Умрбоқий ришталар
  • 23 Август 2014

Умрбоқий ришталар

Ўзбекистон — ўз мустақил тараққиёт йўлини қатъий белгилаб, истиқбол сари дадил одимлаётган мамлакат. Бу борадаги изчил ислоҳотларнинг пировард мақсади эса ёш авлоднинг ҳеч кимдан кам бўлмай камол топиши, иқтидор ва истеъдодини тўлиқ намоён этиши учун кенг имконият яратиб беришга қаратилган.

Бугун мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёдини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, давлатимизнинг ёшларга оид сиёсати нақадар тўғри ва оқилона эканлиги яна бир карра аён бўлади.
Қувонарлиси, айни пайтда йигит-қизларимиз дунёнинг энг тараққий этган давлатларидаги ўқув юртларида таҳсил олиб, юксак билим ва салоҳияти билан эътибор ҳамда эътироф қозонишмоқда. Спорт, санъат ва бошқа соҳалардаги муваффақиятларимиз ҳам ҳар қанча кўз-кўз қилишга арзийди. Энг муҳими, улар қалбида Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғулари тобора мустаҳкамланиб бораяпти.
Албатта, фарзандлар камолоти, энг аввало, оиладан, маҳалладан бошланади. Айниқса, бу жараёнда кекса авлод вакилларининг ҳиссаси ва хизмати беқиёс. Зеро, ўзбек халқи — болажон халқ. Меҳр-оқибат, бағрикенглик, олижаноблик қон-қонимизга сингиб кетган. Шу боис фарзандларимизга ҳамиша эзгулик тилаб, яхшилик улашиб яшаймиз, топганларимизни даставвал уларга илинамиз. Бу ҳақда сўз кетганда, файласуф шоир ўафур ўуломнинг “Сизга” номли шеъри ёдга тушади:
Сиз, ахир, осмонни олмоқ бўлсангиз,
Не учун елкамни тутиб бермайин.
Ақлу балоғатнинг шотуларидан
Юксала берингиз секундлар сайин.
Бинобарин, шоир “Йигитларга” номли шеърида ҳам шундай фикрларни мисраларга марвариддек тизиб чиққан:
Йигитлар халқларнинг мақтови-кўрки,
Наслнинг жавҳари, давлат таянчи,
Юртнинг ободлиги, тўйлар сабаби,
Элнинг гуркираши, файзи-қувончи.
Дарҳақиқат, ота-оналар учун фарзандлари камолини кўришдан ҳам зиёда бахту саодат йўқ. Бу айни пайтга келиб мамлакат миқёсидаги эзгу анъанага айланиб, Юртбошимизнинг Ўзбекистон ёшларига кўрсатаётган оталарча ғамхўрлигида яққол намоён бўлмоқда. Зотан, бундай умрбоқий ришталар бор экан, халқимиз зинҳор завол кўрмайди.

Абдуғафур РАСУЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn