Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!
  • 01 Сентябрь 2014

Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!

Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида бўлиб ўтган байрам тантаналаридан репортаж
ўазал мулкининг султони номи билан аталувчи бу боғда Ҳазратнинг муаззам ҳайкали бор.

Гумбаз пештоқида эса ул зотнинг шундай сўзлари муҳрланган:
Олам аҳли, билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш.
Бугун бахт-саодатда, тинчлик ва фаровонлик оғушида яшаётганимиз замирида улуғ бобокалонимизнинг ушбу ҳикматларига жо бўлган эзгулик мужассам. Зеро, тинчлик — саломатлик каби бебаҳодир. Ер юзидаги жамики мамлакатлар аҳолиси тинчлик ва осойишталикни истайди, аммо ҳар бир юртда ҳам хотиржамлик ҳукмрон эмас. Шукрки, биз эркин, хотиржам ва обод юртда яшаймиз. Осойишталик бор экан, яхши ниятлар қилинади, эзгу тилаклар айтилади. Бундай элда тотувлик, фаровонлик барқарорлашади, дастурхон файзли, хирмон баракали бўлади.
Мустақиллик ана шу файзу баракотни олиб келди. 23 йилдирки, биз бу муборак неъматнинг моҳиятини англаб, унинг нималарга қодирлигига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу боис ҳар йили жонажон Ўзбекистонимизнинг истиқлолга эришган кунини дилларда ғурур ва ифтихор билан кутиб оламиз.
Дунёга мурғак нигоҳи ила разм солаётган болакай аждодларимизнинг буюк орзуси — Истиқлол замонида яшаётгани учун бахтиёр. У тинчлик, хотиржамликда улғаймоқда. Уни ёруғ келажакка бугуннинг мана шундай осойишта дамлари етказади.
Ота-оналар, ака-опаларнинг тилларида шу боис шукроналик  такрорланади. Ҳолбуки, Ер юзининг қай бир мамлакатларида қирғинбарот низолар юз бераётган пайтда биз ёр-биродарлар, қавму қариндошлар ҳамжиҳатлигида умргузаронлик қилмоқдамиз. Бугун барчамизнинг тилимизда, дилимизда шу омонликнинг, ҳаловатнинг мангу бўлишидек эзгу каломлар мужассам.
Истиқлол фақат эркинликни эмас, балки қандай яшашни, бошқалардан кам бўлмасликни ҳам устувор айлади. Ватан озодлиги унинг бағридаги кишиларнинг қандайлиги, дунё ҳамжамиятида тутган ўрни, олиб бораётган ислоҳотлари билан ҳам қадрлидир. Энг муҳими, одамлар онгида бугунги кундаги муносабатларга янгича нигоҳ шаклланди. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида, олис-олис қишлоқ жойларгача саноатни олиб кириш, аҳолини иш билан таъминлаш, иш ўринларини кўпайтириш, хуллас, ҳар соҳада ўзгаришларга кенг йўл очиб берилди.
2014 йил, 31 август. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи қутлуғ шодиёнага муносиб тарзда безатилган.
Бу ерга Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳукумат аъзолари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, фан, маданият ва санъат намояндалари, ишлаб чиқариш илғорлари, тадбиркорлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган хорижий давлатлар элчихоналари, халқаро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрган.
Соат 19:00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов кириб келади. Йиғилганлар Президентимизни олқишлар билан кутиб олади. Чорлов мусиқаси янграйди.
Сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга берилади. Давлатимиз раҳбари халқимизни мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллик байрами билан муборакбод этади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграйди.
Фонда Ўзбекистон Давлат Байроғи ифода этилади. Ёруғ панноларда Ватанимизнинг улкан байроғи пайдо бўлади. Майдон мозий нурига шўнғийди. ўойибдан Амир Темурнинг виқорли овози эшитилади. Буюк Соҳибқирон авлодларига Ватанни ҳурлик ва ободликка элтишни, миллат дардларига дармон бўлишни васият қилади. Бу даъват ва эзгу ниятнинг ижобати сифатида мониторларда Президентимиз Ислом Каримов 1991 йил 31 август куни Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигини эълон қилган тасвирлар намоён бўлади. Улуғ тантана бошланади.
Ўтган йиллар мобайнида Президентимиз раҳнамолигида улкан муваффақиятларга эришдик. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида айтилганидек, 2013 йилда юқори технологияларга асосланган машинасозлик ва металлни қайта ишлаш саноати 121 фоиз, қурилиш материаллари саноати 113,6 фоиз, енгил саноат 113 фоиз ва озиқ-овқат саноати
109 фоиз ўсгани мисолида буни яққол кўриш мумкин.
Худди шунингдек, қишлоқ хўжалигининг ўзида кенг кўламли ўзгаришлар ва сифат жиҳатдан янгиланишлар юз бермоқда. Республикамизда экин майдонларини оптималлаштириш ва қишлоқ хўжалиги экинларини районлаштириш борасида ҳар томонлама пухта ўйланган сиёсат олиб борилаётгани энг муҳим хом ашё ҳамда экспортбоп маҳсулот бўлмиш пахта етиштиришнинг нисбатан барқарор ҳажмини сақлаган ҳолда, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни бир неча баробар ошириш имконини яратди. Энг муҳими, халқимизни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлашга эришилмоқда. Хусусан, ғалла етиштириш 2000 йилдагига нисбатан 2 баробар, картошка — 3,1 марта, сабзавот — 3,2 баробар, узум — 2 марта, гўшт ва сут — 2,1 карра, тухум — 3,4 баробар ошди.
Жорий йил миришкор деҳқон ва фермерларимизнинг фидокорона меҳнати боис ғаллачиликда мисли кўрилмаган натижага эришилди — 8 миллион 50 минг тонна ғалла етиштирилди.
...Куй-қўшиқ садоси остида байроқдорлар ва қизлар фон гуруҳи саҳнани очиб, ўз ҳаракатларини бошлайдилар. Минглаб чироқлар саҳнага кўрк бериш билан бирга, дилларни нурафшон этади. Ватанни мадҳ этувчи катта ашулалар айтилади.
Мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича минтақавий дастурларнинг амалга оширилиши натижасида 2013 йилда қарийб 970 минг киши иш билан таъминланди. Уларнинг 60,3 фоиздан ортиғи қишлоқ жойларда яратилди. Бу борада кичик корхоналар, микрофирмалар ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 480 мингдан ортиқ, касаначиликни кенгайтириш ҳисобидан эса 210 мингдан зиёд иш ўрни ташкил этилди.
Хусусан, ўтган йили устувор вазифа бўлмиш касб-ҳунар коллежларининг 500 минг нафардан ортиқ битирувчиси иш билан таъминланди. Бизнес билан шуғулланишга қарор қилган коллеж битирувчиларига 140 миллиард сўмдан зиёд имтиёзли микрокредитлар ажратилди.
Юртимизда ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тизимида қишлоқ аҳоли пунктларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, намунавий лойиҳалар асосида янги уй-жойлар қуриш, инфратузилмани шакллантириш ҳисобидан қишлоқ аҳлининг ҳаётини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан 2009 йилдан бошлаб мамлакатимизнинг 159 та қишлоқ туманида намунавий лойиҳалар асосида 900 дан ортиқ янги уй-жой массивлари қад кўтарди, умумий майдони 4 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 33 минг 500 дан зиёд якка тартибдаги уй-жой фойдаланишга топширилди. 732 километр асфальт қилинган автомобиль йўллари, мингдан ортиқ ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари барпо этилди.
2013 йилда қишлоқ жойлардаги 353 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 10 мингта шинам уй-жой қуриб битказилди. Ушбу мақсадлар учун қарийб 650 миллион доллар қийматидаги маблағ йўналтирилди.
Қишлоқларимизни обод қилиш, қишлоқ аҳолисининг тураржой шароитини яхшилаш бўйича бундай тажриба халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Яқинда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлараро статистика қўмитаси минтақа мамлакатларининг 2014 йил биринчи ярим йиллигидаги ривожланиш кўрсаткичларини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича МДҲда биринчи ўринни эгаллади.
Бундан атиги 23 йил олдин Ўзбекистон ушбу минтақада айни шу кўрсаткичлар бўйича энг охирги ўринларда турарди. Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиёт таркиби тубдан ўзгартирилгани, саноат ривожига алоҳида эътибор қаратилгани самарасида мамлакатимиз бу соҳада ҳам биринчилар сафига чиқиб олди. Бугун юртимизда юксак технологияларга асосланган кўплаб замонавий корхоналар фаолият юритмоқда. Уларда инсон учун, халқимиз эҳтиёжи учун зарур барча маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.
Шу каби ислоҳотлар самарасида истиқлол йилларида Ўзбекистон иқтисодиёти қарийб 5 карра ўсди. Аҳоли даромадлари жон бошига 8,7 баробар кўпайди. Кейинги ўн йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 8 фоиздан ошди. Жорий йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич 8,1 фоизни ташкил этди.
Эртанги кун ворисларига эътибор қанчалик юксак бўлса, биз келажагимиз ҳақида шу қадар ёруғ тасаввурларга эга бўламиз. Бир пайтлар қобилияти бор-у, аммо уни кўрсатиш учун имкони бўлмаганларга эндиликда катта имкониятлар эшиги очилди, илм ўрганаман, ҳунар эгаллайман, деган фарзандларга барча шарт-шароит яратиб берилган. Бинобарин, ўтган йилда таълим-тарбия соҳасида ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, таълим стандартлари ва дастурларини такомиллаштириш, мактаблар, лицей ҳамда коллежлар, олий ўқув юртларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш масалаларига катта эътибор қаратилди. 28 та касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 та объект, 131 касб-ҳунар коллежи ва лицейлар реконструкция қилинди ҳамда капитал таъмирланди. Шунингдек, 55 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 112 та болалар спорти объекти ҳамда
4 та сузиш ҳавзаси фойдаланишга топширилиб, уларнинг барчаси зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди.
Барча умумтаълим муассасаларида чет тилларни ўргатиш бўйича 17 мингдан ортиқ ўқув хоналари ташкил этилди. 1-синф ўқувчилари учун чет тиллар бўйича мультимедиа варианти илова қилинган, 538 мингдан зиёд рангли дарслик чоп этилди. 2 минг нафарга яқин чет тили ўқитувчиси тайёрланди ва уларнинг умумий сони 26 минг кишига етди.
Мамлакатимизнинг барча минтақаларида чет тилларни бир хил шароитда ўқитиш, қишлоқ жойларга юқори малакали инглиз тили ўқитувчиларини жалб этиш мақсадида, тариф ставкаларига 30 фоиз қўшимча ҳақ белгиланган ҳолда, уларни моддий рағбатлантириш тизими жорий қилинди. Телевидениеда чет тилларни ўргатиш бўйича қизиқарли ўйинлар дастурига эга бўлган махсус болалар маърифий каналлари очилди.
...Саҳнага чиқиш навбати болажонларга келади. Юртимиздаги болалар ва ашула рақс дасталари — юртнинг бахтли авлоди куй-қўшиқлар садоси остида санъатларини намойиш этиб, улуғ байрамимиз тантаналарига файз киритадилар.
Саломатлик — бебаҳо неъмат. Шу боис Президентимиз раҳнамолигида тиббиёт тизимида ҳам оламшумул янгиланишлар қилинмоқда. Эътибор беринг: 2013 йилда тиббиёт-санитария соҳасида биринчи ёрдам кўрсатиш оилавий тиббиёт принципи асосида ишлаш шаклига ўтказилди. Бу эса юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этишни янада чуқурлаштириш бўйича жорий этилаётган чора-тадбирлар тизимида муҳим қадам бўлди. Бундай ўзгариш қишлоқ жойларда, айниқса, чекка туманларда яшаётган 14 миллион 600 минг нафар аҳолига малакали тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконини берди. Бу қарийб 2,7 минг боланинг туғма хасталиклар ва ривожланишдаги нуқсонлар билан туғилишининг олди олинди, деганидир. Мухтасар айтганда, “Она ва бола скрининги” дастурининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ривожланишда нуқсони бор болаларнинг туғилиши 2000 йилдагига нисбатан 1,8 марта камайди.
Фақатгина 2013 йилнинг ўзида соғлиқни сақлаш соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2010 йилдагига нисбатан 3,8 баробар ошди. Бунинг натижасида 295 та тиббиёт объекти реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларини жиҳозлаш даражаси 1,8 баробар ортди ва 91,7 фоизга етди, жумладан, юқори технологияларга асосланган ускуналар билан жиҳозлаш даражаси 82,6 фоизни ташкил этмоқда.
“Ҳеч бир нарса мамлакатни спорт каби тезда дунёга машҳур қила олмайди!” Бундан анча йиллар муқаддам Президентимизнинг айтган бу сўзлари ҳаётийлиги билан тасдиқланди, юзимизни ёруғ қилди, Ўзбекистон — тенглар ичра тенг мамлакат эканлиги исботланмоқда.
Майдонга яқинда Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида ғолиб бўлган ёш спортчиларимиз кириб келади. Жаҳоннинг энг нуфузли мусобақаларидан бирида муносиб қатнашиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритган қаҳрамон йигит-қизларни байрам аҳли олқишлар билан кутиб олади.
Ҳамюртимиз, 37 ёшли ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Ирматов футбол бўйича жаҳон чемпионатлари финал босқичида энг кўп — тўққизта ўйинни бошқарган ҳакам сифатида рекорд ўрнатди. Бундан тўрт йил муқаддам Жанубий Африка Республикасида ўтказилган жаҳон биринчилигида Равшан Ирматов бешта учрашувни бошқариб, футбол тарихига кирган эди. Бу галги нуфузли мусобақада у тўртта ўйинда бош ҳакам сифатида майдонга тушишга улгурди.
Ўзбек футболининг шуҳратини жаҳонга танитиш, халқаро майдонда унинг нуфузини юксалтиришда ибрат ва намуна кўрсатгани, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Равшан Ирматов яқинда Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланди.
Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, мамлакатимиздаги оилаларнинг 11 фоиздан ортиғи иккитадан енгил автомобилга эга. Бу кўрсаткичлар улуғ мақсад — дунёдаги ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш йўлидан изчил ва босқичма-босқич илгарилаб бораётганимизнинг исботидир.
2014 йилда 34 та олий ўқув муассасасида қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун 173 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Жумладан, Андижон, Қарши давлат университетларида, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳамда бошқа олий ўқув юртларида янги ўқув бинолари ва ахборот-ресурс марказлари қуриш мўлжалланмоқда. Шунингдек, 51 миллиард сўм маблағ ҳисобидан мамлакатимиздаги 17 та олий ўқув юртида капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган.
“Соғлом бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мана шундай фараҳли кунларда мустақил тараққиёт йўлида эришилган, дунё жамоатчилиги тан олган оламшумул ютуқ ва марралар, аввало, изчил ривожланаётган иқтисодиётимиз ва унинг барқарор ўсиш суръатлари, аҳоли фаровонлигининг йилдан-йилга ошиб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборининг тобора юксалиб бораётгани чуқур ва пухта ўйланган мақсад-муддаоларимизнинг ҳаётбахш самарасидир.
Зеро, ўлкамизда олиб борилаётган улкан ислоҳотлар, бунёдкорлик дилда ана шундай ишончни уйғотмоқда. Шунинг учун ҳам Президентимиз буюк келажак йўлида бир тану бир жон бўлиб меҳнат қилаётган заҳматкаш халқимизнинг имкониятларидан келиб чиқиб: “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз”, дея баралла айтган эдиларки, ўз ўрнида бу сўзлар ҳар бир юртдошимиз учун шиорга айланиб улгурди. Майдондаги ҳаракатлар, ўқилган шеъру айтилган қўшиқлар ана шу улуғворликни мадҳ этиб, кўнгиллардаги ишончни янада мустаҳкамлайди.
Ҳар бир юртнинг қудрати, осойишталиги унинг ҳарбий салоҳиятига бориб тақалади. Шундай экан, мустақил давлатимизнинг посбонлари ҳар томонлама тажрибали бўлиши учун истиқлолга эришганимиздан кейин кўплаб соҳалар қатори ҳарбий соҳада ҳам улкан ўзгаришлар рўй берди. Хусусан, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтириш, ҳарбий хизмат борасидаги муҳим қадамлар, армиямизни профессионаллаштириш йўлидаги янгиликлар ўзининг самарасини бермоқда. Ҳарбий хизматчиларни ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳимоя қилиш, зарур тураржой ҳамда маиший шароит билан таъминлаш борасида ҳам ибратли ишлар қилинди. Ана шу янгиланишларни тўласинча акс эттириш учун майдонга юрт посбонлари — Мудофаа, Ички ишлар вазирликлари, Чегара қўшинлари, Миллий хавфсизлик хизмати йигитлари шахдам қадамлар билан кириб келади. Уларнинг ўзига хос кийимлари, дадил ҳаракатлари, шахдам қадам ташлашларига ҳамоҳанг Ватан ҳақида жўшиб куйлашлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бир текис саф тортиб, мағрур қиёфада давра айланаётган йигитларни кузатар экансиз, кўнгилда юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини кўз қорачиғидек асраб-авайлаётган бу мард ва жасур ўғлонлар метин қалқон эканлигидан фахр-ифтихор туясиз.
Мустақиллигимизнинг
23 йиллик тантаналари фақат бош майдонда эмас, бутун юрт узра нишонланади. Бу фараҳбахш байрамни ҳар ким ўз тўёнаси билан қарши олади. Бор меҳрини ерга, экинига берган бободеҳқоннинг баракали ҳосилга қараб хурсанд бўлгани, корхонасидаги маҳсулотларнинг харидоргир бўлганига суюнган тадбиркорнинг шодлиги, қад кўтараётган биноларнинг гўзаллигидан ўзи ҳам баҳра олаётган қурувчининг кўнглидан кечган ҳаяжонлари, хуллас, барча-барча яхшиликларга Истиқлол сабабчи. Ана шу эзгуликларни куйга солиш, уларни мадҳ этиш санъаткорларга шарафли масъулият юклайди. Ўзбекистон миллий ижрочилик ва эстрада санъати усталари, истеъдодли ёшлар ижросида янграган янги қўшиқларда она-юрт наволари тараннум этилди. ВАТАН, ИСТИҚЛОЛ ҳақидаги энг сара қўшиқлар майдон узра жаранглади. Санъаткорлар, иштирокчилар, меҳмонлар — барча-барча биргалашиб ЮРТ ҳақида куйлай бошлаганларида осмонга мушаклар отилиб, бири-биридан чиройли манзаралар, рангин кўринишлар намоён бўлди. Бу завқ-шавқ эса дилда энг азиз туйғу — Ватанга муҳаббатни янада жўш урдиради.
Шундай қилиб, асосий тантаналар якунланади. Аммо унинг таровати диллардан-дилларга ўтиб, манзилма-манзил юриб бизни хушнуд этаверади. Зеро, ВАТАН шодиёнаси энг улуғ, энг азиз бўлиш билан бирга, абадиятга дахлдор айёмдир.
Бу айём ҳар бир дилни мудом саодатга, садоқатга чорлаб туради.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn