Садоқат ва фидойилик ифодаси
  • 03 Сентябрь 2014

Садоқат ва фидойилик ифодаси

Энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллик куни мамлакатимиздаги барча олий ҳарбий таълим муассасаларида биринчи курсга қабул қилинган курсантларнинг Ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросимлари бўлиб ўтди.

Жасур ва мард ўғлонларнинг Ватанга садоқат туйғусини ифода этувчи ушбу маросим ҳар йили 1 сентябрь санасида ўтказилиши чуқур рамзий маънога эга. Зеро, Истиқлол барчамизнинг ҳаётимизга янгича мазмун олиб кирди. Орзу-умидларимиз рўёбини кўриш, тинч ва осуда, эркин ва фаровон, ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш бахтини берди. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистонимиз мустақил тараққиёт йўлида қандай улкан, бошқаларнинг ҳавасини тортадиган ютуқ ва марраларга эришган бўлса, буларнинг барчасининг негизи — юртимизда тинч ва осуда ҳаёт, миллатлар ва фуқаролараро тотувлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлаб келаётганимизда”дир.
Она юртига меҳр-муҳаббатли, садоқатли ҳар бир юртдошимиз шак-шубҳасиз, ушбу масъулиятни доимо ҳис қилиб яшайди. Айниқса, бугун профессионал асосдаги миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган ўғлонлар фидойиликда тенгсиз саналишади. Шу боис ҳам улар зиммаларига юклатилган шарафли вазифани сидқидилдан адо этишга, халқимизга, Президентимизга содиқ бўлишга, мусаффо осмонимизни, сарҳадларимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга қасамёд қиладилар.
Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети биринчи курс курсантлари пойтахтимиздаги “Ватанга қасамёд” ҳайкали пойида Ҳарбий қасамёд қабул қилишди. Унда тегишли вазирлик ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, ота-оналар қатнашди.
Тадбирда сўз олганлар Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини юксалтириш, аҳолининг тинч ҳаёт кечиришини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ва унинг самараларини яна бир карра эътироф этдилар.
— Биз, ёшларга Президентимиз, халқимиз, давлатимиз нимани истасак барчасини берди, — дейди курсант Илёс Аҳмаджонов. — Бу муқаддас Ватанимиз бизга улуғ аждодларимиздан мерос. Албатта, уни кўз қорачиғидек асраймиз. Тинчлик ва осойишталигимизни ҳимоя қиламиз.
Курсантларнинг Ҳарбий қасамёд қабул қилишига бағишланган бундай тантанали тадбирлар, шунингдек, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртларида ҳам бўлиб ўтди.

***

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Олий ҳарбий божхона институтида ҳам жорий йилда ўқишга қабул қилинган тингловчиларнинг ҳарбий ва божхоначи қасамёдини қабул қилиш маросимида кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Марказий Осиёда ягона бўлган, 2003 йилда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур таълим даргоҳида 11 кафедра, ихтисослаштирилган ўқув хоналари, кимё ва криминалистика лабораториялари, амалий машғулот майдончалари, шунингдек, иккита замонавий тураржой, спорт мажмуаси мавжуд бўлиб, уларда тингловчилар учун барча шарт-шароит яратилган. Ўқув жараёни давлат таълим стандартлари асосида тасдиқланган режага мувофиқ олиб борилади. Институтда эгалланган назарий билимларни бевосита божхона амалиёти билан узвий боғлаш, бўлажак божхоначиларда танлаган мутахассисликлари бўйича кўникмани шакллантириш мақсадида уларнинг Давлат божхона қўмитаси, ҳудудий бошқарма бўлимлари, божхона комплекслари ва постларида амалиёт ўташлари йўлга қўйилган.
Тадбирда биринчи босқич тингловчилари тантанали қасамёд қабул қилдилар.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn