Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги — бош мақсад
  • 27 Август 2014

Юртимиз тинчлиги ва осойишталиги — бош мақсад

Шу кунларда юртимизда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғоя асосида кенг кўламли амалий-ташкилий, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Зеро, қарорда алоҳида таъкидланганидек, бугун биз бошимиздан кечираётган ўта таҳликали ва қалтис замонда, ён-атрофимизда турган хавф-хатарлар кучайиб бораётган бир шароитда бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталикни кўз қорачиғидек сақлаш, миллатлар ва фуқаролар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшашни давр тақозо этади.
Бу борада ички ишлар идоралари ходимларининг ўрни алоҳида эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боисдан ҳам истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ тизимни изчил ислоҳ қилишга киришилди. Буни давлатимиз раҳбарининг 2001 йил март ойидаги Фармони билан Ички ишлар вазирлиги ва унинг жойлардаги идоралари фаолиятини ижобий томонга ўзгартиришга қаратилган ишлар рўёбга чиқарилиб, салмоқли ютуқлар қўлга киритилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Жиноят қидирув ва терроризмга қарши кураш, Тергов, Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, Патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш, Ёнғин хавфсизлиги, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари  тубдан ислоҳ қилиниб, моддий-техник базаси жаҳон андозалари даражасида такомиллаштирилди. “Маҳалла посбони” жамоат тузилмалари ташкил этилиши натижасида аҳоли билан ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланди.
Шуларга мос равишда тизимни малакали кадрлар билан таъминлашга жиддий эътибор қаратиб келинаётир. Ўтган даврда ИИВ тизимидаги олий ўқув юртлари  — ИИВ Академияси, Тошкент олий ҳарбий техника билим юрти, Ёнғин хавфсизлиги олий техник мактаби ташкил этилдики, ушбу муассасаларда тарбияланган малакали кадрлар бугун юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида астойдил меҳнат қилмоқдалар.
Тизимда олиб борилаётган бундай кенг кўламли янгиланишлар самараси ўлароқ, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар йилдан-йилга камайиб бораётгани халқимизни ҳаммасидан кўпроқ қувонтиради. Жиноятчиликка қарши кураш борасида жамоатчилик ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорликда кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида умумий жиноятчилик 1,3 фоиз, ўта оғир жиноятлар 7,2 фоиз, шу жумладан, вояга етмаганлар жиноятчилиги 5,9 фоиз, жамоат жойларида содир этилган жиноятлар эса 3,8 фоиз камайишига эришилгани, албатта, ишимиздаги ижобий ўзгаришдан далолат.
Яна бир ҳаётий мисол. Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд 3 минг 712 та милиция таянч пунктининг аксариятида фан ва спорт тўгараклари, кичик бизнес шохобчалари, замонавий спорт майдончалари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга шу ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳоли, хусусан, ёшлар ва ўсмирлар кенг жалб қилинган. Бу амалда ўз самарасини бераётир. Ўтган йилда 2 минг 230 дан ортиқ маҳаллаларда биронта ҳам жиноят содир этилмагани шундан далолат, десак, муболаға эмас. 
“Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиқиб, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, уларнинг ҳуқуқий онгини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар ҳам ўз натижасини бермоқда. Бу борада умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари, маҳаллалар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилгани айни муддао бўлмоқда. Пировардида охирги беш йил давомида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар 14 фоиз камайишига эришилди.
2014 йил 15 май куни эълон қилинган “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтаради. Зеро, мазкур ҳужжат ушбу йўналишдаги ишларни амалга оширишда мустаҳкам ҳуқуқий асос ва дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. 
Бу борада эришаётган ютуқларимиз кўп. Бизни янада қувонтиргани, ушбу натижаларимиз халқаро мутахассислар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Жаҳон миқёсида қонун устуворлигининг навбатдаги индексини эълон қилган “The World Justice Project” мустақил халқаро ташкилоти йиллик маърузасида Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш бўйича етакчи 5 та давлат қаторидан ўрин олганлиги бунинг яққол далилидир.
Энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида ушбу йўналишдаги ишлар кўлами янада кенгайди. Аниқ айтадиган бўлсак, Ички ишлар вазирлигининг Ҳайъат йиғилиши кун тартибида Мустақиллигимизнинг йигирма уч йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш мобайнида хавфсизликни ва осойишталикни таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш борасидаги муҳим вазифалар белгилаб олиниб, шулар юзасидан чора-тадбирлар кўрилаяпти.
Маълумки, 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” мажмуасида қатағон қурбонлари хотираси ёд этилади, “Мустақиллик ва эзгулик монументи” пойига гулчамбар қўйилади, Мустақиллик умумхалқ байрамига бағишланган асосий байрам тадбири ўтказилади ва жаннатмонанд юртимизнинг истироҳат боғлари, хиёбон  ва майдонларида халқ сайиллари уюштирилади, таълим муассасаларида “Билимлар куни” ҳамда 1-синфга қабул қилинган ўқувчиларга “Президент совғаси”ни топшириш тантаналари бўлиб ўтади. Уларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш жараёнида хавфсизлик ҳамда осойишталикни сақлаш ички ишлар органлари ходимларидан катта масъулият ва ҳушёрликни талаб этади.
Тинчлик ва осойишталик деб аталган улуғ неъматни асраб-авайлаш нафақат ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, балки шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, маҳаллалар, Республика Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ЁИҲ, Хотин-қизлар кўмитаси бошланғич ташкилотлари, педагогик жамоалар, маҳалла посбонлари — кенг жамоатчилик саъй-ҳаракати, айниқса, бу борада жуда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, барчамизнинг эзгу мақсадимиз  — юртимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш орқали Ватанимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини бундан-да оширишдан иборатдир.

Илҳом ТУРҒУНОВ,
Ички ишлар вазирлиги Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn