Инсон манфаатлари — олий қадрият
  • 03 Сентябрь 2014

Инсон манфаатлари — олий қадрият

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда ҳар биримизнинг кўз ўнгимиздан биз эришаётган юксак марралар, кун сайин юксалиб, чирой очиб бораётган озод ва обод Ватанимиз манзаралари ўтади.

Шундай дамларда кеча ким эдигу бугун ким бўлдик, деган ҳақли саволни ўзимизга берамиз. Жавоб аниқ. Бугун ўз салоҳиятимиз ва иқтидоримизни сафарбар этиб, улкан ютуқларга эришаяпмиз. Муҳими, биз буюк аждодларнинг муносиб вориси, кучли, етук ва иродаси қатъий халқ эканлигимизни жаҳонга исботладик.
Таъкидлаш жоизки, мустақиллик халқимизнинг руҳий ва маънавий сарчашмаларини очиб юборди, мислсиз бунёдкорлик салоҳиятини юзага чиқарди. Шунга мос равишда юртимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди. Буни инсон манфаатларини таъминлаш, унинг турмуш шароитини яхшилаш ҳамда моддий ва ижтимоий фаровонлигини ошириш йўналишидаги ислоҳотлар натижалари мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Бугунги глобал ривожланиш даврида дунёнинг кўплаб мамлакатларида ишсизлик билан боғлиқ муаммолар келиб чиқаётган бир шароитда Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар учун муносиб иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани халқаро жамоатчилик томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Республикамизда янги иш ўринлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя тизимини кенгайтириш ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, улар учун кафолатланган иш ўринлари ташкил этиш йўналишларида олиб борилаётган ишлар юқори самара бераётгани барчага маълум. Мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар, аввало, давлат кўмагини, айни чоғда ННТнинг фаолиятини ҳар қадамда ҳис этиб турибди, десак, айни ҳақиқат. Бу борада республика касаба уюшмалари томонидан ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Давлат дастурларидан келиб чиқиб, янги иш ўринлари яратиш баробарида, кенг жамоатчилик назорати йўлга қўйилган. Ҳукумат, Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Савдо-саноат палатаси ўртасида тузилган Бош келишув эса ходимлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини кучайтиришда қўл келмоқда. Ҳудудий келишувларга аёллар ва ёшлар учун ихтисослаштирилган иш ўринлари яратиш, жумладан, касаначиликни ривожлантириш, корхоналарнинг иқтисодий фаолиятини барқарорлаштириш каби масалалар киритилгани ҳам ана шундан далолат бериб турибди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида касаба уюшмалари томонидан 3 минг 200 га яқин корхона, ташкилот ва муассасаларда 26 минг 544 та иш ўрни ҳақиқатда ташкил этилгани ўрганилди. Касаба уюшмалари маблағлари йўналтирилиши ҳисобига эса 100 дан зиёд иш ўрни яратилган.
Коллежлар ўқувчиларининг корхона ва ташкилотларга бириктирилиши ҳамда улар бандлигини таъминлаш борасида жамоатчилик назорати йўлга қўйилгани ушбу йўналишдаги ишлар самарасига ижобий таъсир кўрсатаётир. Биргина мисол: тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қўнимлилигини ўрганиш тизими жорий этилган бўлиб, бу битирувчиларнинг иш жойида муқим ўрнашишига кўмаклашаяпти. Қолаверса, корхоналарда амалиёт ўтаётган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари бўлган коллеж ўқувчиларига, шунингдек, ишга қабул қилинган битирувчиларга бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан энг кам иш ҳақининг 50 фоизигача бўлган миқдорда моддий ёрдам ажратилмоқда.
Шу ўринда юртимиз меҳнат қонунчилигида халқаро стандартларга мос имтиёз ва кафолатлар белгиланганлигини ҳам қайд этиш жоиз. Хусусан, Халқаро Меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган 52-Конвенциясига кўра, йиллик асосий таътил муддати 6 иш куни миқдорида белгиланган. Республикамизда бундай таътил барча ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган муддатга берилади. Бир қатор тармоқларда эса ходимларнинг иш стажига қараб йиллик асосий таътил муддатини узайтириш амалиёти ҳам қўлланилмоқда.
Айниқса, юртимизда оналикни муҳофаза қилиш борасида халқаро стандартлар талабларига нисбатан имтиёзли бўлган шарт-шароитлар яратилганлиги алоҳида эътиборга моликдир. Масалан, Халқаро Меҳнат ташкилотининг 103-Конвенциясига мувофиқ, оналик таътили муддати камида 12 ҳафтани (84 кун) ташкил этиши белгиланган бўлса, Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш таътили муддати 126 календарь кунидир. Қатор жамоа шартномалари орқали бу муддатни узайтириш, оналикни муҳофаза қилишнинг қўшимча чоралари кўрилаётгани ҳам таҳсинга лойиқ.
Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий-меҳнат муносабатларидаги имтиёз ва қулайликлардан нодавлат секторида меҳнат қилаётган ходимларнинг фойдаланишларини таъминлаш ҳам доимий назоратга олинган. 2013 йилнинг биринчи ярмида республика бўйича нодавлат сектор субъектларидан 2 минг 255 таси касаба уюшмасига жалб этилиб, уларда меҳнат қилаётган 28 минг 733 нафар ходим аъзоликка қабул қилинган эди. Жорий йилнинг шу даврида эса 8 минг 911 ташкилотнинг 65 минг 839 нафар ходими ана шундай имкониятдан фойдаланди.
Бугун 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилотига эга Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ходимлар манфаатлари ҳимоясини кучайтириш ҳамда жамоа шартномаси ва келишувлари ижроси изчил йўлга қўйилган. Зеро, бу ҳужжатлар ходимларнинг даромадини оширишда муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирги пайтда корхона ва ташкилотларда 98 мингга яқин жамоа шартномаларига қатъий амал қилинаяпти. Яъни республикадаги касаба уюшмалари аъзолари меҳнатидан фойдаланаётган юридик шахсларнинг 96 фоизи жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинган.
Республика касаба уюшмалари ходимлар ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш билан бирга, аҳоли, хусусан, ёшлар онгига истиқлол ғояларини  сингдириш, ютуқларимизнинг мазмун-моҳиятини очиб бериш масаласида ҳам самарали фаолият юритмоқда. Шу мақсадда корхона, ташкилот ва муассасаларда “Маънавият соатлари” ҳамда давра суҳбатлари ўтказилаётир. Бундай тадбирларда Ватанимиз тараққиёти, демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, уч томонлама ижтимоий ҳамкорлар — давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари иштирокида олиб борилаётган ижтимоий мулоқотнинг инсон манфаатлари ҳимоясини кучайтиришдаги аҳамияти таҳлил қилинмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, Ўзбекистон касаба уюшмалари самарали фаолият юритиб, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун бўлган мамлакатимизнинг тараққиёти учун астойдил хизмат қилмоқда.

Танзила НОРБОЕВА,
Ўзбекистон Касаба уюшмалари
Федерацияси Кенгаши раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn