Ободлик ва қут-барака асоси
  • 28 Август 2014

Ободлик ва қут-барака асоси

Инсон эзгуликка интилиб яшайди, бахтли-саодатли ҳаёт кечиришни орзу қилади. Фарзандлари камолини кўриш умидида елиб-югуради.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг истиқлол йилларидаги тараққиёт йўлига назар ташлар эканмиз, Юртбошимизнинг тўғри ва ҳаққоний сиёсати туфайли бугун хонадонларимиз файзу баракага тўлиб бораётганига яна бир карра иқрор бўламиз. Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига биноан, “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Эсанбай РАЖАБОВ ўз фикрларини баён этди:
— Истиқлол берган имкониятларни санаб адоғига етолмаймиз. Оддий бир мисол: бундан йигирма-йигирма беш йил илгари Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқарилади, дейилса, бу гапга ким ишонарди?! Мана, бугун Асака ва Самарқандда тайёрланаётган замонавий автомобилларимиз дунё бозорида харидоргир. Улар учун зарур хом ашё ва бутловчи қисмлар ўзимизда ишлаб чиқарилаяпти. Шунинг ўзиёқ иқтисодий салоҳиятимиз нечоғлиқ юксалиб бораётганидан далолат бермайдими?
Қишлоқларимизни кўрсангиз, кундан-кун шаҳар билан бўйлашаяпти. Инфратузилма иншоотлари қад ростлаяпти. Илгари битта оддий цех бўлмаган ҳудудларда айни пайтда ўнлаб замонавий корхоналар ишлаб турибди.
Таққослаш учун маълумот: мустақилликнинг дастлабки йилларида қишлоқ туманларида саноат маҳсулотининг атиги 10 фоизигина тайёрланар эди. Айни пайтга келиб, бу кўрсаткич 30 фоизни ташкил этмоқда. Ишбилармону тадбиркорларимиз чекка ва олис қишлоқлардан туриб, дунёнинг энг ривожланган давлатларидан буюртмалар қабул қилмоқда. Бунинг натижасида қанчадан-қанча ёшлар ишли бўлаяпти, қанчадан-қанча оилалар ҳаёти тобора фаровонлашиб бормоқда. Таълим муассасаларимиздаги шарт-шароитларни айтмайсизми?! Хўш, бу ким учун, нима учун? Албатта, фарзандларимиз, эртанги ёруғ келажагимиз учун.
Айтиш жоизки, жонажон Ўзбекистонимиз — инсон қадри улуғланган юрт. Кексаларга ғамхўрлик, ёшларга эътибор, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишлар бизга нафақат чексиз шодлик, балки фахр-ифтихор бахш этади.
Афсуски, жаҳоннинг турли бурчакларида низолар, фитналар, зўравонликлар авж олмоқда. Ана шу бемаъни келишмовчиликлар туфайли қанчадан-қанча аёллар, болалар, қариялар ҳаётдан кўз юмаётганлигидан эзилиб кетасан киши. Бундай нотинчликларда одамларнинг эртанги кунга ишончи сўниши тайин.
Дунёда юз бераётган бу каби ташвишли воқеалар, албатта, ҳар бир юртдошимизни мамлакатимиздаги тинчлик ва омонликнинг қадрига етиш, ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашга ундайди. Ахир осойишталик барқарор юртдангина барака аримайди, ободлик ва фаровонлик ҳукм суради.

«Халқ сўзи» мухбири
А. МУҲАММАДИЕВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn