Она замин гавҳари
  • 21 Август 2014

Она замин гавҳари

Эл орасида “Узумини енгу боғини суриштирманг” деган гап бор. Бу шунчаки кўчма маъно ташувчи ибора. Лекин айни пишиқчилик мавсумида болу шарбатга тўлган неъматлардан татиб, беихтиёр “Бу мевалар қайси боғда битган экан-а?” деб қолишингиз табиий.

Паркент — ана шундай мевазорлари, уста боғбону соҳибкорлари билан машҳур. Айниқса, бу ернинг узумини довруғи етти иқлимга таралган. Қувонарлиси, кейинги пайтларда туманда бу борадаги салоҳият ва имкониятлар янада ошди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 13 мартда қабул қилинган “2013 — 2015 йиллар даврига республикада узумчиликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ҳудудий дастур ишлаб чиқилиб, унинг ижросига киришилди. Қарабсизки, дастлабки йилнинг ўзидаёқ бепоён қир-адирлар, об-ҳавоси кунда тўрт бора ўзгариб турадиган Чотқол тоғ тизмаси этакларида янги-янги лалми токзорлар кўзга ташлана бошлади.

Бултур қарийб 1 минг 500 гектар, бу йил эса 900 гектар лалми майдонда янги узумзор барпо этилди. Кўчатлар тумандаги 4 фермер, 20 дан ортиқ деҳқон хўжаликларида етиштирилди. Айрим хўраки навлар эса М. Мирзаев номидаги Ўзбекистон боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтидан келтирилди. Умуман, тумандаги боғдорчиликка ихтисослаштирилган 442 та фермер хўжалиги келгуси йилгача узумзорларни 3 минг 300 гектарга кенгайтиришга бел боғлашган. Шу билан бирга, ҳозир 12 та махсус қудуқ қазилиб, лалми майдонларда томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилинмоқда.

— Билсангиз керак, туманимизнинг ўзига хос иқлим шароитида лалми боғдорчилик ниҳоятда истиқболли саналади, — дейди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Суннатилла Хўжааҳмедов. — Бунинг тасдиғини кўплаб фермерларимиз эришаётган натижалардан ҳам кўриш мумкин. Ўтган йили боғбонларимиз аҳоли дастурхонига ва хориж бозорларига 55 минг тонна узум етказиб бердилар. Лалми майдонлардан 100 центнерга етказиб узум узилди. Суғорилмайдиган ернинг ҳар гектаридан 10 тонна сара ҳосил олинди. 

Деҳқончасига хомчўт қилиб кўрайлик. Демак, 3 минг 300 гектар янги токзор ҳосилга кирганда, 33 минг тонна узум беради. Унинг ҳар килограмми ўртача минг сўмдан сотилса, шунинг ўзидан 33 миллиард сўм даромад олиш мумкин. Ҳосил ташқи бозорга чиқарилганда эса бу кўрсаткич 4-5 баробар кўпаяди. Илгарилари лалми майдонларда дон-дун етиштириб, гектар бошидан аранг 1-1,5 тонна ҳосил кўтарилгани инобатга олинса, мазкур ташаббус нечоғлиқ аҳамиятли экани янада ойдинлашади. 

Бу — масаланинг бир томони. Яна бир муҳим жиҳати, боғдорчиликнинг меъёрий талабидан келиб чиқиладиган бўлса, шунча майдондаги токзор камида 4 минг кишини доимий иш билан таъминлаш имконини беради. 

...Паркентдан чиқиб, катта йўл бўйлаб тепага одимларкансиз, икки томондаги ям-яшил водий — Заркент қишлоғининг уфққа туташиб кетган токзорлари тароватидан кўзингиз қамашади. Шундай қақроқ майдонларда ер бағирлаб, илонизи бўлиб ўсаётган навниҳолларни кўриб, ҳайратга тушасиз, табиатнинг саховатигаю деҳқоннинг омилкорлигига лол қоласиз.

“Бакир-Зуфар” фермер хўжалиги раҳбари Бакир Эргашевнинг ана шу қир-адирлар билан “тиллашиб” келаётганига қирқ йилдан ошди. Заркентнинг машҳур боғлари гуллаб-яшнашида меҳнати сингиган соҳибкор лалми ерларда боғ-роғлар тиклаш ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади. Ўзи ҳам 9 гектар ана шундай майдонда мевазор, 2 гектар яйдоқ жойда янги токзор барпо этди. Тажрибали боғбондан суғорилмайдиган ерда кўчат кўкартириш сир-асрорларини сўраганимизда, “Бизнинг заркентлик деҳқонлар аҳд қилса, томга узум экиб, ҳосилни бўғотнинг остидан тортиб олади”, дея гапни мутойибадан бошлади.

— Биласизми, ҳар бир боғбоннинг фақат ўзигагина маълум сирлари бўлади, — дейди фермер. — Барибир ҳамма гап меҳр ва иштиёқ билан меҳнат қилишда. Ахир давлатимиз шунча майдонни боғ қил, ўзинг ҳам, атрофингдагилар ҳам фойда кўрсин, деб бизга ишониб топшираяпти. Кўчат керакми — бор, техника керакми — мана, кредит керакми — марҳамат! Тирикчилиги ер билан бўлган инсонга бундан ортиқ яна қандай имконият керак? 

Дарвоқе, заркентлик соҳибкорлар узум етиштиришда “чилла сақлаш”га алоҳида эътибор қаратарканлар. Айтишларича, саратоннинг авжи 40 куни мобайнида — узум айни ҳосил тугиб, шира йиғаётган пайтда токни мутлақо “безовта” қилиб бўлмасмиш. Бу вақтда токқайчи тутиб, узумзор оралаш, бачки навдаларни қирқиш, дорилаш ва ҳатто... токзор яқинида ортиқча шовқин-сурон кўтариш ҳам мумкин эмас экан. Акс ҳолда токлар ялпи касалликка чалиниб, ҳосил чўғи ва сифати пасаяркан... 

— Узумчилик жуда нозик иш, — дея суҳбатга қўшилади “Лола Қорақалпоқ” фермер хўжалиги раҳбари Руҳиддин Норматов. — Шу боис боғбонлар орасида “Узум  ўзим дейди”, деган гап юради. Бундан билаверингки, бир бош узумни узишдан аввал боғбон уни камида уч бора силаб-сийпаган  бўлади. 

...Асад оёқлади — Заркент кишмишига ранг кирди. Шоир айтмоқчи, бобоқуёш ток “сочи”ни нурдан тараб, зангининг бўйнига маржон шодаларини осди. Шабнамли япроқлар остидан “термилиб” турган янги ҳосиллар ризқимиз бутунлиги, дастурхонларимиз файзи, деҳқоннинг топганига барака кираётганидан дарак эмасми, аслида? 

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn