Тажрибага суянган деҳқон ютқазмайди
  • 21 Август 2014

Тажрибага суянган деҳқон ютқазмайди

Асад, яъни август ойи пахтакорларни жиддий синовдан ўтказадиган масъулиятли даврдир. Чунки пахтачиликда айни шу паллада бажариладиган юмушларнинг аҳамияти, айниқса, беқиёс бўлиб, ғўза агротехника талабларига изчил амал қилиб парваришланса, унинг ривожи тезлашиб, шоналар гулга, гуллар кўсакларга айланади. Бўлиқ кўсаклар эса ой охирларида очилиб, лўппи-лўппи пахта бўлади.

Шу боис бугун деҳқону фермер, механизатору мироб, қўйингки, барча қишлоқ меҳнаткашлари далада танда қўйишган. Бизнинг фермер хўжалигимиз жамоаси ҳам 113 гектар ерда парваришланаётган ғўзанинг “Омад” навидан баракали хирмон кўтариш ниятида агротехника тадбирларини сифатли ўтказишга жиддий эътибор қаратмоқда. Натижада шу пайтгача 7 марта культивация қилиниб, минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилди. Суғориш тадбири эса “шарбат” усулида ўтказилиб, экинларга маҳаллий ўғит берилаяпти. 

Бироқ “Энди ҳаммаси жойида” қабилида иш тутиб, хотиржамликка берилиш ярамайди. 70 гектар ерда уруғлик пахта етиштираётганимиз зиммамиздаги масъулиятни янада оширмоқда. Шу боис экинни культивация қилиш, суғориш, бегона ўтлардан тозалаш, зараркунандалардан ҳимоялаш тадбирларини ўз вақтида бажараяпмиз. 

Тажрибадан маълумки, культивацияни бир кун кечиктириш ҳам зарар. Акс ҳолда, бунинг оқибатида жўяклар қуриб, юзаси ёрилади ва ғўзанинг илдизлари шикастланади. Бундан ташқари, намлик тез йўқотилиб, гул ва ҳосил тугунчалари тўкилиб кетиши мумкин. 

Мутахассислар тавсияси, қолаверса, ғўза майдонларининг бугунги ҳолатини инобатга олган ҳолда, қатор ораларини яна 2 марта юмшатмоқчимиз. Бу жараёнда культиватор ишчи органларини яхшилаб “балиқ сирти” қилиб ўраб, ғилдираклар олдини суйри қилиб ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Нега деганда, тадбир асносида ғўза шохлари ва ҳосил нишоналарига зарар етказилмаслиги лозим. 

Айтганча, бу йил ғўзани қўшқатор усулида экканмиз. Бунинг афзаллик жиҳати шундаки, ниҳоллар кўплиги эвазига ҳосилдорлик ортади.  Чунки ҳар гектар майдонда ўртача 150 мингтагача ниҳол сақлаб қолинади. Ушбу технологиянинг нозик томонлари ҳам йўқ эмас. Масалан, ғўза қатор ораларига август ойида техника ва ишчи кучлари киритилмай қўйилса, ғўзанинг димиқиб, кўсаклар моғорлаб чириши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳосил тақдири ҳал бўладиган шу кунларда қатор оралаб юриб, ён шохларни чилпиш билан бирга, ғўзаларни “варақлаш” муҳим аҳамиятга эга. Бу ғўза бағрига шабада югуриб, кўсакларнинг моғорламасдан эрта ва тўлиқ очилишини таъминлайди.

Сув тарашда эса обиҳаётни “югуртириб”, енгил суғорган маъқул. Сабаби, озгина эътиборсизлик қилинса-ю, кўллатиб қўйилса борми, ғўза ғовлаб кетиб, кўсак сийраклашади. Қолаверса, кўсак пўсти қалинлашиб, унинг очилиши қийинлашади. 

Хуллас, август ойи ҳосил салмоғини ошириш учун энг қулай, айни пайтда, ўта масъулиятли давр ҳисобланади. Буни ёдида тутиб, тажрибасига суяниб иш тутган деҳқон асло ютқазмайди. Бугунги тинимсиз ҳаракатлар эртага, албатта, ўз самарасини кўрсатиб, баракали ҳосил йиғиштириб олинади. 

Элибой ТАНИЕВ,

Пастдарғом туманидаги 

«Умсин момо» 

фермер хўжалиги раҳбари, 

«Эл-юрт ҳурмати» 

ордени соҳиби, 

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган пахтакор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn