Иқтидорли ёшлар танлови
  • 19 Август 2014

Иқтидорли ёшлар танлови

Қашқадарё вилоятидаги “Лочин” оромгоҳида “Юрт келажаги — 2014” республика иқтидорли ёшлар танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда 606 нафар иқтидорли ўғил-қиз орасидан 48 нафар ғолиб саралаб олинди.

Умуман, мамлакатимизнинг турли бурчакларидан келган иқтидорли ёшлар учун “Лочин”да ўтган бир ҳафта унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Иштирокчилар ўз лойиҳаларини янада бойитиш билан бирга, турли соҳа мутахассислари томонидан тақдим этилган маҳорат дарслари, семинар-тренинглар, маданият ва санъат соҳаси вакиллари билан учрашув ҳамда анжуманларда қатнашдилар, махсус ишлаб чиқилган интерактив дастурлар асосида ўз ғояларини амалиётда қўллаш усулларини ўргандилар. 

Бу йилги танловда қатнашчилар ўз билим ҳамда иқтидорини архитектура ва дизайн, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ҳамда техник ишланмалар, миллий ва амалий санъат, бадиий ижод ва публицистика каби ўн олтита йўналиш бўйича намойиш этишди. Танлов доирасида ўтказилган илмий-амалий анжуманлар, семинарларда ёшларнинг инновацион лойиҳалари ва илмий ишланмалари атрофлича таҳлил қилинди. 

14 август куни “Юрт келажаги” танлови иштирокчилари ҳакамлар ҳайъати аъзолари, таниқли олимлар, мусаввирлар, санъат ва маданият намояндалари олдида ўз лойиҳалари тақдимотини ўтказишди. 

Тадбирда сўзга чиққан “Камолот” ЁИҲ Марказий кенгаши раиси Б. ўаниев навқирон авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, ёшларга жаҳон андозалари даражасида таълим бериш ва жамиятимиздаги ислоҳотлар жараёнида уларнинг фаоллигини янада ошириш Президентимиз Ислом Каримов юритаётган сиёсатнинг устувор йўналишлари эканлигини алоҳида таъкидлади. 

— Танловда менежмент, маъмурлаш, ишлаб чиқариш жараёнини ривожлантириш бўйича инновацион таклифлар йўналишидаги лойиҳам билан қатнашдим, — дейди Бухоро давлат университети ижтимоий-иқтисодий факультетининг туризм йўналиши талабаси Жўрабек Бобоев. — Танловга туризм соҳасида кадрлар тайёрлашда ўзига хос менежментни яратишни таклиф қилдим. Лойиҳам туфайли ғолиб бўлганимдан мамнунман. 

ўолибларни тақдирлаш маросими ижодкор ёшлар ва таниқли эстрада хонандалари ижросидаги концерт дастури билан якунланди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э. Боситхонова сўзга чиқди.

А. МУҲАММАДИЕВ. 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn