Фаол ёшларимиз муваффақияти
  • 20 Август 2014

Фаол ёшларимиз муваффақияти

Умид билан экилган ниҳол бўй кўрсатиши, мева бериши муқаррар. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод тарбиясига, уларнинг истеъдодини қўллаб-қувватлашга қаратаётган беқиёс эътибори бугун минглаб ёшларимиз ютуқлари тимсолида яққол намоён бўлаётир. Бу эса кимни қувонтирмайди, дейсиз?!

“...Яқинда Вьетнамда кимё фани бўйича Бутунжаҳон олимпиадаси бўлиб ўтди. Беллашувга бораётиб, самолётга чиққан пайтимдаёқ жонажон Ўзбекистонимизни соғиниб қолдим. Мусобақа бошланишидан олдин, албатта, совринли ўрин олишим керак, ушбу ютуғимни Мустақиллигимизнинг 23 йиллигига бағишлайман, деб чин дилдан ният қилдим. Дунёнинг 75 та мамлакатидан келган 300 нафардан ортиқ билимдонлар иштирокидаги баҳслар якунига етди. Ҳаяжонли дамлар яқинлашди. Не бахтки, мен ушбу мусобақада фахрли ўринлардан бирини эгалладим. Бундан бениҳоя хурсанд бўлдим. Чунки мазкур ютуқ келгусидаги муваффақиятларимга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Қолаверса, бундай нуфузли баҳсларда ўнлаб мамлакатлардан келган вакиллар орасида муносиб иштирок этишимизнинг ўзиёқ Президентимизнинг биз, ёшларга кўрсатаётган улкан ғамхўрлиги туфайлидир”.

Бу сўзлар Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицей 3-босқич ўқувчиси Эъзоза Исаевага тегишли. Унинг ҳис-ҳаяжонга тўла сўзларини қоғозга туширар эканмиз, самимиятга йўғрилган, одобу икром ила айтган ҳар бир гапи диққат-эътиборимизни тортди. 

Фарзанднинг келажакда қайси касбни эгаллаши, қандай феъл-атвор эгаси бўлиши аввалбошдаги тарбиясига, камол топаётган оиласидаги муҳитга боғлиқ. Бу вазифага давлат миқёсида эътибор қаратиш сиёсати эса камдан-кам мамлакатларга хос. Эртамизни ўйлаб, навқирон авлоднинг етук бўлиши йўлида юртимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самараси эса ҳар биримизни қувонтирмоқда. Чунончи, Эъзоза ўқиётган Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицейида бири-биридан иқтидорли ўғил-қизлар кўп. Бу ерда уларга катта тажрибага эга бўлган устоз-мураббийлар сабоқ беришади. Ўтган йиллар давомида ўқувчилар бир қанча хорижий мамлакатларда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида юқори ўринларни эгаллаб, Ватанимиз байроғини баланд кўтаришди. 

—Айрим мамлакатларда ёшлар тақдири ҳеч кимни, ҳатто ота-онасини ҳам қизиқтирмайди, — дейди Эъзозанинг устозларидан бири Ортиқбой Эшонқулов. — Бунинг учун моддий имконият ҳам, маънавий муҳит ҳам йўқ. Минглаб болалар кўча-кўйда сарсон-саргардон. Бизда эса, шукрки, ҳар бир фарзанд доимий эътиборда. Бундай улкан ишончни қадрлаб, бор имконияти ва иқтидорини намоён этаётган Эъзоза Исаева сингари ўқувчиларимиз сафи кенгайиб бораётгани ҳам ҳар биримизни чексиз қувонтиради. 

—Китоб ўқиш, мустақил изланишлар олиб бориш асосий машғулотим, — дейди Эъзоза. — Ёшларга эътибор туфайли мен ўзимни, ўзлигимни кашф қилдим. Келгусидаги мақсадим эса эл-юртга нафи тегадиган мутахассис бўлиб, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир. 

Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбари томонидан фарзандларимизга улкан имкониятлар яратиб берилаётганлиги шарофати билан улар шундай ютуқларга эришмоқда. Бу эса келгусида ёшларимизнинг ўзлари қизиққан соҳада етук мутахассис бўлиб камол топишида муҳим аҳамиятга эга. Ўғил-қизлари ардоқланаётган, истеъдодлари муносиб рағбатлантирилаётган юртда яшаётганидан, айниқса, ота-оналар кўпроқ ғурурланишмоқда. Зотан, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор замирида уларнинг маънавий етуклигини таъминлашдек улуғвор мақсад мужассам. Бундай ёндашувнинг ёшларимиз онгига ижобий таъсир этаётгани бу борадаги ислоҳотлар юксак самара бераётганидан далолатдир.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn