Ютуқларимиз мезони
  • 03 Сентябрь 2014

Ютуқларимиз мезони

Осмони мусаффо, боғу роғлари, бозорлари файз-баракали юртда яшаймиз. Шунинг учун бўлса керак, ким билан суҳбатлашмайлик, айниқса, кўпни кўрган нуронийлар, ёши улуғ кишилар бугунги дориламон ҳаётимиз, тинчлик ва осудалик, улуғвор бунёдкорликлар ҳақида тўлиб-тошиб гапиришади.

Бу бежиз эмас. Негаки, буюк неъмат — Истиқлол туфайли мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида улкан ўзгаришлар намоён бўлмоқда.
Жумладан, Андижонда ҳам бугун мислсиз янгиланишлар рўй бераяптики, ҳайратланмасликнинг иложи йўқ: бири-биридан кўркам бинолар, кенг ва файзли кўчалар. Буларнинг барчаси бунёдкорлик фазилати, ҳақиқатан, халқимизнинг қалби ва руҳиятига сингиб кетганлигини англатади.
Андижонда бўлиб, турли соҳа вакиллари билан мулоқот қилдик. Уларнинг бугунги ютуқлардан фахрланишидан беҳад қувондик. Зеро, яратилаётган улкан шароитлар ана шу завқу шавқнинг асосий манбаидир, албатта. Масалан, тадбиркор Кимсанбой Зокиров тажриба алмашиш учун кўплаб мамлакатларда бўлган. У чет элдан олган таассуротлари ҳақида гапирар экан, инсон манфаатлари устувор саналган мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида рўй бераётган беқиёс ислоҳотларнинг улкан самарасини таққослаб, қисқа фурсатларда оламшумул натижаларга эришаётганимизни ғурур билан айтиб берди.
— Ён-атрофимизга қарайлик, — дейди у. — Кўз ўнгимиздаги ҳар бир ўзгаришлар, қурилишлар — ҳаммаси сизу биз, фарзандларимизга хизмат қилмоқда. Айниқса, биз, тадбиркорларга яратилаётган имконияту имтиёзларнинг чек-чегараси йўқ. Шундай экан, бундай юртда фақат яхши ният, эзгу ташаббус билан яшаш керак.
— Тўғри айтасиз, — дея ҳамкасбининг фикрини қўллаб-қувватлайди Қобилжон Маматов. — Бугун бирор бир соҳа йўқки, давлат томонидан қўллаб-қувватланмаса. Ўзимизни олайлик.  Давлатимиз раҳбари тадбиркорлик халқимизнинг қонида борлигини инобатга олиб қандай имтиёз, қандай кўмак керак бўлса, барчасини яратиб бераяпти. Шунинг учун бундай шарт-шароитнинг қадрига етиб, шижоат кўрсатиб ишласак, эл-юртга наф келтирсак айни муддаодир.
Бобокалонимиз Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги комил инсон тимсоли — Фарҳодга хос фазилатлар халқимизда бугун янгича суръатда бўй кўрсатмоқда. Бунинг самарасини ҳар бир соҳа ривожида, юксалишида кўраяпмиз. Аслида, йигирма уч йил — тарих учун жуда қисқа фурсат. Лекин яна бир ҳақиқат борки, йилларнинг салмоғи адади билан эмас, самараси билан белгиланади. Ана шу маънода, ўтган йигирма уч йилда барча жабҳада асрларга татигулик ютуқларга эришганимиз ҳам бунинг яққол исботидир. Бундай ютуқларни кўриб завқ олмаслик, илҳомланмаслик мумкин эмас. Шундай экан, мамлакатимиздаги осойишталик, улкан ва беқиёс бунёдкорлик, юртдошларимиз чеҳрасидаги шукроналик ҳар биримизни юрт равнақига муносиб ҳисса қўшишга ундамоғи муқаррар.

Абдуғани СУЛАЙМОНОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn