«Ўзбекистон — салоҳияти юксак мамлакат»
  • 21 Август 2014

«Ўзбекистон — салоҳияти юксак мамлакат»

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида шаҳар ва қишлоқларимизни ободонлаштириш, аждодларимиздан қолган маданий бойлик ҳамда ёдгорликларни қайта тиклаш, улуғ алломаларимизнинг юксак салоҳиятини жаҳон миқёсида кенг тарғиб этишга жуда катта эътибор қаратилиб, бу борада кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Натижада хорижликларнинг юртимизга бўлган қизиқиши ортди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши, Шаҳрисабз, Тошкент, Марғилон, Қўқон сингари ўнлаб шаҳарларимизни, улардаги бетакрор обидалар, осмонўпар миноралар, нақшу нигорларни, янгича қиёфа касб этиб бораётган ҳудудларимизни ўз кўзи билан кўриш иштиёқида бўлган сайёҳлар оқими кўпайди.

Улардан сафар таассуротлари ҳақида сўрасангиз, энг аввало, Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни тилга олишади. Халқимизнинг самимийлиги, меҳмондўстлигидан сўз очишади. Албатта, Ватанимизнинг гўзал ва мафтункор эканини алоҳида таъкидлашади. Бундай муносабатлар шу юрт фарзанди сифатида қалбимизда ўзгача фахр уйғотиши табиий.

Мухбиримиз Мустақиллигимизнинг 23 йиллик байрами арафасида мамлакатимизга ташриф буюрган чет эллик сайёҳларнинг айримлари билан суҳбатда бўлди.

Федерико 

АЛЕССАНДРИЯ (Италия):

— Юртингизга турмуш ўртоғим билан келдим. Туринда яшаймиз. Архитекторман. Шу боис бўлса керак, эътиборимни, энг аввало, қадимий мадрасаю карвонсаройлар, тоқилар ҳамда замонавий бинолар тортди. Мени уларнинг ўзига хос меъморий ечими қизиқтириб қўйди. Айниқса, Бухородаги маҳобатли Минораи Калонни кўриб, ҳайратга тушдим. Қадимий иншоотларнинг салобати, кўркамлиги ота-боболарингизнинг юксак салоҳиятидан далолат бериб турибди.

Шундай бебаҳо бойликларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келаётган, анъаналар давомчиси бўлган халқингизга таҳсинлар айтаман. Дарвоқе, Ўзбекистон тўғрисидаги маълумотларни дастлаб интернетдан олдим. Улар билан танишгач, юртингизга сафар қилиш истаги туғилди. Халқингизнинг хушфеъллиги, меҳмондўстлигини илк келган кунимиздаёқ дарров сездик. Ким билан кўришсак, очиқ чеҳра билан қарши олади. “Хуш, келибсиз. Сайёҳатингиз мароқли ўтсин”, дея илтифот кўрсатади. Бунақанги меҳр-оқибатни ҳамма жойда ҳам учратавермайсиз. Хивада, Бухорода бўлганимизда ўзимизни худди уйдагидек ҳис этдик. Олдинда бизни яна бир мароқли саёҳат кутиб турибди. Энди Самарқандга йўл оламиз. Дунёга машҳур бу афсонавий шаҳарни, Регистонни анчадан буён кўриш орзусида эдим. Ниятим рўёбга чиқаётганидан бениҳоя мамнунман.

Ҳадемай мустақиллик байрамингизни нишонлар экансиз. Фурсатдан фойдаланиб, бутун Ўзбекистон халқини ана шу қутлуғ айём билан қутлайман. Яна янгидан-янги муваффақиятларга эришишингизга тилакдошман.

Гвидо ХАРТМАНН 

(Германия):

 — Ўзбекистонга илк бор келишим. Бир олам таассуротлар оғушидаман. Қадимий Бухоронинг кўчаларида ўзимни гўё бир зумга тарихга қайтгандек ҳис қилдим. Айниқса, сўлим Лабиҳовуз ва унинг атрофида қад ростлаган қадимий ёдгорликлар мени мафтун этди. Неча минг йиллик ўтмишга эга шаҳар кечаю кундуз одамлар билан гавжумлигини айтмайсизми?! Кимдир оиласи билан истироҳат боғини айланаяпти, бошқаси сўлим хиёбондаги ўриндиққа ўтириб олиб, китоб ўқияпти, дўконларда савдо-сотиқ бир маромда кечаяпти. Қолаверса, ҳамма ерда қурилиш давом этмоқда. Булар, албатта, тинчлик ва осойишталикдан, халқнинг кайфияти кўтаринкилигидан далолатдир.

Яна бир жиҳат диққатимни тортди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси анча ривожланган экан. Замонавий меҳмонхоналар, дам олиш масканлари, ресторанлардаги шароитлар ҳавас қилса арзигулик даражада. Таклиф этилаётган туристик йўналишлар ҳам қизиқарли. Назаримда, шунинг учун ҳам ҳар қадамда дунёнинг турли давлатларидан келган, инглиз, немис, француз, япон каби кўплаб тилларда гаплашаётган сайёҳлар учрайди.

Хива, Бухоро, Самарқанд, Тошкент сингари гўзал шаҳарларингизни томоша қилиш, бу ажойиб юртнинг маданияти, тарихи билан яқиндан танишишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйиб, адашмаган эканман. Германияга қайтгач, таассуротларимни дўстларимга, яқинларимга мароқ билан сўзлаб бераман. Ишончим комилки, улар қизиқиб қолишади ва Ўзбекистонга саёҳат қилишга ошиқишади.

 

Сачико КУРОСАВА 

(Япония):

— Япон ва ўзбек халқларининг турмуш тарзи, маданиятида ўхшаш жиҳатлар кўп. Юртингизда бўлиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдим. Ўзбеклар ҳам меҳнаткаш, оилапарвар, юртсевар инсонлар экан. Бухородаги қадимий Арк қалъаси, Сомонийлар мақбараси, Масжиди Калон каби тарихий обидалар халқингизнинг бой ўтмишидан сўзлаб турибди. Менга мустақиллик йилларида қурилган замонавий бинолар, боғу хиёбонларни ҳам кўрсатишди. Уларга боқиб, Ўзбекистон — салоҳияти юксак мамлакат, деган хулосага келдим.

Ўзбекистон ёшлари ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Уларнинг илму ҳунар ўрганишга иштиёқи баландлиги шундоқ кўриниб турибди. Икки-учта тилда бемалол сўзлаша олишини айтмайсизми?! Қадимий шаҳарлардаги қай бир ҳунарманднинг устахонасига кирмайлик, унинг ёнида уч-тўрт нафар шогирди ўтирганига гувоҳ бўлдик. Демак, қадриятлар, анъаналар давомийлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор берилаётган экан. Бу ибрат олишга арзийдиган жиҳат.

Ўзбекистонга қисқа муддатга келгандим. Шунга қарамай, бу юрт менга қадрдон бўлиб қолди. Серқуёш ўлкангизга яна келиш ниятидаман. Бағрикенг, меҳмондўст, чеҳраси ҳамиша очиқ халқингизга ўзимнинг энг яхши тилакларимни билдираман.

Истам ИБРОҲИМОВ 

ёзиб олди.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn