Бебаҳо неъмат саодати
  • 27 Август 2014

Бебаҳо неъмат саодати

Йигирма уч йилдирки, юксак марраларни забт этаяпмиз, ҳавас қилса арзигулик ютуқларга эришаяпмиз.

Шак-шубҳасиз, бунинг замирида Мустақиллик деб аталган бебаҳо неъмат, халқимизнинг фидокорона меҳнати, унинг эртанги кунга бўлган ишончи, эзгу орзу-интилишлари мужассам.
Биз ерни силаб, ундан барака сўраб, елкамизда кетмонни кўтариб юрган деҳқонлардан биримиз. Мустабид замонда ҳақсиз-ҳуқуқсиз, қаддимиз букилиб, ёшлигимиз эзилиб ўтди. Ўша кезларда ердан қор кетгандан қор тушгунча далада ишлаб, тер тўксак-да, уйимизда ошиқча бир ҳовуч буғдойимиз бўлмаган. Бола-чақамизнинг тили пахтазорда чиққан, лекин анжирни кўрса “бу нима?” деб сўрагани ҳам бор гап. Ҳозир кўпчиликка, айниқса, ёшларга ғалати туюлар, лекин бу — ўтмиш ҳақиқати.
Истиқлол келди-ю, эгилган қаддимизни ердан кўтардик. Юртбошимиз юртимиздан қоронғиликни ҳайдади. Ёруғликнинг йўлини очди. Яратганга шукр, шундан буён барча орзу-ниятларимиз ушалиб бораяпти.
Ўтган асрда елкам яғир деҳқон эдим. Бугун бахти кулган фермерман. Хўжалигимизнинг ер майдони 134 гектардан ошиқроқ. Асосан, пахта ва ғалла, сабзавот етиштирамиз. Жамоамизда 35 киши меҳнат қилади.
Билсангиз, пахта яккаҳокимлиги пайтида мана шу ерларнинг “жони суғуриб” олинганди. Фаолият бошлабмизки, ерларимизнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга ҳаракат қилаяпмиз. Юртбошимизнинг бу борадаги муҳим қарор ва кўрсатмалари мушкулимизни осон қилди. Кейинги уч-тўрт йилнинг ўзида бу мақсадга 180 миллион сўм маблағ йўналтирдик. Ариқ-зовурларни тартибга келтирдик. Янги сув насослари ёрдамида сув таъминотидаги муаммоларимиз ҳам ҳал бўлди. Кейинги уч йилнинг ўзида суғориладиган ерларимизнинг бонитети 60 дан 80 га кўтарилди. Ҳосилдорлик ҳам шунга яраша ошди. Пахта ҳосилдорлиги аввалги 28 дан 42 центнерга, ғалла ҳосилдорлиги эса 45 дан 75 центнерга етди.
Айтгандек, шунча йил ер билан “тиллашиб” орттирган билим ва тажрибаларимизни ёшларимизга ўргатишга ҳам интилаяпмиз. Шу бир-икки йил орасида хўжалигимизга 11 нафар коллеж битирувчисини ишга қабул қилдик.
Энди бир олам қувончимдан сўз айтай. Куни кеча Президентимиз Фармонига мувофиқ, бир гуруҳ юртдошларимиз Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан мукофотланди. Улар сафида истиқлол мулкдорлари — фермерларнинг кўплиги ажиб хушкайфият бахш этди. Биз бу эътиборни юксак ишонч ва масъулият, деб қабул қиламиз. Бундан буён ҳам юртимиз равнақи, элимиз фаровонлиги йўлида бор куч ва ғайратимизни сарфлаймиз.

Эркин САЙДКАСИМОВ,
Қуйи Чирчиқ туманидаги «Саид Эркин» фермер хўжалиги раҳбари,
«Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn