Ватанга содиқлик қасамёди
  • 04 Сентябрь 2014

Ватанга содиқлик қасамёди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академиясида биринчи курс тингловчиларининг Ватанга содиқлик қасамёдини қабул қилишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-лейтенант А. Аҳмедбаев ва бошқалар  Президентимиз раҳнамолигида ички ишлар идоралари тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлашди. Жумладан, истиқлол даврида юртимизда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш ва жиноятчиликка қарши кураш, жамоатчилик хавфсизлиги ва фуқаролар осойишталигини муҳофаза қилиш бўйича юқори самарали тизим яратилган бўлиб, у тобора такомиллаштириб борилмоқда. Мазкур Академияда курсантлар ва тингловчиларнинг чуқур билим олиши ҳамда касбий кўникмага эга бўлиши учун барча зарур шарт-шароит яратилгани мисолида ҳам буни кўриш мумкин. Академияда тўрт йиллик ўқиш муддатидаги кундузги таълимда ички ишлар идоралари учун тергов, жиноятларнинг олдини олиш ва эксперт-криминалистика йўналишлари бўйича офицерлар, бир йиллик ўқув муддатидаги Олий академик курсларда раҳбар кадрлар ҳамда Сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсларида эса сержантлар тайёрлашнинг энг самарали тизими йўлга қўйилган.
— Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир, — дейди 1-курс тингловчиси Шерали Мусаев. — Қасамёд қабул қилар эканман, энг аввало, шулар ҳақида ўйладим. Албатта, бу ерда биз учун яратилган шарт-шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, ички ишлар идоралари, умуман, жамиятимиз учун фойдали кадр бўлиб етишишга астойдил ҳаракат қиламан.
— Фарзандларимизнинг қасамёд қабул қилиши энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами кунига тўғри келишида ҳам ўзига хос маъно бор, — дейди Дилфуза Абдураҳимова. — Уларнинг ёниб турган кўзларига боқиб, тинчлик ва осойишталигимиз, юртимиз эртаси ишончли қўлларда эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик.
Бундай тантанали тадбирлар Ички ишлар вазирлиги тизимидаги Тошкент олий ҳарбий-техника билим юрти ҳамда Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактабида ҳам бўлиб ўтди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn