«Soliq» мобиль иловаси ишлаб чиқилди
  • 20 Август 2014

«Soliq» мобиль иловаси ишлаб чиқилди

Солиқ тўловчиларга интерактив давлат хизматларини янгича кўринишда,  “Android” ва “Apple iOS” операцион тизимларида ишлайдиган смартфон ва бошқа замонавий мобиль алоқа воситалари орқали тақдим этиш мақсадида “Soliq” мобиль иловаси ишлаб чиқилди.

У орқали Давлат солиқ қўмитасининг 20 га яқин  турдаги интерактив  ва бошқа электрон хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Эндиликда солиқ тўловчи мазкур дастур кўмагида мобиль воситалари (смартфон ва планшетлар) орқали исталган жойда ва ҳар қандай вақтда ўзи учун зарур маълумотга эга бўлиши мумкин. Бунинг учун “Soliq” мобиль иловасини ўрнатиш кифоя.

Мобиль илова ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилган бўлиб, келгусида унинг инглиз тилидаги версиясини ҳам яратиш назарда тутилган. 

Дастур ўз эгаларига қўмита фаолиятидаги сўнгги янгиликлар, шунингдек, солиқлар билан боғлиқ ахборотларга эга бўлиш имкониятини тақдим этади.

Дарҳақиқат, ушбу илова фойдаланувчилар учун ҳар томонлама қулай ва самаралидир. Уни смартфонга ўрнатиб, тегишли солиқ қарздорлиги, ўз солиқ инспекцияси ҳақидаги малумотларга эга бўлиш, СТИРни аниқлаш, солиқ соҳасидаги долзарб саволлар ва уларга бериладиган жавоблар билан танишиш, мавзулар юзасидан солиқ органларининг расмий тушунтиришлари билан танишиш, имтиёзлар маълумотномасидан фойдаланиш, солиқ органлари қабулига ёзилиш, бизнесни ташкил этиш бўйича маслаҳатлар олиш, текширишлар режа-жадвали билан танишиш ва бошқа қатор зарур маълумотларга эга бўлиш мумкин.

Иловадаги ўзгаришлар ёки унинг янги версиялари ҳақида “push-хабарномалар” ёрдамида хабардор этилади.

“Soliq” мобиль иловаси 2.2 ва ундан юқори версиядаги “Android” (API 8+) операцион тизими, шунингдек, 4.0 ва ундан юқори версиядаги “iOS” операцион тизими бошқарувидаги воситаларда, яъни “iPad”, “iPhone 3GS”, “iPhone 4(S)”, “iPhone 5”нинг барча версияларида ишлайди.

Қисқача айтганда, “Soliq” мобиль иловаси давлат хизматларини интерактив режимда тақдим этиш, уларнинг турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш мақсадида яратилган бўлиб, у ҳар бир солиқ тўловчига  соҳага оид зарур маълумотлардан хабардор бўлишда энг яқин кўмакчига айланади.

Музаффарюсуф НАЗАРОВ,

Давлат солиқ қўмитаси

Ахборот хизмати бошлиғи.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn