Ошкоралик, адолат ва тенглик
  • 22 Август 2014

Ошкоралик, адолат ва тенглик

Энг намунали маҳаллалар фаолияти ушбу мезонлар асосида баҳоланди.

“Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари якунига етди.
Андижон вилояти босқичида 868 та фуқаролар йиғини орасидан сараланган 17 та жамоа ғолиблик учун баҳс олиб борди. Уларнинг ҳудудларда амалга оширган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ва бу борада эришган натижалари, шунингдек, жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳолининг, хусусан, аёллар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни изчил ривожлантириш йўналишларидаги фаолиятлари ошкоралик, адолат ва тенглик тамойиллари асосида баҳоланди.
Танлов якунида Андижон туманидаги “Исломобод” маҳалла фуқаролар йиғини ғолиб, деб топилди.
— Ҳудудимизда 4474 киши истиқомат қилади, — дейди ғолиб маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қурбоной Юлдашева. — Обод гўшалардан бирига айланган маҳалламизда сўнгги уч йилда намунавий лойиҳалар асосида 57 та тураржой ўз эгаларига топширилди. Ўтган йилда Германия технологияси бўйича 9 гектар майдонда интенсив тутзор ташкил қилинди. Учта кўчага асфальт ётқизилмоқда. Яқинда касб-ҳунар коллежларини тамомлаган 112 нафар битирувчининг 24 нафарига имтиёзли кредит олишда ёрдам бердик. Танловда шу ютуқларимизни намойиш этиш баробарида, ўзимиз кўплаб илғор янгиликлардан хабардор бўлдик. Бу эса ишда янада самарадорликка эришишимизда қўл келади, албатта.
Танловнинг Хоразм вилояти босқичи ҳам қизғин кечди. 130 та фуқаролар йиғини орасидан 11 таси шу босқич учун саралаб олингани ҳам ана шундан далолат бериб турибди.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларининг фаолиятига оид кўрсаткичлари ва эришилган ютуқларига алоҳида эътибор қаратилди. Айни  чоғда уларнинг аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, маҳаллани тадбиркорлик ва оилавий бизнес марказига айлантиришдек муҳим вазифаларни қай даражада уддалаётгани ҳамда “Оила — маҳалла — таълим муассасаси” ҳамкорлик механизмини кучайтириш юзасидан олиб бораётган ишлари ўрганилди.
Танлов якунига кўра, биринчи ўрин Хива туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинига насиб этди.
— Танлов қизғин тарзда ўтди, — дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси ўайрат Юсупов. — Ушбу тадбир давомида қилган меҳнатимиз, эришган ютуқларимизга юқори баҳо берилди. Танлов асносида келгусида амалга оширадиган ишларимизни режалаштириб олдик. Бу ерда илғор тажрибалар билан ҳам танишдикки, шубҳасиз, бу фаолиятимизни янада кучайтиришда асқатади.
Тадбир доирасида ҳунармандлар, усталар, оилавий тадбиркорлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар ва маҳалла ҳаётини акс эттирувчи кўргазма ҳам ташкил қилинди.
Мамлакатимизда “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Янгиланишлар жараёнида халқимизнинг бой тарихий тажрибаларини ўзида мужассам этган ноёб бошқарув тизими — маҳалланинг фаол иштироки ва нуфузи ҳам тобора ортиб бораётир. Хусусан, ёшларни ҳар жиҳатдан баркамол инсонлар қилиб тарбиялаш, оила институтини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, жамиятда аҳиллик, тотувлик ва меҳр-оқибатни таъминлаш борасида унинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Танловнинг Қашқадарё вилояти босқичида шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Айни пайтда вилоятдаги 644 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органида фаолият кўрсатаётган фаоллар миллий ва умуминсоний қадриятлар — дўстона қўшничилик ва ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, ёрдамга муҳтож инсонларга ғамхўрлик кўрсатиш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби эзгу мақсадларни амалга ошириш йўлида самарали хизмат қилмоқда.
Қизғин ўтган тадбирда уларнинг фаолиятига оид кўрсаткичлари, эришган ютуқлари ва шуларни акс эттирувчи ҳужжатлар ҳамда фотоальбомлар, маҳалла аҳлининг фаровон ҳаёт кечириши учун қилган ибратли ишлари, билими ва дунёқараши алоҳида ҳисобга олинди. Пировардида Нишон туманидаги “Ойдин” маҳалла фуқаролар йиғини биринчи ўринга муносиб, деб топилди.
— Маҳалламиздаги 1085 та оилада 5606 нафар аҳоли истиқомат қилади, — дейди мазкур маҳалла фуқаролар йиғини раиси Қурбон Жумаев. —  Айни чоғда фаолиятимиз давомида миллий қадрият ва урф-одатларни кенг тарғиб қилиш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳудудда аҳиллик ва тотувликни таъминлаш, аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш йўналишларига алоҳида эътибор қаратиб келаяпмиз.
Кўрик-танловнинг Фарғона вилояти босқичи ҳам маҳаллаларда миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, аҳоли турмуш даражасини янада ошириш, фуқаролар йиғинларини комплекс ривожлантириш борасидаги кенг қамровли ишларни ўрганиш, рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштиришда айни муддао бўлди.
Танлов шартларини юқори савияда бажарган Ўзбекистон туманидаги “Қорёз бобо” қишлоқ фуқаролар йиғинига ғолиблик насиб этди.
— Маҳалламиз танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш учун пухта тайёргарлик кўрди, — дейди ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Худойназаров. — Айниқса, маҳалламиздаги ҳамкор ташкилотларнинг қўллаб-қувватлаши катта самара берди. Ҳозирги пайтда маҳалламизда 7 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 18 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолият кўрсатаяпти.
Мухтасар айтганда, “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи” кўрик-танловининг ҳудудий босқичлари “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида юқори савияда ўтказилди.

Вилоят мухбирлари материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тараққиётимиз қудрати Умрбоқий ришталар »