Истиқлол илҳомлари
  • 23 Август 2014

Истиқлол илҳомлари

“Энг улуғ, энг азиз” республика танлови ғолиблари аниқланди.

Мустақил Ватанимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига қаратилган ғоя ва мақсадларнинг одамлар қалбига етиб боришида ижодкордан катта масъулият ва маҳорат талаб этилади.
Ана шу мезонларга амал қилиб, фаолият юритаётган инсонларнинг асарлари китобхону ўқувчилар, томошабину тингловчилар қалбидан чуқур жой олади, уларни юртни севишга, тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлашга даъват этади.
Кеча Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган “Энг улуғ, энг азиз” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбирда ана шундай сара ижод намуналари алоҳида эътироф этилди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, турли вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Бадиий академия, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ёзувчилар уюшмаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танлов “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этгани ҳолда, Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги руҳига мос равишда ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида жамиятда ижод аҳлини қўллаб-қувватлаш, ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, сўз эркинлигини таъминлаш, журналист масъулиятини ошириш, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини қайд этдилар.
“Энг улуғ, энг азиз” танлови бадиий асарлар, босма ОАВ ходимларининг журналистик ишлари, телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари, тасвирий ҳамда кино санъати асарлари йўналишларида ўтказилди. Унинг республика босқичига 400 нафарга яқин ижодкордан 5 мингдан зиёд ижодий ишлар қабул қилинди.
Тақдирлаш маросимида ҳар бир йўналиш бўйича 1, 2, 3-ўринлар ғолиблари ҳамда рағбатлантирувчи мукофот соҳибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn