Оилалар турмуш фаровонлиги ошмоқда
  • 20 Август 2014

Оилалар турмуш фаровонлиги ошмоқда

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Оила ва ахлоқ” мавзуида ўтказилган сўров мамлакатимизда истиқлол йилларида оилаларнинг фаровонлиги ошиб, маънавий-ахлоқий негизи мустаҳкамланиб бораётганини яна бир бор кўрсатди.

Натижалар мамлакат фуқаролари, айниқса, қишлоқ аҳолисининг мутлақ катта қисми (респондентларнинг 92,3 фоизи) ўз оиласини бахтли деб билишини намоён этди. Айни чоғда давлат томонидан оилалар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, деган фикрга эга ҳамюртларимиз сони кўпайиб бораяпти. Чунки тадқиқот натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 95,1 фоизи ана шундай қарашда эканлигини баён этди. Ваҳолонки, бундай кўрсаткич 2013 йилда 89,6 фоиз, 2012 йилда эса 85,5 фоизни ташкил қилганди. 

Шундай қилиб, энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллигимизнинг 23 йиллик шодиёналари арафасида ўтказилган сўров натижалари жамоатчилик орасида оила ва у билан боғлиқ қадриятлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир, деган ёндашув етакчилик қилаётганидан далолатдир. 

Маълум бўлдики, жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитнинг шаклланишига энг кўп таъсир этадиган ижтимоий институт оиладир. Респондентларнинг 90,6 фоизи шуни қайд этишган. Қолган ўринлардан маҳалла (52,2 фоиз), таълим муассасалари (47,6 фоиз), ижтимоий муҳит (30,9 фоиз), ОАВ, жумладан, телевидение (26,2 фоиз) жой олган.

Социологик тадқиқот натижалари фуқаролар мамлакатимизда давлат томонидан маънавий-ахлоқий соҳада олиб борилаётган сиёсатга нисбатан ижобий фикрда эканлигини яна бир бор тасдиқлади. “Истиқлол йилларида давлат томонидан жамиятда ушбу йўналиш равнақига алоҳида эътибор қаратилмоқдами, у қўллаб-қувватланаяптими?” деган саволга иштирокчиларнинг 94,2 фоизи ижобий жавоб қайтарган.

Тадқиқотда мустақиллик йилларида халқимиз миллий ўзликни англашда катта ютуқларга эришгани айтиб ўтилди. Унга мувофиқ, бу борадаги асосий тамойиллардан бири қадриятлар ва халқимиз урф-одатларига асосланган миллий ғурурдир. Буни иштирокчиларнинг 55,9 фоизи тасдиқлаган. Ўз навбатида, респондентларнинг 54,9 фоизи она тили, 53,5 фоизи Ватанга муҳаббати, 46,4 фоизи ўз халқи ва унинг ҳамжиҳатлигига дахлдорлиги, 37,3 фоизи ўз миллати тарихидан фахрланиш туйғуси асосида миллий ўзига хослигини ҳис этиши маълум бўлди. 

Юртдошларимизнинг мутлақ катта қисми (респондентларнинг 91 фоизи) ўзбек оилаларида миллий ўзликни англаш у ёки бу даражада шаклланганини айтиб ўтди. У халқимиз ва буюк аждодларимизнинг бой илмий, адабий, маънавий-ахлоқий  мероси, меҳнатсеварлик, меҳмондўстлик, тинчликсеварлик каби фазилатларга асосланади. Сўров якунларига биноан, ўзбекистонликлар учун оилада фарзанд тарбиясида катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, собитқадамлик, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик устувор йўналишлардир.

Бундан ташқари, ёш авлод ота-оналарнинг ҳаётга қараши ва муносабатини асосий қадрият деб билади, оилада катталар болалар тарбиясида салмоқли роль ўйнайди, деб ҳисоблайди.    

Тадқиқотда иштирок этганлар мустақиллик йилларида республикамизда олий таълим олишга интилиш кучайгани ва бунинг учун барча шароит яратиб берилганини эътироф этди. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, таълим тизими тубдан ислоҳ қилингани, ижтимоий бандликни таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани шарофати билан халқимизнинг фарзандлар келажагидан кўнгли тўқ, ишончи баланд. 

Ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш — давр талаби. Сўровга кўра, боланинг интеллектуал, руҳий, ахлоқий ва жисмоний улғайиши учун бир хилда эътибор қаратиш лозим. Тадқиқот натижалари давлатимиз раҳбарининг болалар спорти, умуман, соғлом турмуш тарзини ривожлантиришга қаратилган стратегияси жамоатчилик томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини яна бир бор намоён этди. Бундай эзгу ният “Соғлом бола йили” Давлат дастурида ҳам ўз инъикосини топгани алоҳида таъкидланди.

Тадқиқот давомида фуқароларнинг мутлақ катта қисми ажралишлар ва фуқаролик никоҳларига салбий муносабатда эканлиги маълум бўлди. Улар оилаларнинг бузилиши ўзбек халқининг маънавиятига тўғри келмайди, бу нафақат болалар руҳияти, балки уларнинг таълим-тарбиясига ҳам ёмон таъсир кўрсатади, деб билади.

Мухтасар айтганда, истиқлол йилларида Ўзбекистон аҳолиси учун оила асосий ҳаётий қадрият ва ҳар томонлама етук авлодни камол топтиришнинг муҳим омилига айланди. Ўзбекистонликларнинг эътироф этишича, Юртбошимиз томонидан оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор, кўрилаётган чора-тадбирлар шарофати билан хонадонларнинг моддий аҳволи, турмуш шароити изчил яхшиланмоқда. 

«Ижтимоий фикр»

маркази материаллари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn