Ўзбекистон — бахтли болалар мамлакати
  • 19 Август 2014

Ўзбекистон — бахтли болалар мамлакати

Мустақил юртимизда тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида жамият ҳаётининг барча жабҳаларини янгилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар рўёбга чиқарилмоқда. Хусусан, Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси тараққиётимизда янги босқични бошлаб берди.

Зеро, ушбу дастуриламал ҳужжат асосида амалга оширилаётган чора-тадбирлар парламентнинг ижтимоий ислоҳотлар жараёнидаги роли ва мавқеини юксалтириш ҳамда сиёсий партияларнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини кучайтиришда асосий омилга айланди.

Бугун сиёсий партиялар фракциялари нафақат қабул қилинаётган қонунларда ўз электорати манфаатларини илгари сураётир, айни пайтда амалдаги қонун ҳужжатлари, ижтимоий-иқтисодий давлат дастурлари ижроси устидан парламент назоратини ўрнатишда ташаббус кўрсатиб келмоқда. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциялари ташаббуси билан халқ таълими вазирининг мактабгача таълим тизимини янада ривожлантиришга доир ишларнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Мазкур парламент эшитувига сиёсий партиялар фракциялари аъзолари қизғин ҳозирлик кўрди. Бу борада сўнгги йилларда парламентнинг назорат ваколати кенгайтирилгани, хусусан, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар муҳим пойдевор бўлди. Зеро, бу янгиланишлар депутатларда ташаббускорлик ва масъулиятни янада кучайтиришга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир. Бинобарин, улар томонидан соҳадаги қонунчилик таҳлил қилинди, сайловчилар билан учрашувларда тушган таклиф ва тавсиялар тизимли кўриб чиқилди. Қолаверса, Олий Мажлис қуйи палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида ўтказилган назорат-таҳлил тадбирлари, парламент эшитувлари натижалари ҳамда қўмита қарорларининг ижроси атрофлича ўрганилди. “Халқ сўзи” мухбири парламент эшитувидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Мактабгача таълим бўлими бошлиғи С. Миржалилова билан бу борада амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.

— Бугун Ўзбекистон таълим тизими эришган ютуқ ва марралар халқаро илмий доиралар, экспертлар, нуфузли ташкилотлар эътирофига сазовор бўлмоқда. Бунда, шубҳасиз, юртимизда узлуксиз таълим тизими ва унинг мустаҳкам ҳуқуқий асослари яратилганлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Албатта, истиқлол йилларида таълим тизимини ислоҳ этиш давлат ижтимоий сиёсатининг марказидан жой олди. Чунончи, “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури қабул қилинди. Пухта ўйланган тизим асосида соҳанинг тубдан янги, асосланган, миллий модели яратилди. Мактабгача таълим муассасалари фаолияти ҳам ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ, илгариги боғчалардан бутунлай янгича талаблар асосида ишлайдиган, катта мавқе ва мақомга эга илм ва тарбия масканларига айланди. Натижада мактабгача таълим муассасалари навқирон авлодни мактабга тайёрловчи маскан сифатида янгича қиёфа касб этди, таълим тизими пойдеворига айланиб, жадал ривожланиш босқичига кирди. Бу йўлда, аввало, Мактабгача таълим концепцияси, Мактабгача таълимга қўйиладиган давлат талаблари ишлаб чиқилди. Улар асосида болани ҳар томонлама етук қилиб вояга етказиш учун зарур тамойиллар белгиланди. Хусусан, “Болажон” таянч дастури яратилди. Шуларга мос равишда соҳа ходимларининг малакасини оширишга алоҳида ёндашилди, замонавий ва синовдан ўтган методлар ҳаётга жорий этилди. 

Мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли чоралар кўрилди. Ҳозир республикамизда жами 4950 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларни капитал таъмирлаш учун 2012 йилда 8,6 миллиард, ўтган йилда 13,5 миллиард сўм сарфланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 46,1 миллиард сўм этиб белгиланди. Шунингдек, мебель жиҳозлари учун икки йил олдин 1,6, 2013 йилда 1,9 миллиард сўм ажратилди. Бу йил эса 7,4 миллиард сўм сарфланиши кўзда тутилаётир. Буларнинг бари фарзандларимиз таълим ва тарбия олиши учун барча шарт-шароит муҳайё этилаётганидан далолатдир. Йилдан-йилга ушбу мақсадлар учун берилаётган бюджет маблағлари миқдори ўсиб бораётгани эса тизимга давлат томонидан катта эътибор қаратилаётганининг ёрқин ифодасидир.

Мактабгача таълим муассасаларида ташкил этилган чет тилларни ўргатиш, спорт ва бадиий йўналишдаги тўгараклар болаларнинг иқтидорини юзага чиқаришда айни муддао бўлмоқда. Ҳозирги кунда республикамиздаги мактабгача таълим муассасаларининг барчасида чет тили, 1952 тасида бадиий гимнастика, 1313 тасида шахмат, 3578 тасида шашка тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Айни чоғда 2825 та муассасада маънавият хоналари, 477 тасида музейлар ташкил этилган. Улар болаларга халқимизнинг бой анъаналари ва қадриятлари ҳамда тарихини ўргатишда қўл келмоқда.

— Яқинда бўлиб ўтган парламент эшитуви ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. У мактабгача таълим муассасалари фаолияти самарадорлигини янада оширишда қандай аҳамият касб этади?

— Аввало, ушбу парламент эшитуви Халқ таълими вазирлигининг мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, галдаги долзарб вазифаларни белгилаб олишда айни муддао бўлганлигини айтиш зарур. Гап шундаки, эшитувда эришилаётган ютуқ ва натижалар қаторида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларга қамраб олинмаган болаларни мактабга тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Айни чоғда депутатлар сайловчилар билан учрашувларда келиб тушган мурожаатлар асосида қатор масалаларни ўртага ташлади. 

Депутатлар боғчаларга қамраб олинмаган болаларни мактаб таълимига тайёрлаш учун турли муқобил тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга катта эътибор қаратдилар. Масалан, республикадаги мактабгача таълим муассасалари қошида 938 та қисқа муддатли, 1076 та мактаб қошида саводхонлик гуруҳи фаолият юритаяпти. Уларга жами 38496 нафар бола жалб қилинган. Жорий йил сентябрь ойидан эса Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 1220 та қисқа муддатли гуруҳ ташкил этилиши режалаштирилган.

Депутатлар, шунингдек, мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этиш масаласи билан ҳам қизиқишди. Юртимизда бу борада ишни намунали юритиш, ҳафталик ва кунлик таомномаларни тузишда бола организмининг ўсиши ва ривожланишини ҳисобга олиш, таомларнинг сифатли, етарли калорияда бўлиши учун барча имконият ишга солинаяпти. Жорий йилда ҳар бир боланинг кунлик овқатланишига сарфланадиган маблағ 2013 йилдагига нисбатан 9 фоиз оширилгани бунга бир мисолдир.

Парламент эшитувида бозор муносабатлари ва мулкчиликнинг турли шакллари ривожланиши мактабгача таълим жараёнини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш имконини бериши қайд этилганди. Бугунги кунда Давлат тест марказидан лицензия олиб, фаолият юритаётган 75 та нодавлат мактабгача таълим муассасасида 4485 нафар тарбияланувчи қамраб олинган. Ушбу даргоҳлар мунтазам равишда янги методик адабиёт ва қўлланмалар билан таъминланмоқда. Дарҳақиқат, нодавлат мактабгача таълим муассасаларини янада ривожлантириш, яъни соҳага хусусий тадбиркорлик субъектларини фаол жалб қилиш — болаларнинг мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга ёрдам беради. Нодавлат секторнинг кенгайтирилиши мактабгача таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улардаги ўқув-тарбия ишларини яхшилашга кўмаклашади. Биз бу борада амалиётни чуқур таҳлил қилиб, тегишли чоралар ишлаб чиқишни режалаштирмоқдамиз.

Шунингдек, тадбирда депутатлар томонидан тизимдаги педагог ходимлар маҳоратини илғор усуллар орқали мунтазам ошириб бориш механизмини яратиш, ахборот-коммуникация технологияларини таълим-тарбия жараёнига кенг татбиқ этган ҳолда, узлуксиз методик хизмат кўрсатиш ишларини такомиллаштириш масаласида ҳам тавсиялар берилди. Фикримизча, вазирлик томонидан бу борада кўриладиган тегишли чора-тадбирлар мактабгача таълим тизимини янада равнақ топтириб, мазмун ва сифат ўсишига хизмат қилади. Мактабгача таълим муассасалари педагогларига малака тоифалари бериш ҳамда аттестациядан ўтказиш тартиб-қоидаларини маромига етказиш эса, албатта, ходимлар масъулиятини янада оширади.

Депутатлар мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинмаган  болаларни мактаб таълимига тайёрлашда ота-оналарнинг педагогик-психологик билимларини ошириш мақсадга мувофиқлигини алоҳида қайд этишди. 

Эшитув якуни бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди. Унда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, соҳанинг ҳуқуқий асослари, моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, уни ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш, нодавлат мактабгача таълим муассасалари тармоғини ривожлантириш, кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомилига етказиш, моддий рағбатлантиришни кучайтириш масалалари ўрин олди. Буларнинг барчаси ҳозирги кунда ишлаб чиқилаётган “2015 — 2020 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш бўйича давлат дастури”ни ҳар томонлама пухта ва пишиқ тайёрлашда қўл келади. Ушбу дастурнинг қабул қилиниши ва амалиётга жорий этилиши эса жабҳадаги барча ишларни янада жонлантириб, соҳанинг юксалиши, пировардида ҳар томонлама баркамол, соғлом авлодни вояга етказишга хизмат қилади.

Саиджон МАХСУМОВ 

суҳбатлашди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn