Ҳамжиҳатликнинг амалий ифодаси
  • 19 Август 2014

Ҳамжиҳатликнинг амалий ифодаси

Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига гувоҳ бўласиз. Энг улуғ, энг азиз айёмимиз — мамлакатимиз мустақиллиги байрами тобора яқинлашиб келгани сайин бундай ишлар кўлами янада кенгайиб, янгича суръат олмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фармойишига биноан, жорий йилнинг августи юртимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги ҳамда 16-17 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари деб эълон қилиниши муносабати билан жойларда кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари бажарилиб, қишлоқ ва шаҳарларимиз янада чирой очди. Умуман, диёримизнинг барча ҳудудлари обод ва ораста бир кўринишга келтирилди. Шу жумладан, бир нечта янги иншоотлар, хиёбонлар ва болалар спорт майдончалари ишга туширилди. 

Истиқлолнинг 23 йиллиги байрами олдидан ўтказилган мазкур умумхалқ хайрия ҳашарида республикамиздаги барча ташкилот, корхона ва муассасалар ишчи-ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари, қисқача айтганда, ёшу қари бирдек фаоллик кўрсатди.

Мазкур тадбирда салкам 17 миллион 500 минг нафар киши, шу жумладан, қарийб 11 миллион нафарга яқин ёшларимиз қатнашдилар. Уларнинг саъй-ҳаракати билан 38 минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди ва 24 минг 700 километрдан зиёд ариқ-зовурлар тозаланди. Хусусан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ва унинг ҳудудий тузилмалари, юртимизда мавжуд 10 мингга яқин фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан маҳаллалар, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва ҳовлилар ён-атрофлари ҳамда гузар, хиёбон, зиёратгоҳ ва қабристонлар, шунингдек, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилди. Биргина мисол: диёримиздаги 1101 қадамжо ва зиёратгоҳ ободонлаштирилди. Шу билан бирга, 17 миллион тупдан зиёд дарахтларга шакл берилди. Ҳудудларни маиший ва қурилиш чиқиндиларидан тозалаш юмушлари ҳам ҳамжиҳатликда амалга оширилди. 

— Мазкур умумхалқ хайрия ҳашарида кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари уюшқоқлик билан бажарилди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви бўлим бошлиғи У. Маҳмудов. — Ҳашар куни маҳаллаларда кўплаб ижтимоий объектлар ишга туширилди, болалар спорт майдончалари фойдаланишга топширилди, бир қатор маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари таъмирланди, маҳалла гузарлари барпо этилди. Мисол учун, Поп туманидаги “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинида аҳолига хизмат кўрсатувчи шохобча фаолиятини бошлаши ҳисобига 15 нафарга яқин ёшлар доимий иш ўринларига эга бўлди. 

Шунингдек, Урганч шаҳридаги “Феруз”, “Байналмилалчи”, “Гулчилар”, “Олмабоғ” ва “Кўҳнақалъа”,  Қарши шаҳридаги “Шайхали — 1”, Пискент туманидаги “ўайрат” маҳалла фуқаролар йиғинларининг бинолари замонавий талаблар асосида қайта қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ”, Когон туманидаги “Янги ҳаёт” қишлоқ фуқаролар йиғинлари, Асака туманидаги “Ўзбекистон” ва “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари таъмирланиб, чор-атроф ободонлаштирилди.   

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманидаги 1 ва 5-сонли, Нукус шаҳридаги “Навбаҳор”, “Гулзор”, “Хива йўли”, Жиззах туманидаги “Учтепа” маҳалла фуқаролар йиғинлари  ҳудудидаги спорт майдончалари жорий таъмирланди. Риштон туманидаги Алишер Навоий номидаги, Ўзбекистон туманидаги “Яйпангузар” маҳалла фуқаролар йиғинларида болалар майдончалари қурилиб, фойдаланишга топширилгани байрам арафасида болажонларга муносиб туҳфа бўлди.

Ҳашарда “Соғлом бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган устувор вазифалар, хусусан, эҳтиёжманд фуқаролар, кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар, ногиронларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди. Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг, кекса ва ногиронлар, ёлғиз қарияларнинг қарийб 562 минг квадрат метрга яқин ҳажмдаги уй-жойлари таъмирлаб берилди, шунингдек, эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди. Мазкур хайрия тадбирларига жами 3 млрд. 378 млн. сўм маблағ сарфланди.

Мухтасар айтганда, республикамизда ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашари эзгулик ва ҳамжиҳатликнинг амалий ифодаси бўлди. Айни чоғда амалга оширилган хайрли юмушлар, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бутун йил мобайнида изчиллик билан давом эттирилади. 

Зиёда АШУРОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn