Юксак ғурур ва эъзоз тимсоллари
  • 28 Август 2014

Юксак ғурур ва эъзоз тимсоллари

Жорий йил 12 июнь — 13 июль кунлари Бразилияда ўтказилган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилган ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Ирматов Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги шон-шуҳратини янада юксалтириш, халқимизнинг куч-қудрати ва салоҳиятини намоён этишга муносиб ҳисса қўшди.

Президентимизнинг 2014 йил 25 июлдаги Фармонига мувофиқ, халқаро майдонда мамлакатимизнинг спорт соҳасидаги шон-шуҳратини юксалтириш, ўзбек футболининг нуфузини ошириш, миллий футбол ҳакамлари мактабини ривожлантириш ишига қўшган муносиб ҳиссаси учун Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Ирматов “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.
Айтиш жоизки, бундан тўрт йил аввал Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳам Равшан Ирматов муваффақиятли ҳакамлик қилганди. Ўшанда мундиалнинг очилиш маросими ва яна тўртта учрашувни аъло даражада бошқариб, дунёнинг манаман деган давлатларига Ўзбекистон спортчиларининг салоҳияти ва қудратини намоён эта олди. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 20 июлдаги Фармонига мувофиқ, у “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони билан тақдирланди.
Бугун мамлакатимизда фидокорона меҳнатлари билан юрт равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бундай инсонлар кўп. Уларнинг саъй-ҳаракати ва жонбозлиги натижасида Ўзбекистонимиз мустақиллиги мустаҳкамланиб, нуфузи, обрў-эътибори тобора юксалиб бораяпти.
Юртбошимиз ташаббуси билан миллий ўзлигимиз, тарихий анъаналаримиз, қадриятларимизни мужассам этган қатор давлат мукофотлари — орден ва медаллар, фахрий унвонларнинг таъсис этилиши бу борадаги эзгу мақсад-вазифалар рўёбини таъминлашга хизмат қилаётир. Бу эса фидойи, заҳматкаш юртдошларимизнинг хизматини муносиб тақдирлаш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш истиқлолимизнинг дастлабки йиллариданоқ давлат сиёсати даражасига кўтарилганининг ёрқин тасдиғидир.
1998 йилнинг 28 августида таъсис этилган “Эл-юрт ҳурмати” ордени ва “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ана шундай юксак мукофотлар сирасига киради.
Жумладан, мамлакатимиз мустақиллигини, иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтиришга катта ҳисса қўшган, ўз меҳнати, илмий соҳадаги, жамоат ишидаги фаоллиги, меҳнатсеварлиги ва ватанпарварлиги билан жамоатчиликнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлган инсонлар “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланиб келинаяпти.
Мазкур орден марказида рангли йўл билан ҳошияланган “Регистон” меъморий мажмуи, мафтункор водий ва фусункор тоғлар узра мовий осмон, порлаётган қуёш ўз аксини топган. Бу бой тарихимиз, бугунги осойишта ва фаровон ҳаётимиз ҳамда порлоқ истиқболимизнинг рамзидир. “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мамлакатимиз фуқаролари ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
Бугун мамлакатимизда ўз маҳорати, истеъдод ва иқтидори билан дунёни лол қолдираётган ва Ўзбекистон байроғини юксакка кўтараётган умидли ёшларимизнинг сафи тобора кенгаймоқда. Уларнинг ғайрат-шижоатини, орзу-интилишларини кўриб, бундай ёшларни олға бошлаётган қудратли куч — Ватан туйғуси эканлигига амин бўламиз. Табиийки, бу истиқлол йилларида мамлакатимизда спортга бўлган юксак эътибор, яратилган беқиёс имкониятлар самарасидир. Хусусан, бевосита Юртбошимиз томонидан ҳаётга татбиқ этилган уч босқичли тизим — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, Универсиада мусобақалари жисмоний жиҳатдан баркамол ёшларни тарбиялаш, аниқлаш ва муносиб рағбатлантиришга хизмат қилаяпти. Эътиборлиси, ушбу беллашувларда ғолибликни қўлга киритган ёшларимизнинг аксарияти кейинчалик кўплаб халқаро мусобақаларда ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, улкан муваффақиятлар қозонишаяпти.
“Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони ана шундай умидли ёшларимизни рағбатлантириш ва янги марралар сари илҳомлантириш омили бўлмоқда. Ушбу фахрий унвон жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида ва бошқа халқаро спорт беллашувларида ғолиб бўлган, ўз ютуқлари билан Ватанимиз нуфузини, шон-шуҳратини улуғлашга муносиб ҳисса қўшган Ўзбекистон фуқароларига берилади.
Ҳар бир инсон учун эл-юрт эътибори ва эҳтиромини қозонишдан улуғроқ бахт бўлмаса керак. Бу бахтга сазовор бўлиш, Ватан ифтихорига айланиш эса барчамиз учун олий саодатдир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn