Тараққиётимиз қудрати
  • 22 Август 2014

Тараққиётимиз қудрати

Ўзбекистонни бетакрор юрт, деб бежиз таърифлашмайди. Зеро, юртимизда ҳар фаслнинг ўз гашти, ўз таровати бор. Ширин-шакар меваларимиз, полиз маҳсулотларимизни дунёнинг исталган бозорида учратасиз.

Табиий иқлим шароитимиз-ку, азалдан тилга тушган. Қолаверса, заминимиз табиий захираларга ҳам жуда бой.
Қаранг, бугун биргина Қашқадарё вилояти ҳудудидан нефть, газ, олтингугурт сингари иқтисодиётимиз учун муҳим бўлган хом ашёлар қазиб олинмоқда. Бундай ноёб саноат хом ашё захиралари янги-янги лойиҳалар рўёбига йўл очаётир. Масалан, табиий газни чуқур қайта ишлаб, ундан оппоқ марвариддек полиэтилен гранулалари ажратиб олиш — ўта мураккаб жараён. Истиқлол шарофати билан биз шундай маҳсулот тайёрлашни йўлга қўйдик. Мазкур муҳим хом ашёдан қувур ва мебелдан тортиб, уй-рўзғор буюмлари ва безаклар, саноат учун зарур маҳсулотлар тайёрлашда кенг фойдаланилади. Полиэтилен эса металл, ёғоч ва резина-техник материаллар ўрнини босади. Шўртан газ-кимё мажмуасининг Марказий Осиёдаги йирик корхоналардан бири сифатида танилишининг боиси ҳам айнан ушбу маҳсулотлар маҳаллийлаштирилганлигида, десак, асло муболаға эмас.
Айни кунларда мажмуада МДҲ ва Европада ягона бўлган GTL-метан газидан синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш лойиҳаси устида иш олиб борилаяпти. Бу орқали Евро-IV, Евро-V стандартларига мос дизель ёқилғиси ҳамда авиакеросин ишлаб чиқариш кўзда тутилган.
Тўғриси, бир вақтлар яйдоқ қир-адирлар бағрида Ўзбекистон салоҳиятини жаҳонга кўз-кўз қиладиган шундай мажмуалар қад ростлашини хаёлимизга сиғдира олмасдик. Эндиликда уларни ўзимиз қуриб, ўзимиз ишлатаяпмиз. Бу орқали эса мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаяпмиз.

Аброр АБДУРАҲМОНОВ,
Шўртан газ-кимё мажмуаси этилен цехи смена инженери.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Унутилмас завқ Ошкоралик, адолат ва тенглик »