Атроф-муҳит муҳофазаси — асосий мақсад
  • 30 Август 2014

Атроф-муҳит муҳофазаси — асосий мақсад

Экология, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига оид вазифалар миқёси янгича ёндашувлар, жамоатчилик ва давлат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада самарали даражага кўтаришни тақозо этмоқда. Зеро, атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш давлат, жамият ва ҳар бир инсоннинг муҳим бурчидир.

Бу яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон экологик ҳаракатининг республика ҳисобот-сайлов конференцияси бош мавзуси бўлди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ҳудудий бўлинмалардан сайланган делегатлар, Экоҳаракат фаоллари, эколог-олимлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Концепция қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон экологик ҳаракати фаолияти янада юқори босқичга кўтарилди. Мазкур дастуриламал ҳужжатга мувофиқ, Экоҳаракат ўз ишини такомиллаштирди, кенг жамоатчиликни атроф-муҳит муҳофазаси ҳамда ҳудудларда экологик ҳолатни соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга жалб этишга эришди.
Ҳисобот даврида бугунги ва келажак авлоднинг соғлом табиий муҳитда яшаш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, атроф-муҳит ва аҳоли саломатлиги муҳофазаси бўйича Давлат дастурлари ижроси мониторингини таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик маданият ҳамда тарбия тизимини такомиллаштиришга жамоатчиликни янада кенгроқ жалб қилишга йўналтирилган тизимли ишлар амалга оширилди.
Маълумки, дунё парламентаризми тарихида биринчи бўлиб бизнинг мамлакатда Экологик ҳаракат учун депутатлик ўринларини квоталашнинг махсус институти яратилди. Мазкур янгилик экологик муаммолар ечимида парламент ролини оширишда муҳим омилга айланди, депутатлик минбаридан туриб атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги масалаларни илгари суриш ҳамда уларга ечим топиш, жабҳадаги ҳуқуқий базани такомиллаштириш ва ривожлантириш, янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқиш, қабул қилиш ҳамда ижро этишда жамоатчилик ташаббуслари даражасини янги босқичга кўтариш имконини берди.
Атроф-муҳит муҳофазаси соҳасидаги қонунчиликни янада маромига етказиш бўйича муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, Экоҳаракатнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлар гуруҳи томонидан 5 та Қонун ишлаб чиқилиб, қабул қилинди. Шулар қаторида “Экологик назорат тўғрисида”ги Қонун тайёрланиб, у ўтган йилнинг декабрь ойидан эътиборан кучга кирди.
Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш мақсадида 800 га яқин тадбирлар ташкил этилди. Уларда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаол қатнашиб, аҳолининг экологик, санитария-гигиена тушунчаларини ошириш бўйича суҳбатлар, ҳудудлар тозалиги, шаҳарларнинг экологик ва санитар ҳолатини яхшилаш борасида экологик акциялар ўтказилди. Жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш бўйича 480 дан ортиқ жамоатчилик эшитуви ва бошқа тадбирлар уюштирилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон экологик ҳаракати атроф-муҳит муҳофазаси борасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишларни ҳам йўлга қўйди. Ўтган беш йил давомида 20 та халқаро экологик ташкилот ва 30 дан ортиқ мамлакатдаги 40 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатилди.
Конференцияда Экоҳаракат фаолиятидаги тегишли камчиликлар муҳокама этилиб, уларни бартараф қилиш, ҳудудий бўлинмалар кенгашлари фаолиятига доир ҳали ишга солинмаган имкониятларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шулар асосида Ўзбекистон экологик ҳаракатининг атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларини амалга ошириш бўйича 2015 — 2016 йиллар учун ҳаракат дастури маъқулланди.
Конференцияда бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn