Энг улуғ, энг азиз байрам қувончи
  • 03 Сентябрь 2014

Энг улуғ, энг азиз байрам қувончи

Мустақил тараққиёт йилларида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида эришилган юқори ўсиш суръатлари билан бугун ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурлансак арзийди.

Энг муҳими, Ватан тараққиёти, мамлакатдаги ўзгаришу янгиланишлар самараси юртдошларимиз турмуш фаровонлиги, хонадонлардаги қут-барака, тинчлик-осойишталик тимсолида ўзининг ёрқин ифодасини топаётир.
Зеро, Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида таъкидланганидек, “Биз ўта оғир, машаққатли синов ва курашларда қўлга киритган Ватанимизнинг мустақиллик кунини нишонлар эканмиз, барчамизнинг ҳаётимизда чуқур из қолдирган, биз босиб ўтган тарихан қисқа даврда нималарни бошимиздан кечирдик, нималарга эришдик, таъбир жоиз бўлса, “Биз кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” деган фикр-мулоҳазалар беихтиёр хаёлимиздан ўтиши табиийдир”.
Бу юртимизнинг барча ҳудудларида кенг миқёсда нишонланган истиқлол шодиёналарида яна бир карра намоён бўлди.
Хусусан, “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи юртдошларимизни ҳам хайрли ташаббуслар сари ундади. Натижада Оролбўйи минтақаси аҳли энг улуғ, энг азиз айёмни муносиб ютуқлар билан қарши олди. Хусусан, байрам арафасида Амударё туманида лойиҳа қиймати 43,3 миллион АҚШ долларилик “Amudaryotex”, Манғит туманида Кения қора чойини қадоқловчи “Манғит нодир моллари”, Хўжайли туманида аккумулятор тайёрлашга ихтисослаштирилган “Нурбек оқолтин”, Қўнғирот туманида “Қўнғирот натрий сульфат” корхоналари фаолияти йўлга қўйилди.
Нукус шаҳридаги муҳташам амфитеатрда бўлиб ўтган театрлаштирилган байрам томошасида ана шундай муваффақиятларга алоҳида урғу берилди.
Андижонда ҳам мустақиллигимизнинг 23 йиллиги катта тантана қилинди. Айём кунлари ҳудудда саноат, савдо, хизмат кўрсатиш, спорт ва таълим йўналишларида жами 100 та иншоот фойдаланишга топширилди. Жумладан, Булоқбоши туманида болалар спорт мажмуи қурилишига 2 миллиард 292 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланган бўлса, Избоскан тумани тиббиёт бирлашмасида амалга оширилган бунёдкорлик ишларига 6 миллиард 630 миллион сўм йўналтирилди. Шунингдек, мукаммал реконструкция қилинган ва капитал таъмирланган 18 та мактаб ўғил-қизлар ихтиёрига топширилди. 31 мавзеда қад ростлаган 977 та намунали тураржой соҳиблари истиқлол шодиёналарини янги ҳовли-жойларда кутиб олди.
Мустақиллик ҳаётимизни, онгу тафаккуримизни тубдан ўзгартириб юборди. Буни ўтган 23 йил давомида  қадимий Бухорода амалга оширилган оламшумул ишлар ҳам кўрсатиб турибди. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида бу ерда 4 та болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси, мактаблар учун спорт заллари қурилди, еттита соғлиқни сақлаш объекти қад ростламоқда. 25 та қишлоқ ичимлик суви билан таъминланди. Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги хиёбонда мусиқали фавворалар барпо этилди. Вилоят аҳли Мустақиллик байрамини ана шундай муносиб ютуқлар билан қарши олди.
“Тўйга тўёна билан” деган нақлга амал қилган Жиззах вилояти аҳли ҳам айёмга муносиб туҳфалар ҳозирлади. Чунончи, Зарбдор тумани тиббиёт бирлашмаси ва Пахтакор туманидаги 2-сонли сил касалликлари шифохонаси, вилоятдаги 10 дан ортиқ умумтаълим мактаблари, 7 та касб-ҳунар коллежи бинолари реконструкция қилинди. Шунингдек, Бахмал, ўаллаорол, Зомин, Жиззах, Зарбдор, Пахтакор ва Дўстлик туманларида ичимлик суви таъминотини яхшилашга қаратилган қарийб 10 миллиард сўмлик 18 та объект фойдаланишга топширилди.
Навоийликлар Мустақиллик куни муносабати билан вилоят марказидаги муҳташам амфитеатрда жам бўлдилар. Тадбир аввалида истиқлолимизнинг 23 йиллиги арафасида ҳудуддаги 69 та объектда умумий қиймати 41,5 млрд. сўмлик турли иншоотлар, шунингдек, 17 та массивда 677 та намунавий тураржой қуриб битказилганлиги алоҳида қайд этиб ўтилди. Байрам муносабати билан намойиш қилинган катта концерт дастурида халқимизнинг тинч ва осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ҳамда бағрикенглик фазилатлари дилтортар куй ва қўшиқларга кўчди.
Истиқлолнинг 23 йиллиги байрами Тўрақўрғон туманининг Бураматут қишлоғида  яшовчи  Ёдгор Назаров ва Сайёра Юсуповага  қўшалоқ қувонч олиб келди. Икки ёш қутлуғ айём арафасида  оила қуриб, мустақил ҳаёт сари қадам ташлади. Эътиборли жиҳати, уларнинг никоҳи туман марказида бунёд этилган “Бахт уйи”нинг очилиш маросимида  тантанали равишда расмийлаштирилди. Умуман, Наманган вилояти шаҳар ва қишлоқларида қад кўтарган юзлаб иншоотларнинг тақдимоти қутлуғ айём тантаналари билан уйғунлашиб кетди.
Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги шодиёналари самарқандликлар ёдида ҳам узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди. Боиси байрам арафасида Иштихон туманининг “Қорақўйли” массивида намунавий лойиҳалар асосида қурилган 59 та уй-жой, Челак шаҳри ва Ургут туманида кўркам истироҳат боғлари фойдаланишга топширилди. Тайлоқ тумани Чубот маҳалласида янги министадион, Пахтачи туманида 25-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби биноси, Пастдарғом туманидаги ёпиқ сузиш ҳавзаси ҳам маҳаллий ёшлар учун чинакам байрам туҳфаси бўлди. Самарқанд шаҳридаги “Мўъжиза” амфитеатрида бўлиб ўтган айём тантаналарида ана шундай ютуқ ва марралар яна бир бор тилга олинди.
Байрам тадбирлари Сирдарё вилоятининг ҳар бир қишлоқ, шаҳар, маҳалла ва хонадонларида ўзгача шукуҳ, кўтаринки кайфият билан ўтди. Улуғ айём арафасида кўплаб ижтимоий объектлар фойдаланишга топширилиб, кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Мустақиллигимизнинг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган маданий-маърифий тантаналарда эса эришилган улкан ютуқларимиз, тинчлигимиз ва ҳамжиҳатлигимиз самаралари тараннум этилди. Хусусан, Гулистон шаҳрининг “Анҳор” томошагоҳида ўтказилган тантанада ижро этилган куй-қўшиқлар, жозибали рақслар, болалар гуруҳларининг қувноқ чиқишлари иштирокчиларга олам-олам шоду хуррамлик улашди.
Сурхон воҳаси аҳли учун бу йилги айём қўшалоқ келди. Боиси, яқинда Президентимиз Фармонига мувофиқ, Жайхун соҳилида жойлашган қадим ва навқирон Термиз шаҳри “Амир Темур” ордени билан мукофотланди. Қолаверса, Истиқлолнинг 23 йиллик байрами арафасида жойларда юздан зиёд янги иншоотлар иш бошлади.
Энг улуғ, энг азиз байрам шодиёналарини пойтахт вилояти аҳли ўзгача кўтаринкилик, катта шоду хуррамлик билан нишонлагани бежиз эмас. Негаки, кейинги пайтларда вилоятда саноат, йўл-транспорт, коммуникация тармоқлари ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида залворли қадамлар ташланмоқда.
Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида 900 дан ортиқ ҳовли-жойлар ўз соҳибларига топширилган бўлса, Ангрен, Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари, Бўстонлиқ, Янгийўл ва Оҳангарон туманларида 143 хонадонли кўп қаватли тураржойлар ёш оилаларга тортиқ этилди. Ўндан ортиқ ижтимоий объектлар қурилиши якунига етказилди.
Водий гавҳари — Фарғона кейинги йилларда кўркам қиёфага эга бўлмоқда. Чекка қишлоқ ва маҳаллаларда ҳам аҳолининг фаровон ҳаёт кечириши учун барча қулайлик яратилаётир.
Байрам арафасида ана шундай бунёдкорлик ишлари кўлами янада кенгайиб, кўплаб бино ва иншоотлар, ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилди. Хусусан, Қўқон шаҳридаги “Камолот”, Фарғона шаҳридаги “Камалак” ёшлар ижод марказлари илк бор иқтидорли ўғил-қизларни ўз бағрига чорлаган бўлса, Фарғона туманининг Миндонобод, Бешариқ туманининг Товул қишлоқларида бўлиб ўтган уй тўйлари мустақиллик тантаналарига уланиб, қўшалоқ шодиёналарга айланиб кетди.
Хоразмда ҳам Истиқлол байрамининг кўтаринки руҳи ҳар бир шаҳару қишлоққа, ҳар хонадонга кириб борди. Натижада айём тадбирлари маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида ҳар қачонгидан ҳам юксак савияда ўтди.
Хусусан, Урганч шаҳридаги “Авесто” боғ-мажмуида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ташкил этилган театрлаштирилган дастур юртдошларимиз ва хорижлик меҳмонларга ниҳоятда манзур бўлди. Эл севган таниқли хонандалар, бахшию ҳофизлар, фольклор жамоалар ҳамда халқ дасталарининг чиқишларида озод юртимиз ва меҳнаткаш халқимиз тараннум этилди.
Қашқадарё вилояти марказидаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғида жойлашган амфитеатр шодиёнага муносиб тарзда ранг-баранг байроқлар, қўлга киритилган ютуқларимизни ифодаловчи панно ва шиорлар билан безатилди.  Ён-атрофдаги минглаб чироқлар саҳнага кўрк бериш билан бирга, дилларни ҳам чароғон этди. 
Тадбирда жаҳон цивилизациясига улкан ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг буюк мероси рамзий чиқишлар орқали ифодаланди. Ўтган йигирма уч йиллик мустақил тараққиёт даврида эришилган натижалар, ислоҳотлар самараси, халқимизнинг тинч, осуда ҳаёти, жамиятимиздаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик фазилатлари, миллий ва умумбашарий қадриятларга уйғун ҳолда қиёсий лавҳаларда акс эттирилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn