Касбий малака, пухта билим
  • 04 Сентябрь 2014

Касбий малака, пухта билим

битирувчи қизларнинг иш билан таъминланишида муҳим омил бўлмоқда

Мамлакатимизда вояга етаётган ёш авлодни юксак салоҳиятли, соғлом фикр ва замонавий дунёқараш эгалари қилиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш ҳамда ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хусусан, 12 йиллик мажбурий таълим жорий қилиниб, мазкур жараёнда ёшлар наинки замон талаблари асосида пухта билим олмоқда, балки ўз қизиқиш ва лаёқатига кўра касб-ҳунар эгаллаб, мустақил ҳаётга дадил қадам қўймоқда.
Таъкидлаш лозимки, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган йигит-қизларни тегишли мутахассислик бўйича иш билан таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Президентимизнинг жорий йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида мазкур саъй-ҳаракатлар янада жадал суръат ва кенг қамров касб этмоқда.
2013/2014 ўқув йилида республикамиздаги 1 минг 34 касб-ҳунар коллежини 495 минг 229 нафар ўқувчи битирди. Уларнинг 243 минг 520 нафарини қизлар ташкил этади. Айнан битирувчи қизларнинг таҳсилдан сўнг аниқ иш жойи ва муқим даромад манбаига эга бўлишида жойлардаги хотин-қизлар қўмиталари ҳам яқиндан кўмаклашаяпти. Пойтахтимизда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан кенг жамоатчилик иштирокида ўтказилган тадбир айни шу масалага бағишланди.
Унда қайд этилганидек, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан жорий йилда коллежларни битирган қизларни иш билан таъминлаш бўйича жойларда 1 минг 700 га яқин штаблар ташкил этилди. Ҳозирги кунда коллежни битирган қизларнинг 139 минг 488 нафари корхона ва ташкилотларда ишга жойлашиб, меҳнат фаолиятини бошлаганлар. Битирувчи қизларнинг бир қисми ўқишни давом эттириш истагида юртимиздаги олий ўқув юртларига ҳужжат топширган бўлса, яна бир қисмини ишга жойлаштириш юзасидан жамоатчилик штабларининг ишчи гуруҳ аъзолари муайян чоралар кўраётир.
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган қизлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилинаётгани ҳам улар ўртасида бандлик даражасини оширишда салмоқли ўрин тутмоқда.
— Қўмитамизнинг қуйи тизимлари олиб борган ўрганишлар бу йилги коллеж битирувчилари орасида 7 минг нафардан зиёд қизлар ўз бизнесини йўлга қўйиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида эканини кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раис ўринбосари Гулнора Маруфова. — Бу қизларга кўмаклашиш мақсадида республикамиздаги тижорат банклари томонидан
45 миллиард сўм миқдорида кредит берилиши ташкиллаштирилди ва мазкур жараён давом этаяпти. Бундан ташқари, “Тадбиркор аёл” уюшмаси билан ҳамкорликда вилоятлар бўйича 500 нафар битирувчи қизлар ишбилармонлик кўникмаларини ошириши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Коллеждаги таҳсилдан сўнг қизларни ўқув марказларига йўналтириш, ушбу марказларда имтиёзли тарзда ҳунар ўрганиши ёки чет тилларини пухта ўзлаштиришини рағбатлантириш ҳам доимий назоратимизда турибди.
— Коллежда ўқиб юрган чоғимда ўзимнинг тикув цехим бўлишини ният қилардим, — дейди Янгийўл туманидаги хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежини битирган Шоҳида Фархудинова. — Бизнес лойиҳамни амалга оширишимда банк ажратган 5 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит катта мадад бўлди. Учта замонавий тикув машинасини сотиб олиб, буюртма асосида тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этдим. Ўзимга тенгдош икки чевар қиз билан меҳнат шартномаси туздим.
Мухтасар айтганда, касб-ҳунар коллежларини битирган қизларнинг бандлик даражасини оширишда эътирофга лойиқ натижалар қўлга киритилмоқда. Шу билан бирга, коллеж битирувчиси, таълим муассасаси ва иш берувчи ўртасида тузиладиган уч томонлама шартномаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган битирувчи қизларни янада қўллаб-қувватлаш долзарб аҳамият касб этаётир.
Тадбирда шулар хусусида атрофлича сўз юритилди ва унинг доирасида Тошкент шаҳрида яшовчи 400 нафарга яқин битирувчи қизларга пойтахт ўқув марказларида имтиёзли сабоқ олиш имконини берувчи сертификатлар топширилди.

Ф. МАҲКАМОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn