Аҳоли ижтимоий ҳимояси ва ислоҳот
  • 21 Август 2014

Аҳоли ижтимоий ҳимояси ва ислоҳот

Шу кунларда республикамизнинг барча ҳудудларида энг улуғ, энг азиз айёмимиз — Мустақиллик байрамини муносиб кутиб олишга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Чунончи, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилаётган тадбирлар аҳолини, айниқса, ёшларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар меҳнатини енгиллаштириш, манфаатларини ҳимоялаш, маънавиятини юксалтириш, уларни меҳнат жамоаларида ташкил этилаётган маданий-маърифий ва спорт тадбирларига кенг жалб этиш, шу орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг “Оилаларнинг ижтимоий-маиший шароитларини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хонадонларнинг маиший ва ошхона электр жиҳозлари билан таъминланишини яхшилаш, аёлларнинг 

уй-рўзғор юмушларини енгиллаштиришга қаратилган истеъмол кредитларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган ишларга касаба уюшмалари муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари томонидан мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшовчи қарийб 2 минг нафарга яқин аёлларга электр маиший техника жиҳозлари байрам арафасида топширилди.

Чунончи, Сирдарё ва Навоий вилоятларида ташкил этилган тадбирларда салкам 300 нафар аёлга электр маиший техника жиҳозлари, меҳнатда алоҳида ўрнак кўрсатаётган фаол ва ташаббускор инсонларга тизимдаги санаторийларга имтиёзли йўлланмалар, шунингдек, талаба ва ўқувчиларга касаба уюшмалари стипендияси сертификатлари тақдим этилди. Айниқса, ҳарбий хизматчилар ҳамда ички ишлар идоралари оилаларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар соҳа вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг ёрқин намунаси бўлмоқда. 

Шу ўринда Федерация саъй-ҳаракати билан хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, таълим олишлари ва жамоатчилик ишларида фаоллигини кучайтириш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларни қайд этиш ўринлидир. Хотин-қизларга меҳнат дафтарчалари очиш билан бир қаторда, уларнинг ижтимоий муҳофазасига ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. 

Кам таъминланган, иқтидорли ва жамоатчи талабалар учун касаба уюшмалари стипендиясининг жорий этилгани ёшларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 2014 йилда “Касаба уюшмалари — талабаларга” акцияси доирасида олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган 200 нафар талабага касаба уюшмаси стипендияси жорий этилгани бунинг амалий натижасидир.

Президентимизнинг 2014  йил 6  февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2014 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури ижросига касаба уюшмалари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда. Хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда коллежларнинг иш берувчи корхоналар билан ўзаро алоқалари самарали йўлга қўйилган. Пировардида мазкур корхона, ташкилот ва муассасаларнинг бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан корхонада амалиёт ўтаётган коллеж ўқувчилари ва ишга янги қабул қилинган битирувчиларга моддий ёрдам кўрсатилаяпти. Бинобарин, ҳар йили 35 мингга яқин коллеж битирувчиси ушбу кўмакдан баҳраманд бўлаётгани эътиборга моликдир.  

Умуман айтганда, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, хотин-қизлар, айниқса, ёшларнинг меҳнат муносабатларидаги манфаатларини муҳофаза қилишда долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу эса, шубҳасиз, юртимиз тараққиётини юксалтириш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади. 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn