Ҳар қатраси ҳисобли
  • 06 Февраль 2014

Ҳар қатраси ҳисобли

Инфратузилмани ривожлантирмай туриб, аҳолига муносиб турмуш шароити яратишни тасаввур қилиш мушкул.

Шу боис тоза ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш ҳам фаровонлик мезонларидан бири саналади. Бугун ҳеч иккиланмай айта оламизки, мамлакатимизда инфратузилма жадал ривожланмоқда. Буни Бухоро вилояти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Шу ўринда қуйидаги рақамларга эътиборингизни қаратмоқчимиз. Биргина 2013 йилда давлат бюджетидан ажратилган 8,5 миллиард сўм эвазига вилоятдаги 46 та қишлоқ аҳоли пунктида жами 56,1 километр узунликда ичимлик суви тармоқлари тортилди. Бундан ташқари, 5,3 миллиард сўмлик қўшимча сармоя ҳисобига 30 та қишлоқ аҳоли пункти учун қувур ўтқазилди. Шунингдек, учта туманда гидроиншоотлар барпо қилинди.
— Ана шулардан бири “Кўчкўмар” сув иншооти бўлиб, у бизнинг ҳудудимизда жойлашган, — дейди Бухоро тумани “Сувоқова” ишлаб чиқариш давлат корхонаси бошлиғи Ёқуб Тўқлиев. — Мазкур объект қурилишига давлатимиз томонидан
1 миллиард 993 миллион сўм йўналтирилди. Бу иншоотнинг қурилиши “Кўчкўмар”, “Қавола Маҳмуд”, “Сўфи Коргар” қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудида истиқомат қилувчи 17 минг нафардан зиёд аҳолини обиҳаёт билан таъминлаш имконини берди.
Эътиборли жиҳати, Осиё тараққиёт банки иштирокида туманда 2 та сув сақлаш резервуари ҳам қуриб битказилди. Умумий қиймати 3 миллион 331 минг АҚШ доллари бўлган бу омборларда 1000 кубометр ҳажмда обиҳаёт жамғариш имкони бор. Улар соатига 240 кубометр сув узатиш қувватига эга замонавий “Грундфос” насослари билан жиҳозланган. Шунингдек, туман марказида 26,1 километр масофага қувур тортилди. 659 та темир-бетон қудуғи реконструкция қилинди. Мазкур йўналишдаги ишлар ниҳоясига етиши билан бу ерда истиқомат қилувчи икки мингдан зиёд хонадоннинг ичимлик суви таъминоти тубдан яхшиланади.
— Давлатимиз аҳоли саломатлиги масаласига устувор вазифа сифатида қарамоқда, — дейди туман аҳоли саломатлик-репродуктив маркази раҳбари Шаҳноза Собирова. — Ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш йўлидаги бу каби саъй-ҳаракатлар, табиийки, касалликларнинг камайишига олиб келади, болаларимизнинг соғлом ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Биз, шифокорлар буни кўриб, ҳис этиб турибмиз. Масалан, туманимизда кейинги йилларда юқумли касалликлар камайгани кузатилаяпти. Ўз навбатида, ҳар биримиз ушбу бебаҳо неъматнинг қадрига етишимиз, ундан ўринли фойдаланишимиз зарур. Чунки тоза ичимлик суви қувурлар орқали вилоятимиз, жумладан, туманимиз ҳудудига ҳам давлат томонидан катта маблағлар эвазига олиб келинаяпти.
Вилоятда ер ости чучук сув манбалари кам. Шуни инобатга олиб, ҳукуматимиз салкам 200 километр олисдан — Самарқанд вилояти ҳудудидан улкан қувурлар тортиб, аҳолининг обиҳаётга бўлган эҳтиёжини қондираяпти. Бунга озмунча куч ва маблағ сарфланаяптими?! Бинобарин, жўмраклардан оққан зилол сувнинг қадрига етишимиз, ундан тежаб-тергаб фойдаланишимиз лозим. Зеро, вилоятда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишлари жорий йилда ҳам жадал давом этмоқда. Шу мақсадда вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан жами 8 миллиард 460 миллион сўм ажратиш кўзда тутилгани фикримиз тасдиғидир.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn