Намунали маҳаллалар эътирофи
  • 30 Август 2014

Намунали маҳаллалар эътирофи

Истиқлол йилларида юртимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада фуқаролик жамияти институтлари, хусусан, асрий анъаналарни ўзида мужассам этган маҳалланинг ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти ошиб бормоқда.

Айниқса, унинг ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, оила институтини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятда аҳиллик ҳамда тотувликни таъминлаш, аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни кенг ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги роли беқиёсдир. 
Жумладан, 2014 йилнинг биринчи ярмида фуқаролар йиғинлари томонидан 116 мингга яқин маънавий-маърифий тадбирлар, “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг мазмуни ва аҳамиятига бағишлаб 38 мингдан ортиқ, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизми доирасида ҳамда “Ота-оналар университетлари” томонидан 102 мингта, тўй-ҳашам ва бошқа турли маросимларни ихчам тарзда ўтказиш бўйича 47 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари уюштирилган. Бундан ташқари, маҳаллаларда 34 мингдан ортиқ тадбиркорлик ва оилавий бизнес субъектларини ташкил этишга яқиндан кўмаклашилган.
Бугун нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам ушбу ноёб бошқарув институти фаолиятига юқори баҳо берилмоқда ва унинг илғор тажрибалари катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Урганч шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлодни тарбиялашда маҳалла институтининг роли” мавзуидаги халқаро илмий-амалий давра суҳбати, Жанубий Корея, АҚШ ва Хитой давлатларида маҳалла институти фаолиятини ўрганиш мақсадида уюштирилган халқаро анжуманларда қатнашган хорижлик экспертлар эътирофлари ҳам ана шундан далолат бериб турибди.
Маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнидаги иштироки ва фаоллигини оширишда ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари” танловининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Чиндан ҳам, бу танлов фуқаролар йиғинларининг илғор иш тажрибасини кенг оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу танловнинг республика босқичи пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида юқори савияда ташкил этилди.
— Танловнинг кўлами, аҳамияти йилдан-йилга ошиб бораётгани, айниқса, эътиборлидир, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раисининг ўринбосари Гавҳар Алимова. — Унинг қуйи босқичларида республикамиз бўйича 8 мингга яқин фуқаролар йиғинлари фаол қатнашди. Бу босқичларда фуқаролар йиғинлари томонидан амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, хусусан, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида эришилган ютуқ ва натижалар қонунийлик, ошкоралик, адолат ва тенглик тамойиллари асосида баҳоланди. Шу билан бирга, уларнинг асосий фаолият йўналишлари бўйича комиссиялар ҳамда йиғинларда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш юзасидан ташкил этилган маслаҳат марказлари, “Ота-оналар университетлари”, “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизми фаолиятини намунали йўлга қўйиш борасида олиб борган ишлари атрофлича ўрганилди. Иштирокчиларнинг иш фаолиятида учрайдиган саволларга берган жавоблари, дунёқараши ва ҳозиржавоблиги ҳам синовдан ўтказилди.
Тадбирда эътироф этилганидек, тизимда фаолият кўрсатаётган фаоллар миллий ва умуминсоний қадриятлар — дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби эзгу мақсадларни амалга ошириш йўлида ташаббускорлик кўрсатиб келишмоқда. Танловда уларнинг миллий анъаналаримиз, урф-одатларимизни сақлаш, фуқаролар йиғинларини комплекс ривожлантириш, соҳага оид илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, айни чоғда яратилган кенг имкониятлардан нечоғли тўғри фойдаланилаётгани, соҳага оид миллий қонунчилик ижроси, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ҳамда тинчлик ва осойишталик, аҳиллик ва меҳр-оқибат муҳитини таъминлаш, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига оид ишлари атрофлича сарҳисоб қилинди.
— Маҳалланинг аҳолини аниқ йўналтирилган асосда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш маркази сифатидаги фаолияти янада яққол намоён бўлмоқда, — дейди Учқўрғон туманидаги “Соҳил” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Дилбархон Баҳромова. — Буни ўзимизнинг маҳалла мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳозир бу ерда аҳоли бандлигини таъминлашнинг самарали воситаси бўлган оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинаяпти. Аҳолининг 114 нафари тадбиркорлик, 28 нафари касаначилик, 12 нафари ҳунармандчилик, 58 нафари чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланади. Кейинги пайтларда биргина томорқа хўжалиги негизида 70 га яқин оила ўз бизнесини йўлга қўйди. Ёшларимизнинг кўпчилиги ҳудуддаги савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида фаолият кўрсатмоқда.
Танловнинг якуний босқичида ҳудудларда ғолиб бўлган 14 та фуқаролар йиғини жамоалари ўзларини ҳар жиҳатдан намойиш этишди. Ушбу органларда бажарилган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари ҳамда эришилган натижалар, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар, ҳудудлардаги корхона ва ташкилотлар билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари, шунингдек, фуқаролар йиғинлари раислари, йиғинлар диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси раҳбарлари томонидан жойларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, ёш авлод вакилларининг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун яратилган шарт-шароитлар хусусида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати томонидан ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Унга кўра, Бухоро вилояти ўиждувон туманидаги “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини жамоаси биринчи ўринга лойиқ топилди. Кейинги ўринлар эса Навоий шаҳридаги “Кимёгар”, Шайхонтоҳур туманидаги “Шофайзи”, Сариосиё туманидаги “Бўйрапўш” ва Андижон туманидаги “Исломобод” маҳалла фуқаролар йиғинлари жамоаларига насиб этди. Турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Уларга дипломлар ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
— Маҳалламизда доимий комиссиялар билан ҳамкорликда ишлаш изчил йўлга қўйилгани ютуқлар омили бўлмоқда, — дейди ўиждувон туманидаги “Тошлоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулнора Шамсиева. — Айниқса, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Уларни миллий қадриятлар ва урф-одатларга ҳурмат, она-Ватан ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ишлар ўз самарасини бераяпти. Маҳалламиз аҳолиси бир-бири билан аҳил ва тотув, энг муҳими, кейинги бир неча йил мобайнида вояга етмаганлар ҳуқуқбузарликлари ва жиноятчилиги умуман қайд этилмади. Айни чоғда тадбиркорликни ривожлантириш ҳам доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Аҳолининг 1700 нафари тадбиркорлик, 124 нафари касаначилик, 120 нафари миллий ҳунармандчилик, 176 нафари эса чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланмоқда. Танловда ушбу ютуқларимиз эътироф этилди. Албатта, бундан кейин ҳам фаолиятимизни янада кучайтирамиз. Бу борада бизга танлов асносида қўлга киритган илғор тажрибаларимиз асқатади, деб ўйлайман.
Танлов доирасида ҳунармандлар, усталар, оилавий тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар ва маҳалла ҳаётини акс эттирувчи кўргазма ҳам ташкиллаштирилди.
Қатнашчилар пойтахтимиздаги намунали маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти ва Ҳазрати Имом мажмуида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари билан танишдилар.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов сўзга чиқди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn