Фарзандлар иқболи — бизнинг бахтимиз
  • 26 Август 2014

Фарзандлар иқболи — бизнинг бахтимиз

Истиқлол барчамизга беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди.

Айниқса, таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор туфайли фарзандларимиз замонавий ва муҳташам ўқув даргоҳларида энг илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда сабоқ олиш бахтига мушарраф бўлишди. Президентимиз ташаббуси билан мустақилликнинг илк йилларидаёқ
“Таълим тўғрисида”ги Қонун ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг амалиётга жорий этилиши соҳада туб бурилиш ясади.
Ўқитувчилик чинакамига шарафли касбга айланди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари асосида ўқитувчи ва мураббийларга ҳақ тўлаш тизими такомиллаштирилди. Бунинг натижасида ўқитиш сифати ҳам ўзгарди, педагоглар ўз устида астойдил ишлайдиган бўлди.
18 йилдан бери Олтинкўл иқтисодиёт коллежида ишлаяпман. Мазкур даргоҳ фаолият бошлаган ўқув йилининг илк куни ҳалигача ёдимда. Ўшанда педагогик жамоамиз билан ёшларга таълим-тарбия бериш ва касбий кўникмаларнинг сифатли ўзлаштирилишига алоҳида эътибор қаратишга келишиб олган эдик. Интилишларимиз бесамар кетмади. Кейинчалик ўз номи билан иқтисодиёт соҳаси мутахассисларини тайёрлашга мўлжалланган коллежимизда қўшимча даромад топиш йўлларини изладик. Дастлаб ташландиқ ерда ёрдамчи хўжалик ташкил қилдик. 6 сотих майдонда 3 та иссиқхона қурдик. Уларда бодринг, помидор, лимон етиштирдик.
Каттагина майдонда экилган тераклар етилгач, ҳашар йўли билан 4 та бино қуришга муваффақ бўлдик. 2005 — 2009 йилларда қўшимча футбол, қўл тўпи, енгил атлетика майдончалари, сузиш ҳавзаси, тренажёр зали каби иншоотларни, асосан, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига қурдик. Бу ҳам куннинг долзарб масалаларидан бири — ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришда қўл келди.
Маслакдошларим кўплигидан хурсандман. Жамоадошларим орасида фан докторлари, фан номзодлари, ўқув-адабиётлар муаллифлари, турли танловлар ғолиблари бор. Улардан ўрнак олаётган ўқувчиларимиз ҳам ўз иқтидорларини намоён қилмоқда. Хусусан, ўғил-қизларимиз мунтазам равишда фан олимпиадаларининг туман, вилоят ва республика босқичларида фахрли ўринларни эгаллаб келади. Қолаверса, улар орасида “Баркамол авлод” спорт мусобақалари ғолиблари, муайтай, кураш, кикбоксинг бўйича чемпионларимиз борлигидан фахрланамиз. Жумладан, ўтган йили кикбоксинг бўйича ташкил этилган халқаро турнирда Исломбек Мамарасулов бронза медаль билан тақдирланди. Яна бир ўқувчимиз Тўланбой Жўраев айкидо йўналиши бўйича республика чемпиони бўлди.
Ярим асрдан буён педагогик фаолият олиб бораётган инсон сифатида баралла айта оламанки, эл орасида муаллим касби ҳозиргидек қадр топмаган. Бу ҳам бўлса, баркамол авлод тарбиясига қаратилаётган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Худди шунингдек, мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллик тантаналари арафасида Президентимиз Фармонига кўра, камтарона хизматларимиз эвазига “Ўзбекистон Қаҳрамони”  унвони берилиши ҳам ўқитувчи ва мураббийларнинг машаққатли меҳнати юксак эъзозланаётганлигини исботлаб турибди.
Тинч-осуда юртда яшаш, эл назарига тушиш, шогирдлар камолини кўриш — улкан бахт. Шундай экан, Президентимизга чексиз миннатдорчилигимни изҳор этаман. Улкан эътирофга жавобан навқирон авлодни тарбиялашдек масъулиятли вазифа йўлида бор маҳоратим ва билимимни аямайман.

Шукуржон МАМАТҚУЛОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Олтинкўл иқтисодиёт коллежи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn