Мардлик ва ватанпарварлик тимсоли
  • 30 Август 2014

Мардлик ва ватанпарварлик тимсоли

Она юрт эрки ва озодлиги йўлида азиз жонини аямаган, мардлиги, жасурлиги, юксак ақлу заковати ила ном қозонган буюк аждодларимиз фахру ифтихоримиздир.

Шу маънода, мустақиллик йилларида Президентимиз ташаббуси билан бой тарихимиз, улуғ боболаримиз шахсияти, меросига муносабат тубдан ўзгарди. Уларнинг номи, миллатимиз эркинлиги ва ор-номусини асраш йўлидаги эзгу ишлари қадр топди.
Жалолиддин Мангуберди — она-юрт ҳимоячиси, жасур саркарда ва давлат арбоби, тарихда ўчмас из қолдирган миллий қаҳрамонларимиздан биридир. Унинг беқиёс жасоратини англаш учун, аввало, у яшаган тарихий даврни тасаввур қилиш кифоя. Моҳир саркарда йигирма бир ёшидаёқ Чингизхон қўшинларини тор-мор этишга муваффақ бўлган. У ўн бир йил давомида мўғулларнинг ғарбий ўлкаларга бостириб киришларига тўсиқ бўлиб турди. ўаним олдида бош эгмади, тиз чўкмади, Ватан учун жонини ҳам аямади.
1999 йилда Юртбошимиз ташаббуси билан Жалолиддин Мангуберди таваллудининг 800 йиллиги кенг нишонланди. Урганч шаҳрида унинг муаззам ҳайкали қад ростлади. 2000 йил 30 августда “Жалолиддин Мангуберди” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.
Мазкур орден билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она-юрт тупроғини ҳимоя қилиш ҳамда уни кўз қорачиғидек асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатимизнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар мукофотланади. 
“Давлат мукофотлари тўғрисида”ги Қонунда фуқаролар билан бир қаторда, айрим ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, шу билан бирга, мамлакатимизнинг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам ушбу орден билан тақдирланиши мумкинлиги қайд этилган.
Орден беш қиррали шаклда бўлиб, унинг марказида, оқ айлана билан ҳошияланган доирада таралаётган нурлар фонида Жалолиддин Мангубердининг қабариқ зарҳал тасвири жойлашган. Сиймо ортидаги фон ҳаворанг-мовий эмаль билан қопланган.
Айни пайтгача Президентимиз Фармонига биноан, кўплаб ҳамюртларимиз ушбу орден билан мукофотланган. Бундан ташқари, 2003 йилда Хоразм вилояти аждодларимизнинг тарихий ва маънавий анъаналарини, мардлик ва жасорат намуналарини асраб-авайлаб, муносиб давом эттириб келаётгани, ёш авлодимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун давлатимизнинг юксак мукофоти — “Жалолиддин Мангуберди” ордени билан тақдирланди.
Атиги ўттиз икки йил умр кўрган бўлса-да, юрт эрки ва озодлиги йўлида кўрсатган жасорати, ирода ва саботда тенгсиз хислатлари боис Жалолиддин Мангуберди номи тарих зарварақларига мангу муҳрланди. Зотан, бу ном биз, авлодлар учун чинакам маънода фахр ва ғурур тимсолидир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn