Ҳар манзили чароғон юрт
  • 03 Сентябрь 2014

Ҳар манзили чароғон юрт

Мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма уч йиллик шодиёнаси ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардан бири бўлиб қолиши, шубҳасиз. Чунки бу йил пойтахтимизда ўтказилган асосий тантанада бевосита иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим.

Айниқса, Юртбошимизнинг “Бошлаган ишларимизнинг давомчилари бўлмиш азиз фарзандларимизни ўз фикрига, ўз қарашларига эга, замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, эртанги кунимизнинг масъулиятини ўз зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги давр талаб қиладиган соғлом ва баркамол авлод этиб тарбиялаш масаласига ўз вақтида устувор аҳамият бериб, уни умуммиллий даражага кўтарганимиз — энг тўғри, узоқни кўзлаган, ҳаётимизда ўзини тўла оқлаган тарихий қадам бўлди”  деган сўзлари жаранглаганда, беихтиёр ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари кўз олдимга келди.
Эсимда, мустақилликнинг дастлабки йилларида “Сирдарё иссиқлик электр станцияси” учун маҳаллий кадрлар тайёрлаш энг долзарб масалага айланган эди. Айрим кибри баланд “дўст”ларимиз “Бундай корхоналарни эплаб ишлата оласизларми?” дея сўз қотганлари ҳам ҳали-ҳануз ёдимдан чиқмайди. Аксинча, Юртбошимиз ташаббуслари ва ғоялари асосида шундай бир илғор, муқобили бўлмаган кадрлар тайёрлаш тизими яратилдики, натижада корхонамиз барқарор ривожланиш йўлига ўтди. Ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар туфайли эртанги куннинг масъулиятини ўз зиммасига олган ёш мутахассислар сафимизга қўшилиб, қунт билан малакаларини оширдилар. Бинобарин, ҳозирги кунда корхонамиз ишчи-ходимларининг барчаси айнан мустақиллик йилларида юртимизда ўқиган, касб эгаллаган маҳаллий  мутахассислардир. Қувонарлиси, эндиликда  қарийб етмиш фоизи ёшлардан иборат бўлган жамоамизнинг ҳаракати ва интилишини кўриб, барча ҳавас қилаяпти.
Сўнгги икки-уч йил ичида, очиғини айтсам, ёш энергетикларимиз  киритган таклифлар асосида бир нечта техник янгиликлар амалиётга татбиқ этилди. Ширин шаҳридаги энергетика касб-ҳунар коллежини битирган мутахассисларни айтмайсизми?! Улар айни пайтда мураккаб таъмирлаш ишларини қойилмақом бажариш баробарида, ишлаб чиқариш жараёнида ҳам фаол иштирок этишмоқда.
Айни чоғда корхонамизнинг иккита блокида модернизациялаш ишлари олиб борилмоқда. Бу техник-технологик янгиланишлар ниҳоясига етказилгач,  ҳар бир блокнинг электр қуввати яна 25 мегаваттга ошиб, ёнилғи сарфи сезиларли даражада камаяди.
Таъкидлаш жоизки, мустақиллик йилларида иқтисодиётимизнинг барча тармоқлари каби энергетика соҳаси ҳам жадал тараққий этмоқда. Янги қувватлар ишга туширилиб, мавжудлари тубдан замонавийлаштирилаяпти. Мутахассисларимиз эса қуёш нуридан электр энергияси ҳосил қилиш борасида ҳам юксак тажрибага эгаки, буларнинг барчаси юртимизнинг ҳар манзили чароғон, халқимиз турмуши янада фаровон, уйлари нурафшон бўлишидан далолатдир.

Шукурали МАМАТҚУЛОВ,
«Сирдарё иссиқлик электр станцияси» очиқ акциядорлик жамияти бош муҳандиси,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn