онам, ака-ука, яқинларим билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, улар: “Келажакда ким бўлмоқчисан?” деб сўрашса, ҳеч иккиланмай: “Ўқитувчи бўламан”, дердим. Мана, бугун ниятимга етиб, келажагимиз ворисларига таълим-тарбия бериб келмоқдаман.

Очиғи, кўп йиллик тажрибага эга бўлсам-да, ҳали-ҳануз дарсга киришдан олдин ҳаяжонланаман. Назаримда, бу туйғу барча ўқитувчида бирдек кечади. Шунинг учун бўлса керак, ўз устимизда изланамиз, ўқувчиларда кенгроқ кўникма ҳосил қилишга интиламиз. Бинобарин, бола қалби мисоли оппоқ қоғоз. Унга нимани “ёзсангиз”, шуни “ўқийсиз”. Шу боис ҳар гал дарс бошлашдан аввал мурғак қалбларга, аввало, аждодларимизнинг шон-шуҳрати, уларнинг оламаро кашфиётлари тўғрисида, бир шингил бўлса-да, гапириб беришдан чарчамайман. Истиқлол туфайли уларнинг номлари ва маънавий мероси тиклангани бежиз эмаслигини уқтираман. Сабаби, улуғ бобокалонларимизнинг ўгитларидан баҳраманд бўлиш келажаги буюк давлатимиз фарзандларини фақат ёруғ манзилларга чорлайди.
Тўғрисини айтганда, бугун ўқитувчининг замони келди. Негаки, мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган ғамхўрлик самарасини юртимизнинг ҳар бир гўшасида қад ростлаган замонавий ва муҳташам илм даргоҳлари мисолида кўриб турибмиз. Муҳими, мазкур таълим муассасалари нафақат ташқи кўриниши, балки уларда яратилган беқиёс шароитлари билан ҳам кишининг ҳавасини уйғотади.
Жумладан, бизнинг таълим даргоҳимиз ҳам, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган Мактаб таълимини ривожлантириш давлат умуммиллий дастурига асосан, мукаммал таъмирланди. Икки қаватдан иборат муҳташам муассасамизда барча қулайликлар яратилган. Кенг ва ёруғ ўқув хоналари, лингафон, компьютер синфлари энг сўнгги русумдаги жиҳозлар билан таъминланган. Бу эса ўқитувчиларнинг мароқ билан дарс беришлари, ёшларнинг мукаммал билим олишларида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фидокорона меҳнат қилган, ташаббус кўрсатган киши, албатта, кўзлаган мақсадига эришади. Биз, ўқитувчилар ана шундай яшашимиз керак. Зеро, бугун  Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимида рўй берган ўзгаришлар ҳар биримизни ибрат кўрсатиб фаолият юритишга даъват этмоқда.

Ойгул ДАВЛЕТЖАНОВА,
Урганч туманидаги 38-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси, «Шуҳрат» медали соҳибаси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn